ОНАЖОНИМГА ХАТ...


Гуличеҳра ДУРДИЕВА

ОНАЖОНИМГА ХАТ...

   Юрагим гуппилаб уриб кетяпти, онажон бошимни силанг шу кеча. Бардошим чокидан сўкилаяпти, онажон ёнимга келинг шу кеча. Кўнглим кўзгулари тирналиб кетди, сўзлар қовушмади тўкилаяпти.
 Онажон, ўзимни қандай овутай, соғинчнинг тобига қандай берай дош. Бир ўзим елкамда шунча дард билан, тўкилиб боряпман, етмайди бардош. Айтинг, мен энди нимани кутай, ўзимни қандайин овутай, она? Бир ўзим дийдираб, бир ўзим қақшаб, қай юпанч изидан югурай яна.
   Онажон ўзимни алдаб яшадим, армонлар, азоблар йиғлаб қолсин деб. Онажон, ўзимни сизлаб яшадим, ўзимдан бошқани паноҳ билаймай, деб. Лабимда табассум, юзимда кулгу, онажон ўзимни аяб яшайман, энг тўкис бахтга мен эга бўлдим деб, керагида ўзимни авраб яшайман.
  Кўркам шаҳарда кўкрак керолмай, онажон мунғайиб ўтиб кетаяпман. Барча ситамларни ичимга ютиб, соғинч деган юкни ортиб боряпман. Тошкентнинг йўлига кўзини тикиб, ёлғизгина опам тушлар кўради, кўзлари кўролмай хиралаб қолган, тўнғич акам мендан хафа бўлади.
   Мен-чи, мен, бир йилда, бир бор боролмай, рўзғорим ғорини ўйлаб юраман. Дўстим ким, душман ким, фарқига бормай, ҳаммага, бош эгиб салом бераман. Ўзимча меҳрибон, ўзимча ғамхўр, бир она менингча бўларда дейман, қизларим кўзига мулойим боқиб, борига шукрлар этай-да дейман.
   Аслида, оқибат йироқлаб кетди. Соғинчнинг бўйлари осмонга етди. Йўлларга интизор термулиб турган, дадамнинг руҳлари узоққа кетди. Бағрим тош, кўзим ёш, ўзим-чи бебош, ёлғондан қадримга ўксийман она, шунчалар олисми, Бухоро дея, ўзимдан ўпкалаб, яшайман яна.
Кўзларимдан ўтди сиймоларингиз, бошимни бир силаб қўйинг онажон, тушимда бўлса ҳам жилмайиб майин, менга йўл кўрсатиб туринг, онажон. Ўзимча мағрурман, ўзимча доно, баъзан ҳаволаниб кетаман она, озорлар оралаган умрим йўлига, сохта нақшларни соляпман мана. Ўзингиз парвона, руҳингиз паноҳ, мен сизга бир муддат дардимни айтай, Онажон, бир зумга ёнимга келинг, ҳидларингизга бир марта тўяй.
   Бугун мен йиғладим, соғинч қийнади, ожиз қолдим унинг қошида она, қўлларимдан тортиб хаёллар аро, сизга олиб борди дилдаги маъво. Агар эшитсангиз туйғуларимни, шу кеча ёнимга келинг, онажон. Бир зумга, бир нафас бир сонияга, меннг дардларимни олинг, ОНАЖОН!
   БУ МЕНГА ИМКОНМИ, ОНАЖОН...

