“Соғинч шивирлари”
Юрак ярасидан силқиётган сўз
Нега ҳамиша кўксимизда бир денгиз сузиб юради, нега доимо унда ёмғир тўла осмон адашгани адашган.
Одам зоти борки, мудом бахтга талпинади. Бахтга етканимизда эса у чиройли жилмайиб дейди:
Агар қайғунинг бир томчиси менга қўшилмаганида эди, бу қадар қадрли бўлмасдим...
Шоирлар кўнглида ҳам мангу уйғоқ бахт ва қайғунинг ширин шивирлашлари бор. Энг қизиғи, ҳар қандай ёруғ шеърда ҳам чиройли ғамнинг сузиб юрганини илғаймиз.
Зилоланинг янги тайёрлаган “Соғинч шивирлари” номли китобидаги шеърларини ўқиб, ғам ва севинчнинг, умид ва ундан олисдаги аллақандай туйғунинг куйини тинглагандай бўлдим. Шоира анча йиллардан буён ёзади, балки шунинг учун бўлса керак, ёзиш услубини яхшигина эгаллаган. Баъзи ўринларда тошиб келаётган кўнглини чегаралаб, жунбушдаги ҳисларини совуққонлик билан хулосалайди. Шеърларининг аксариятида кўзи ёшга тўлган кўнгил мардона жилмайиб туради:
... Бир кун дил тоқига қайтади қуёш,
Ота, шу эмасми, умидли дунё?
Айтишларича, шоирнинг ёзган шеъри ўзига жуда-жуда ўхшар эмиш (Албатта, тўқувчи шоирлар бундан мустасно).
Зилоланинг ёзганларида ҳам бировга айтишга ийманган гўзал сирларини ичига ютган камтар бир аёлнинг суратини кўрса бўлади. У соғинч ҳақида, хиёнат ва мардлик ҳақида кўп ёзади:
... Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз,
Менсиз кунларингиз ўтарми шодон?
Кўксимда бир қучоқ соғинч гуллари,
Сўлиб қолмасидан қайтинг, бегижон...
Албатта ёзиш руҳ билан боғлиқ ҳодиса. Лекин, руҳдан ташқаридаги оламда ҳам шеър бор – бу ҳаётнинг бешафқат шеърлари. Ана шу шеърларни Зилола руҳга суйдиришнинг йўлини топган. Ва шу йўлнинг овозида секингина шивирлаб қўяди:
... Ташқарида ёмғир, дийдамда ёмғир,
Кўксимда ивийди бир туйғу нотинч.
Ё телба қилади бу азоб охир,
Ўлдирса ўлдирар бир куни соғинч...
Инсон замин ва осмоннинг, дарё ва аланганинг соғинчидан туғилади. Шунинг учун ҳам жисму жонимизда, ҳаттоки ҳар бир ҳужайрамизда соғинчнинг рафтори бор. Худди ана шу ҳолатни шоира ўз шеърида қайта кашф этгандай бўлади.
Шеърларни ўқир эканман хаёлимда бир фикр айланади: Шоирада қурб, жунунвор ҳолат, мусаффо қайғу бор бўла туриб, нега у ўз туйғуларини бўрон шиддатидан асрагандай тутади. Балки бу ҳам айтимнинг бир йўлидир.
Шоира бир шеърида:
Дарахтларнинг сирғасин ечиб,
Олиб қочар ўйинқароқ ел.
Деразамдан сездирмай кириб,
Жилмаяди мен суйган апрель.
...Атиргуллар кўйлаги қат-қат,
Қимтибгина ечишар наҳор.
Ширин эртак бошлагин фақат
Муҳаббатдан сўз очма, баҳор,
–дейди ял-ял ёнган юрак билан.
Самимият, ростлик бор бу шеърда. Шунинг учун дилга жуда ёқиб тушади. Китобда бу даражадаги баланд шеърлар талайгина.
Шоиранинг умр ҳақидаги фалсафаси жуда мардона ва теран:
... Умрнинг лаҳзалик эканин сўйлар,
Отамнинг устунда қолган чопони.
Йўқ, бу айтим тушкунликка туширмайди. Аксинча, бир лаҳзалик умрда сизни курашиб, порлаб яшашга чақиради.
Аслида яхши шеърлар юрак ярасидан силқиётган сўз эвазига яралади. Ана шу дарднок ва ёруғ сўзга бўлган ишқ Зилолани тарк этмасин ва “Соғинч шивирлари” ҳар бир ўқувчи қалбида акс-садо беришини тилаб қоламан.
Ҳалима АҲМЕДОВА