Ахтамқули Каримов таваллуд топган кун
Ахтамқули Каримов таваллуд топган кун
Ахтамқули – Ахтамқули Каримов 1964 йил 20 март куни Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шотирўд қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий Адабиёт курсида таҳсил олган. Айни дамда “Тонг юлдузи” газетасининг бўлим муҳаррири бўлиб ишлайди.
Унинг “Бодомгинам” (2003), “Қорачиқда асраганимсан” (2005), “Баҳоримдан кечиккан гул” (2007), “Қирқ ғазал” (2009), “Бошимда осмон айланар” (2014), “Қароғимда гуллайди Ватан” (2016), “Сўз чамани” (2020) номли шеърий ҳамда “Ибратли ҳаёт” (2005), “Бахт излаган Одам” (2007), “Яккабоғда улғайган чинор” (2013) номли биографик қисса ва “Тоғлар ҳам қарийди” (2012), “Лолазорим Шотирўд” (2020) номли ҳикоялар тўпламлари чоп этилган.
Васила Эрматова.
БАҲОР МЕНИ ҚУТЛАШГА КЕЛДИ!
Қуёш, қайноқ меҳрингни туйдим,
Ҳаёт, сени онамдек суйдим,
Лолаларнинг тафтидан куйдим,
Баҳор мени қутлашга келди!
Ялпиз сувга айтди тушини,
Унга бердим кўнгил қушини,
Болам, қара тақдир ишини,
Баҳор мени қутлашга келди!
Гулни ўпиб, юзин намладим,
Ёноғидан соғинч жамладим,
Кўзларимда ғазал дамладим,
Баҳор мени қутлашга келди!
Унутмайман йигирманчи март,
Онам учун келтиргандим дард,
Шу кунни деб қувонмоғим шарт,
Баҳор мени қутлашга келди!
Йўлларимда гул сочар ўрик,
Англамайман бу қандай кўрик,
Боларига бўлибман шерик,
Баҳор мени қутлашга келди!
Андалиблар тонгда айтди роз,
Борми бундан ортиқга эъзоз?!
Юрагимни чечакзорга ёз,
Баҳор мени қутлашга келди!
Туни билан диллашган далам,
Сен ақлимдан оздирган қалам,
Кулбангга ўт қўярман алам,
Баҳор мени қутлашга келди!
Баҳор бизни қутлашга келди.
Ахтамқули