ХХ аср ўзбек шеъриятининг ўзига хос вакили, миллатпарвар шоир - Шавкат Раҳмон (Раҳмонов Шавкат) 1950 йилнинг 12 Сентябрь куни Ўш вилоятидаги Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида хизматчи оиласида туғилган.
1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, қурилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлайди. 1973 йилда Москвадаги М. Горький номидаги Адабиёт институтини битиргач, Тошкентга келиб, Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи (1975-82; 1985-90), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим бўлиб ишлайди (1982-84).
У шоир сифатида ўзининг такрорланмас овози билан тенгдошларидан ажралиб турарди.
Унинг «Рангин лаҳзалар» (1978), «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби шеърий тўпламлари нашр қилинган. Шоирнинг ўзи тайёрлаган «Сайланма» тўплами вафотидан сўнг 1997 йили нашр этилган.
Шавкат Раҳмон сўзнинг бадиий имкониятларини кенгайтириш, фикр ва туйғунинг ботиний ҳаракатини ифодалаш усул ва воситаларини топиш мақсадида кутилмаган мажозий образлардан, қиёслардан самарали фойдаланган, бармоқ вазнининг анъанавий ўлчовларини бузиб, ритм ва оҳангга эркин муносабатда бўлган, шеъриятда бадиий фалсафий тасвирга урғу берган. Шоир шеърияти ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек адабиётида кучли оқимни ташкил этган лирик-фалсафий, исёнкорлик руҳидаги асарлар сирасига киради.
Шавкат Раҳмон испан шоирлари Ф. Г. Лорка, Х. Р. Хименас, Р. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Шавкат Раҳмон 1996 йилда вафот этган.
БАХТ СЎЗИ
Бахтиёрман деган биргина сўзни Айтиш учун керак қанча куч-чидам, Гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги, Гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин бу сўз кимгадир, Тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига, Қандоқ бардош бериб яшайман кейин Бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин, Айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб, Элнинг бахти учун умрини тиккан Шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим, Ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ. Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим, Бахт сўзин айтаман, элдан кейинроқ.