Баҳор манзаралари
Яна қамчи уради ёмғир,
Тарақлайди тунука томлар.
О, юрагим зарб тегиб оғрир,
Қароқларим- ёш тўла жомлар.. .
Шамол яна увлаб қўяди,
Баҳор номли нафис куйини.
Кўнгил бундан таскин туяди,
Йиғмоқ бўлиб фикру-ўйини...
Чўллаб ётган дашту-далага,
Малҳам бўлар, ёмғир- баракот.
Ошик, бўлиб танҳо лолага,
Ҳавасларим уйғонар наҳот?
Ферузаранг шишадай само,
Тонгда қарши олади кулиб.
Баҳор келди,ташрифидан оҳ,
Кўнгил кетди шеърга тўкилиб...
МЕНИ СЕВМАЙСИЗ, СИЗ...
Мени севмайсиз, Сиз,
Севолмайсиз ҳам,
Шунчаки овунчман биламан буни.
Чорласам ёнимга келолмайсиз ҳам,
Шундай ўтаверар маъносиз куним.
Аммо истагандим, севинг деб мени,
Зора дардингизга бўлолсам дармон.
Нетайким, ҳалиям унутмай уни,
Сўзингиз рангидан уфурар армон.
Майли, нима қилай у бўлолмайман,
Қайғунгиз билсам-да ўтираман жим.
Ахир мен-менман-ку, ўзгаролмайман,
Шундайин севишга бўлганман маҳкум.
Кечиринг, мен Сиздан ишқ сўролмайман,
Қайғунгиз қаърида чўкиб кетсам-да.
Чунки менлигимни унутолмайман,
Бу ғурур ичида йитиб кетсам-да.
Мен севмайсиз Сиз.
Севолмайсиз ҳам,
Эҳтимол, шунчаки овунчман Сизга.
Сизни деб топганим Ўкинч ҳамда Ғам,
Кечиринг, сизгамас тўкилдим Сўзга....
***
Мени унутмайсиз... Унутолмайсиз,
Қалбингиз мулкига малика ўзим.
Аммо йўлларимга кўз тутолмайсиз,
Ўтмиш бўронидан тилайсиз тўзим.
Сарсари елларда ўтинчларим бор,
Ёдим парчалари учиб келади.
Қароқлар тубида ҳислар умидвор,
Унутиш куйларин тинглаб кулади.
Лекин бари бекор,туйғуларингиз,
Хаёл ойнасида чизар расмимни.
Ҳар куни ойнадан тикиб кўзингиз,
Лабингиз пичирлаб айтар исмимни...
Мени унутмайсиз,унутолмайсиз,
Таскинлар излайсиз соғинч дардига.
Лекин изларимни ҳеч тополмайсиз,
Яна буйсунасиз тақдир азмига.
Ҳар куни шу азоб, шу қайғу ҳамроҳ,
Унутиш сиз учун энг олий тилак.
Сизга ҳамдард бўлар ҳув кўкдаги моҳ,
Илинж қўлларида дилингиз бўлак...
2010 йил.
Моҳигул Ўктам қизи