   Онам кирди ва ниҳоят тушларимга. Майингина жилмайдилар, сочим силаб, сўнгра эса, кетди, секин қўлин силтаб. Тўхтанг она, кетманг она олисларга...
 Жоним нисор бўлсин йўлингизга. Югурдим-у, етолмадим, кўйлагингиз этагини тутолмадим. Уйғондим-у, келолмадим ҳушларимга, кўзларимда қотиб қолди, бир томчи ёш, кетгим келди, қаергадир секин олиб бош. 
   Ҳаёт давом  этмоқда, бунда фақат сиз йўқсиз, Бошингни кўтариб юр, дегувчи дадам ҳам йўқ. Соғинчлар азобидан тўлғонади бу кўнглим, юрагимга  симиллаб, кириб бормоқда бир ўқ.
   Йиллар ўтди, келишингиз, эртак, афсона бўлди. Соғинчлардан кўнгил қурғур, мудом кемтик, кам бўлди. Қайга борсам нимадир йўқ, дилим чекар изтироб, онажоним, сиз эдингиз мен учун моҳи офтоб. Юрган йўлим баъзан сира нимагадир унмайди, узоқдаги ғанимларим, пайт пойлайди қўймайди. Баъзан ногоҳ тойиб кетсам, тўғри юрган йўлимдан, ёнимдаги дўст деганим, ушламайди қўлимдан.
   Сиз эдингиз жони фидо, балогардон ғамимга, онажоним, ким ярайди энди менинг камимга? Баъзан қалбим, исён қилар, хушламайди ҳеч кимни, бу дунёнинг ишларига қўйиб бердим ўзимни. 
   Биламан, чорангиз йўқ, йўқса келмасмидингиз, бизнинг дийдоримизга боқиб тўймасмидингиз, бошимизда бош бўлиб, яхшимизни ошириб, ёмонимиз яшириб, бўлар-бўлмас кўзлардан, турли иғво сўзлардан асраб юрмасмидингиз?
   Кетдингиз бизни ташлаб, юракларимизни ғашлаб, энди айтинг жон она, мен қайга борай бўзлаб. Сизни жуда соғиндим, жуда кўргим келаяпти, юракларим энтикиб сиз томонга шошаяпти. Қўлларингиздан ушлаб, юзларингиздан ўпиб, қайга бўлса ҳам майли, фақат сиз билан она, кетгим келиб, кетаяпти.
   Бугун кўнглим йиғлади, мен йиғламадим она. Соғинган ҳам мен эмас, менинг кўнглимдир она. Соғинчлар силсиласи домига тортиб кетди, бир кўришга зор бўлиб, турибман ёна-ёна.
   Сабрдан қўрғон қуриб, сабр билан кут кўнглим. Соғинч изтиробингни, ич-ичингга ют кўнглим. Жилла қурса қоғозга тўкиб сол дардларингни, кўзларингни юмгин-у, яшир кўз ёшларингни. Йўқса онам қабрда, тик турармиш тўлғониб, ”Нега болам йиғлар”, деб бўлиб руҳи безовта.
   Онажоним, мунисгинам, узоқдаги парвонам, нур ёғилсин гўрингизга, бўлманг сира  безовта. Кавсар суви пойингизда оқиб турсин шилдираб, ҳур малакалар рақс тушсин тегрангизда чарх айлаб. Дадамни ҳам асраб юринг, ёлғизланиб қолмасинлар, “кенжа қизим тинчмикан”,  деб ҳеч хавотир олмасинлар.
   Тушларимда кўриб сизни, тўлиб кетди, кўнглим мени, соғинч номли оташ туйғу куйдирди-ку борлиғимни. Шу важдан ҳам тўйиб-тўйиб бир йиғлагим келди она, қабрингизга боролмадим, шудир асли зўр баҳона. Сизни эслаб пойингизга гуллар тўшаб қўйгим келди, лекин олис-олис йўллар қўлларимдан ушлаб қолди...
                 
ТУШЛАРИМДА СУЯР ФАРИШТАМ 

    Яна тушларимда мен сизни кўрдим, жонимга жон бўлиб кириб келдингиз. Ифорингиз бўйли, юзингиз нурли, нигоҳингиз эса жуда меҳрли. Бу сиз эдингиз меҳрибонгинам, жонимга ачинган жонкуяргинам, тунлари ухламай парвона бўлган, ўлимидан сўнг ҳам сира тинмаган, кўзларимга қараб, дардимни билган, аммо ўз ғамини ҳеч ўйламаган, фариштам, сариштам, меҳрибон онам!
- Болажоним, болам, соғ-омонмисан? Бунча паришонсан, бунча ғамноксан, нега тушларингда йиғлаб юрибсан, айт, ахир сен кимлардан камсан? Дардингни билсам-да юпата олмасман, кўзларинг ёшини арта олмасман, бир бора, бағримга боса олмасман. Мен энди нетайин, нетайин болам, руҳим чирқирамоқда, бағрим куймоқда, оламни тутмоқда менинг ҳам нолам..
 Руҳим нотинч бўлмоқда бугун, айтгин юрагингда, қандайин тугун. Айта қол, бошгинангда қандайин савдо, болам, жонинг оғридими, ё? Нечун сўлиб-сарғаймоқдасан, айтгин ахир недир муаммо? Юрагингга қулоқ сол қизим,  сен менинг ёруғ юлдузим, сирларини  ҳеч сир бермаган, ўз билганидан қолмаган, дўст-душманни ажрата олмаган, қайсаргина, ўжар боламсан.
   Бегона шаҳарларда, бегонагинам, дийдоримга зор ташнагинам, биргина сирдоши йўқ, қайғудоши йўқ, аммо сабр-қўрғони бор, оҳ, жоним болам.
   Ҳадеб дардни, алам ва ғамни елвагайверма, ҳар бир нокас, каснинг гапини юрагингга ҳам олаверма. Ўйлайверма, турли хаёллар, юрагингни адо қилади, дўстингман деб юрган, душманингни, оғзи қулоғига етади. Сен тириксан, шунга шукр қил, ўйла болам, сўнгра фикр қил. Тонг отарда айтган сўзларим, қулоғингга зикр қилиб ил. Даданг ва мен кўрмаган ёруғ кунларни, биз учун  ҳам сен албатта кўр.
   Мен сени яна не деб юпатай бугун? Қаршингда турибман бир сўзсиз беун, забонсиз сўйлайман бир қара, болам, ҳар қандай дардингга балогардонман, ташвишларинга ҳам шерикман, болам. Ўзим олисман-у, аммо аслида кўнглингда, кўзингда турибман болам, сен менинг жону-жаҳонимдасан. Қулоғимга етмасин десанг оҳ нолам, руҳим эркин парвозини хоҳласанг, тушингда ҳам, ўнгингда ҳам йиғлама зинҳор, ўзимнинг жаҳоним, Гуличеҳра  болам!!!

Мен кўндим хаёлга, кўнглим кўнмади...

  Билмадим, недандир тўлмайди кўнглим, аслида бу кўнгил ҳечам тўлмаган, баъзан ўз дунёси ўзига сиғмай, ўзга ўзанларни излаб йиғлаган.
  Минг шукр, минг шукр дейман-у аммо, қалбимда бир парча олов ёнади,унинг алангаси дард-у, дунёмни беаёв, бешавқат куйдиради.
  Ўксик дил ўкинар, соғинч ялинар, кўзлар йўлда қолди, она, бир келинг, мен бугун ўзимдан тониб кетяпман, онажоним, шу бугун ёнимда қолинг!
  Биламан, ҳаммамиз омонат жонмиз, бу кўҳна оламда бир зум меҳмонмиз. Бугун бормиз, эртага-чи йўқ, лекин айрилиқлар берган ситамлар, бағримга сўқилар мисоли бир ўқ.
  Бир паноҳ излайман, ёш боладайин, юрагимни очиб тўкким келяпти, онажон мен сизни жуда соғиндим, ёнингизда бир пас тургим келяпти.
  Сўрашга сўроғим кўпдир онажон, саволлар бўғзимдан бўғяпти, бир дардкаш, бир паноҳ тополмай қолдим, борлиғим, боримни куйдиряпти.
  Ўзим ўзлигимни англолмай қолдим, ора йўл аросат қийнади она. Катта шаҳарда довдираб қолдим, ўрнингиз билинди шу бугун яна.
  Жоним, жаҳонимни ўртаяпти, озорлар азоби эзғилаяпти, қароғимдан ёшлар тўкилаяпти, айтинг сиз қайдасиз, қайдасиз она?!
  Айтинг дадам қани, акам қайдадир? Барингиз кетдингиз бошингиз олиб, биргина опамга дардим айтмоққа етмайди журъатим ёнида қолиб.
  Ёлғизим, яримим дардкаш опамга, сирларимни сира бой бермаяпман. Мен уни асрайман, у мени аяр, ўртада азоблар йиғлайди она. “Ҳаммаси жойида ҳаммаси яхши”, деган ёлғон сўзлар йиғлайди она.
  Қизларим фаришта мисоли бир гул, уларни авайлаб-асраб келяпман, кўз ёшларимни кўрмасин дея, ичимдан ичикиб, бўзлаб келаяпман.
  Ҳамма нарса етар, ҳаммаси тўкин, аммо қалб дийдорга ташнадир, ёнимда қалқондай суянч бўлгувчи дадамнинг нигоҳи етимдир.
  Кўз юмсам кўзимда турасиз мудом, ухласам тушимда кўришим аён, бироқ, меҳрибоним ёнма-ён туриб суҳбатлар қуриш дардли бир армон.
  Бугун кўнгил тўлди, дил ҳам йиғлади, бир оғиз ширин сўз истадим она, дунёларга сиғмай тутаб кетяпман, кўксимда оловлар ёнмоқда яна!
  Яхшиям қалам бор сирим очаман, сатрлар армонларим олиб кетади, бўғзимда бўғилиб, йиғилиб қолган, соғинчли сўзларимни сизга айтади.
  Сира эшитмайсиз, балки кўрмайсиз, ёзган номаларимни ҳеч ўқимайсиз, лекин мен биламан бошимда туриб, қалбимни теранроқ англайсиз она.
  Юрагимни ғашлаб, ўзимни эзган армонларимни сезасиз яна. Руҳингиз парвона, руҳингиз мадор, мен буни тушларимда туйиб бораяпман, “болам, болажоним”, деган нидони, кўнглим кўзларида кўриб боряпман.
  Куз кўнгил фаслидир, эзилиб кетдим, дилимни юпатиб, кўз ёшим артдим, қалбим қатларида қатланиб ётган, соғинчли сўзларим такроран айтдим.
  Мен кўндим хаёлга, кўнглим кўнмади, у дийдор истади, мен нетай она? Ўзимку, ўзимга сиғарман балки, лек кўнглим ўзига сиғмади она! 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот