ТУШЛАРИМДА ЙЎҚЛАБ ТУРИНГ


ТУШЛАРИМДА ЙЎҚЛАБ ТУРИНГ

Мен сизни...

Мен сизни... юрагимнинг ардоғида асрадим... 
Ёш тўла кўзларимнинг қароғида асрадим...
Дардга тўла умримнинг гулбоғида асрадим...
Ер юзидан беркитиб қалб тоғида асрадим...

Оташин ҳисларимни оламлардан яширдим, 
Атрофимдаги тўла одамлардан яширдим...
Ўзимдан ҳам яширдим, ўзимни ҳам алдадим...  
Нафасимдан яшириб, дил доғида асрадим...

ТУШЛАРИМДА ЙЎҚЛАБ ТУРИНГ…

Надоматлар наштар ниқтаб кеч бўлмаса,
Қуёш сўниб, зулмат униб, кун бўлмаса,
Бир ғарибни ғариб дея, ҳеч бўлмаса,
Тушларимда йўқлаб туринг, тушларимда…

Билмам, қалбни қийнагувчи кўнгилмикан?..,
Суйган юрак суйдирганга ё қулмикан?,
Озорингиз ёш жонимга қотилмикан?,
Тушларимда йўқлаб туринг, тушларимда…

Битта жонга кўп эмасми, шунча озор,
Озорлардан жафо чекса бир беозор,
Ортингиздан йиғлаб борса, бир қиз зор-зор,
Тушларимда йўқлаб туринг, тушларимда… 

Хаёлларим сиз-ла мени олиб кетсин,
Рўёларнинг тобутига солиб кетсин,
Капалакдек кафанларим қолиб кетсин,
Тушларимда йўқлаб туринг, тушларимда. 
Қолиб кетай, сизни кўрган тушларимда… 

2004 йил 

ЭСЛАЙСИЗМИ? 

Эслайсизми, мени бир бор, йўқлаб, йўқлаб,
Эслайсизми, келса баҳор йўқлаб, йўқлаб,
Булбуллар ҳам қилса нола бўзлаб-бўзлаб,
Эслайсизми? 

Эслайсизми, эш бўлсам гар армонларга, 
Қолар бўлса куним мени ёмонларга, 
Ем бўлсам гар заҳрин сочган илонларга,
Эслайсизми? 

Эслайсизми, кетар бўлсам йироқларга,
Бошим олиб зор-зор кутган қишлоқларга,
Кўзларингиз тушса бизнинг чироқларга,
Эслайсизми?

Эслайсизми, баҳор иси тутган чоғи,
Ё бировдан зарра меҳр кутган чоғи,
Бир гўзалга атиргуллар тутар чоғи,
Эслайсизми? 

Эслайсизми, йиллар йилни қораласа,
Сочларга ҳам оқлар аста ораласа,
Бир қария дарчангиздан мўраласа,
Эслайсизми?.. 

“СЕНСИЗ”


“Сени соғиндим” дея олмайман… 
Чунки бу оддий бир сўз,
Мени эса “соғинчим” чексиз.
Севаман ҳам дея олмайман,
Чунки тилим буни миллионлаб айтса,
Юрагим эса такрорлар сўнгсиз… 

Кутаман ҳам дея олмайман,
Бунга изн бермас кўзларим асло,
Чунки…   
Кўзларим дард чекар, мендан изнсиз… 
Ўйлайман ҳам дея олмайман,
Чунки бу мен учун янгилик эмас,
Битмайдиган юмушим тубсиз.

Йиғлайман ҳам дея олмайман,
Кўзёшлар қалбимнинг зардобларидир,
Зардобларим эса “Нил” каби чексиз.
Сени соғиндим дея олмайман,
“Ҳайҳот” дегим келади фақат. 

Фарёдларим чиқади унсиз…  
Юрагимда аччиқ ҳақиқат,
Тақдирнинг шум ҳукми ўқилган,
Яшаяпман… Сенсиз ва СЕНСИЗ… 

Соғинаман...


Соғинаман, сени ёмон соғинаман... 
Соғинчлардан қолиб омон соғинаман,
Хотиралар гирдобида овунаман,
Соғинаман... сени ҳамон соғинаман... 

Талпинаман сенга томон талпинаман, 
Еру кўкни кезиб гирён талпинаман, 
Талпинмаган юраккинанг қанча қочса, 
Мен шунчалар сенга томон талпинаман. 

Нигоҳингдан шафқат сўраб ўтинаман,
Озорингга меҳрим ўраб ўтинаман,
Ўлдир майли қасдинг бўлса, ё бўлмаса, 
“СОҒИНТИРМА!” мени фақат ўтинаман... 
Соғинаман... сени ҳамон соғинаман... 

Нодира САИДАЗИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот