БАҲОР БЎЛИБ КЕЛ…


Минҳожиддин МИРЗО

БАҲОР БЎЛИБ КЕЛ…

Сабзаларга буркаб кўнглим диёрини,
Умидим ғунчаси кулса, сўлмасмиди?
Ким кутибди ахир мендек ўз ёрини,
Мажнун бўлсам, Лайло ҳолим билмасмиди?
Баҳор келган йўл сенга ҳам йўлмасмиди,
Баҳор билан келаверсанг бўлмасмиди?

Кўзларимда кулармиди қизғалдоқлар,
Туярмидим турфа гулларнинг тотини.
Сен билмадинг муҳаббатим ўша чоғлар,
Боғлаб кетдинг юрагимнинг қанотини.

Балки, кўнглим бунча ғамга тўлмасмиди,
Баҳор билан келаверсанг бўлмасмиди?

Билардинг-ку, мен умримни сенга бериб,
Бир қизғалдоқ умрин сендан тилаганим.
Нима кўрдим бу дунёга шошиб келиб,
Шу бўлдими ахир сендан сўраганим?!
Ой бўлмасанг кўзим кўкка тушмасмиди?
Баҳор билан келаверсанг бўлмасмиди?

Бу девона ким бўлди деб ўтар сабо,
Бунча забун, бунча ғамли куйинг дейди.
Кўп ғам чекма, умринг ўзинг қилгунг адо,
Хазон қилар сени тушкун ўйинг дейди.
Хазон нима – балким, умрим билмасмиди,
Баҳор билан келаверсанг бўлмасмиди?

Менман, ўша, бир булбулдай баҳор чорлаб,
Ҳар сония йўлларингда кутаётган.
Менман ўша, ўша осмон бағрин доғлаб
Сени дея бир юлдузсиз ўтаётган.
Зулмат қучган осмон нурга тўлмасмиди,
Баҳор билан келаверсанг бўлмасмиди?

Қайтмасангга ишонсам ҳам кутавергум,
Нетай, ўзни ҳеч бу қўлга ололмайман.
Билганим дард, ҳаёт ғамин ютавергум,
Хазон босган бу йўлларда қололмайман.
Мен интизор кутган онлар шулмасмиди,
Баҳор билан келаверсанг бўлмасмиди?
 
ЭЙ ДИЛРАБО

Эй дилрабо,
Йироқлардан хўрсинма менга,
Кўзларинг-ла кўзларимга ташлама оташ
Дилимда бор ёлғиз сўзим-айтарим сенга,
Менинг кўнглим ўзга кўнгил сеҳрига туташ.

Қўй ўкинма, муҳаббатнинг эй эрка қизи,
Севги ўзи азалий дард, азалий армон.
Аммо, нетай, эй севгининг ёруғ юлдузи,
Бу кўнгилга беролмасам заррача фармон?!

Балким қисмат деган қаттиққўл ҳакам
Қайсар кўнглим ўз ҳукмига юргизар ҳали.
Кўп ўкинма, юрагимни титратма, эркам,
Балким, менга келар энди изтироб гали.

Не бўлса ҳам ҳаёт зулмат-нур ичра ўтар,
Инсон яшаб ўтар экан, гоҳ худ, гоҳ беҳуд.
Кўнгил энди, шунчалар ҳам қийналдинг етар,
Осмон бўлу, битти учган юлдузни унут!

КЕТМА

Кетма, бизни бирга кўрган бу йўллар,
Дардлар ҳасратига гувоҳ бўлмасин.
Бизларни бахтиёр деб билган гуллар
Кетма, муҳаббатдан кўнгли қолмасин?!

Ўйлайсан, иккимиз учун ҳаётда
Хижронли у йиллар кўчарми енгил?
Кетма, муҳаббатим сендан ўзгага
Бермоққа қизғонар ахир бу кўнгил.

Кетма, кўзларимга тўлдириб қайғу,
Кетма, бахт нуридан бўлмайлик жудо?!

Кетма, лабларимга сен қуйиб оғу,
Бизни бахтсиз кўрса, кечирмас Худо…

ЭЙ ГУЛ

Дунёга боқдиму, ишондим энди,
Армонсиз яшамас унда одамзот.
Севгисиз ҳаётдан мен тондим энди,
Тушимга киради севгилим бот-бот.

Мени зор йиғлатиб, йиғлар ўзи ҳам,
Кўз очиб кўрганим у кўзларда нам.
Гулларга боқдиму дард ичра қолдим,
Япроқлар юзида мунчоқдек шабнам.

Сен нечун йиғлайсан, сен нечун, эй гул,
Нечун кўз ёш сендай гулгун зиёда.
Бир дилни ахтариб ўтмоқда умрим,
Маним йиғлаганим камми дунёда?!

БЎЛМАСМИДИ

Унутмоққа кўп бор уриндим
Соғинч кўнмай соларди фарёд.
Юрагимга ёмон кўриндим,
Унутмоққа қўймади ҳаёт.

Севги ҳамон ёдимда билсанг.
Кунлар ҳамон ёдимда билсанг.
Бўлмасмиди, шодлик тарк этган,
Кўнглим уйин ёритиб юрсанг…

МЕНМИ…

Менми, ишқ йўлида адашган орзу,
Менми, дил риштасин дилингдан ечган?!
Менми, ўз кўнглига тутқазган оғу,
Менми, севгисиан ўзи воз кечган?!

Менми, бу дунёда йиғлаган кўнгил,
Нечун мени севдинг, арзирми жоним?!
Энди қаерлардан изларман билмам,
Севгим – хайрлашмай кетган меҳмоним?

Менми, бедардларга дардини айтмай,
Кўз ёшинг сездирмай кетган бир сабо?!
Менми, ўз севгисисин қадрига етмай,
Муҳаббат боғида юрган бир гадо?!

Менми, муҳаббатнинг қўлидаги ул –
Гулдай юрагини ҳижронга отган.
Менми, гулзор излаб адашган булбул,
Ишқидан чекиниб гуноҳга ботган?!

Менми, кўзларингда кўрмай дунёни,
Ўзга бир дунёнинг ичидан ўтган?!
Менми, ўз ишқини топтаган гумроҳ,
Дўстлар Мажнун деса ўзидан кетган?!
Менми…

ХАЙР ДЕМА

Хайрлашгим келмаяпти, йўқ,
Кетсанг зулмат қоплайди дилим.
Айрилмасдан туриб, соғинсам,
Нима қилай, ўзинг айт, гулим!

Юрак кўнмай асло ҳижронга
Кўксим ичра чала бошлар бонг.
Бил, қалбингда офтоб жилмайса,
Юрагимда ота бошлар, Тонг…

ШИВИРЛАМА, ШАББОДА

Шивирлама, хаёлим бўлиб,
Лабларимга томизма бода.
Жоним ҳозир кетар тўкилиб,
Шивирлама менга, шаббода.

Нафасингни ўхшатдим жуда,
Менга азиз бўлган нафасга.
Қўй, жонимни учирворасан,
Зўрга солдим ўзи қафасга..

Шивирлама менга, шаббода,
Қўзғатма дил япроқларини.
Кўтаролмас энди вужудим,
Бу юракнинг титроқларини.

Сочларимни силама, кетгил,
Чидолмайман меҳринга ортиқ.
Қўйгил мени, буткул унутгил,
Энди қалбим ҳижронга тортиқ.

Шивирлама менга, шаббода,
Сўнган чўғни қўзғаб нетасан.
Қўйгил энди, ўз ҳолимга қўй,
Дардим айтсам ёниб кетасан…

Шивирлама менга, шаббода…

БУ ЖОН НАДИР

Муҳаббат, қаршингда бу жоним надир,
Бир томчи ёшми у кўзингдан оққа?
Ашкларинг бунчалар бўлса беқадр,
Нечун киприкларинг бу гулни таққан?!

Билмадим, мунаввар офтобмикан жон,
Зулматлар кетгунча қилайми сабр.
Бағринг лоласидан топганми бу қон,
Муҳаббат, билмасман бу жоним надир?!

ОРЗУДАГИ МУҲАББАТ

Дилимда яшардинг, муҳаббат,
Мен буни билардим, билардим.
Марғилон қайдалигин билмасам ҳам,
Отабек мисоли юрардим.

Ишонар эдим, мен бир куни
Марғилон боришим севишим…
Ўшанда сувгами чиқар… деб,
Мен қанча кутганим Кумушим…

Хаёлан гоҳ кулиб, гоҳ сўлиб,
Марғилон томонга тортар жон.
Юлдузлар пойида ўлтириб
Эртаклар айтганда Андижон.

…Улғайдим, ҳаёт не билдим, мен,
Умидлар ёр бўлди йўлимда.
Марғилон қайда деб изладим.
Севгилим – Кумушим кўнглимда.

Сўнг бир кун… ўкириб йиғладим,
Марғилон йўлидан қайтаркан.
Шамоллар рўмолча тутдилар,
Кўнглимга таскинлар айтаркан.
Марғилон, Марғилон, топиб бер,
Топиб бер, севгилим – Кумушим…
…Мен билган Марғилон йўқ экан,
Наҳотки, Зайнабни севишим?!

Йўқ, йўқ, кўксимда бир олам –
Мен ўша диёрдан келмасман.
Эй ҳаёт, қўй мени, қийнама,
Севгимни ўзгага бермасман.

Мен билган Марғилон кўксимда,
Кўксимда мен билган Кумушим…
Зайнабим бўлса ҳам ёнимда,
Қўймасман мен уни севишим…

Кумушим, мен билан Кумушим!
Кумушим, мен билан Кумушим!

КЎНГИЛ ЎКИНЧИ

Кўнглим энди сен томонга элтмас мени,
Ҳаққим йўқдур у йўлларга боқмоқ учун.
Ойдай қилиб берган эди дунё сени,
Ойсиз эрса осмон энди боқмоқ нечун.

Мен бахтимга бино қўйиб адашдимми,
Асрамоғим керак экан аламлардан.
Мен бахт куйин тинглаб масрур юравердим,
Юрак билан ошно бўлган қаламлардан.

Баҳорлар бор бўлса агар дил зиёда,
Севги деган мамлакатга келишлар бор,
Бегоналар бор эканки бу дунёда,
Бир бор куйиб, сўнг умрбод севишлар бор.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот