БАҲОР, ИНҚИЛОБ ҚИЛ


 БАҲОР, ИНҚИЛОБ ҚИЛ

Баҳор, инқилоб қил, сўнган севгига
Уйғониш даврини бошлаб бер, баҳор. 
Токи севгилимнинг титроқ нигоҳин 
Ўтли нигоҳларим тўлдириб турсин.

Баҳор, инқилоб қил, муз қалблар эриб,
Орланиб муз кафанларидан 
Меҳр денгизига шунғиб кетсинлар. 
Буткул меҳр билан йуғрилсин дунё

Баҳор, инқилоб қил, армон устидан
Бахтсизлик устидан, ғамлар устидан
Токи, чечакларнинг дарахтлар билан 
Шодликнинг абадий тимсоли бўлсин.

Баҳор, инқилоб қил, замон қаъридан
Ҳиёнат, алдовлар, гумон қаърида, 
Токи, интиқ диллар кўриб қувонсин
Ҳақиқатнинг, инқилобнинг тантанасини, 
Баҳор, инқилоб қил! 
Инқилоб! 
Баҳор...! 

БИР ҚИЗ ЙИҒЛАЙДИ

Сукутли майсалар кирмоқда тилга, 
Боғларнинг бошини шамол силайди.
Баҳор келганлигин эшитиб элга, 
Мен хотирамда бир қиз йиғлайди.

Соғинч етаклайди вокзалга яна, Билмайман, ҳисларим кимни излайди.
-Энди кечикдингиз, бизлар «бегона»- 
Дея, хотирамда бар қиз йиғлайди.

Кўзларда, сўзларда дардчиллик тошиб, 
Бундай яшаб бўлмас, ақлим илғайди.
Бахтли кунларимни бағрига босиб,
Менинг хотирамда бир киз йиғлайди. 

Мен қаён кетмайин, қаён боқмай боз,
 Руҳимни адоқсиз ғусса тиғлайди
Армонли умримга айлаб эътироз, 
 Менинг хотирамда бир қиз йиғлайди.

***

Умрим осмонида сузгай булутлар, 
Шамол эмасманки, уни қувласам. 
Чарақлаган офтоб, тип-тиниқ осмон. 
Кўз  олдимга келар сени ўйласам.

Юрак-юрак эмас, бир парча қуёш, 
Осмонсиз қуёшдир, осмонсиз қуёш! 
Осмоним қайдасан, берсанг-чи дарак?   
Умрим булут бўлиб тўкмоқда кўзёш.

Энди буёғига дарёман, жоним, 
Ҳайқириб бораман сенга етгунча 
 Сени соғинаман, қирғоқда бошим, 
Денгиздек  хўрсиниб кўкка боққунча.

Муҳаббат руҳга хос бокира туйғу, 
Юз йилми минг йилми кутавераман. 
Шу ишқ одамзотни чорлаган кўкка 
Осмонсан бошимда тутавераман.

Шоирман шеър ёзиб алдайман ўзни, 
Дўсту ғанимларнинг қарсаги билан. Одамзот, яширма бахтсизлигингни
 Ерда осмон бўлиш истаги билан.

Замин тор, кўнгил тор. Муҳаббат катта, 
Афсуски, тенглик йўқ бизнинг имконда.
Севгилим, кечиргил, севаман лекин  Хақиқий муҳаббат яшар осмонда!

     Муаллиф ҳақида маълумот: Шукур Содиқ 1959 йили Самарқанд вилояти, Нарпай тумани, Жарқудуқ қишлоғи, зиёлилар оиласида туғилган. Самарқанд вилояти, ҳозирги Нуробод туманидаги 46-ўрта мактабда таҳсил олган.
     Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Миллий университет) Журналистика факультетини 1985 йилда тугатган. Шу йилдан истеъдодли шоир сифатида танила бошлаган. Унинг “Исёнкор дарахтлар”, “Ёрилтош”, “Таянч нуқтаси”, “Истиқлолнома”, “Баҳор инқилоб қил”, “Соғиниб келдим”, “Ҳурлик салтанати” каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шоирнинг кўпгина шеърлари қўшиқ бўлган. 
     Шукур Содиқ Ёзувчилар уюшмаси аъзоси эди. У 2016 йили бу дунёдан бевақт кўз юмган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот