ОНАМНИНГ СУРАТИ
Эркин БОЗОРОВ ОНАМНИНГ СУРАТИ
Онамнинг суратин олиб қўлимга,
Хаёлан сўзлашиб кўнгил сўрайман.
У муштоқ бўлгандай менинг йўлимга
Шунчалар термулиб унга қарайман.
– Нечун суратимни қўлинга олдинг?
– Онажон, сизни бир кўргим келди-да...
– Ўғлим, нега бунча термулиб қолдинг?
– Шунчаки, сиздан ҳол сўргим келди-да.
– Бошгинанг ғамлардан омонми, жоним?
– Сиз борсиз, ташвишлар менга бегона.
– Илоҳим бахтингни берсин худойим.
– Сиз менинг борлиғим, бахтимсиз она!
Бугун битта дардга етмади кучим...
– Қай дард-ки солибди кўнглинга қайғу?
– Она, расмингизни келяпти қучгим.
– Сени қийнаётган у қандай туйғу?
У қандай дард экан, ожиз бардошинг?
– Ўйламанг, на хорман ва на оғриндим.
– Хўш нечун бағримни эзар кўз ёшинг?
– Онажон, шунчаки... сизни соғиндим!
2008 й.