Бобур Бобомурод шеъри
Насиба Абдуллаева қўшиғи.
Зар бешикка қуёш беланди,
Шошма! – деб ой тонгга эланди,
Туну кунлар шундай уланди -
Оқаётир йиллар анҳори,
Қайтармикан умр баҳори?
Сочимизга қировлар инди,
Бахт отига бировлар минди,
Дилда бўлак сўровлар тинди –
Қуламасдан ҳаёт чинори,
Қайтармикан умр баҳори?
Баҳор! Баҳор! Умр баҳори!
Орзуларим, умид наҳори!
Баҳор! Баҳор! Умр баҳори!
Қайтармикан умр баҳори?
Тўлмай туриб юраклар музга,
Узримиз бор муниса кузга,
Айтарми дўст дил розин бизга –
Ўртамизда ғурур девори,
Қайтармикан умр баҳори?
Кўнгил ҳануз меҳр сўрайди,
Муҳаббатим деб йўл қарайди –
Бобурни ҳам тутди хумори,
Соғинчига гуллар ўрайди,
Қайтармикан умр баҳори?
Баҳор! Баҳор! Умр баҳори!
Орзуларим, умид наҳори!
Баҳор! Баҳор! Умр баҳори!
Қайтармикан умр баҳори?