ОНА, ШУ БАЙРАМДАН КЕЙИН БОРАМАН


Мунаввара УСМОНОВА 

ОНА, ШУ БАЙРАМДАН КЕЙИН БОРАМАН
* * * 
Мардона бўлмадим, кечиринг, ота, 
Ўзимни маҳв этар аразим, ўчим. 
Ожизлик ё мардлик асли нима у? 
Ўзимни енгмоққа етмади кучим... 
Кечиринг, ота... 
Мардона бўлмадим, кечиринг, она, 
Гина-адоватдан бўлмадим халос 
Жилмайиб тураман кўнгил қоронғу 
Шодон юрганларга қиламан ҳавас. 
Кечиринг, она... 
* * * 
Ижодим юксалди, ўзим юксалдим, 
Бўйим ҳам ўсгандир, яна билмадим. 
Майда кўринаркан чўққидан ҳар не, 
Англамадим ёки кўзга илмадим. 
Қушлар овози ҳам тингандек, гўё, 
Борлиқда бир сас йўқ, ҳатто шамол жим. 
Ўйлайман, нохосдан сирпансам, Худо 
Тоғдан қулаганни тутиб қолар ким... 
* * * 
 Бу дунё манзили битта йўлакча, 
 Билсак ҳам меҳримиз унга бўлакча. 
 Сарҳисобин қилсам ўтган умрни, 
 Савобим бормикан битта кўлмакча. 
 Оталар пир бўлар, оналар ғилмон, 
 Бириси паноҳдир, бири меҳрибон.  
 Бўлса хизмат айланг, йўқса, зиёрат, 
 Бири Фирдавс эрур, бириси Ризвон. 

БАХТЛИМАН 

Бахтлиман дейману, гарчи бу кунга, 
Етмоқлик мен учун кечмади осон. 
Гоҳ гулдек яшнадим, гоҳи ўтинга 
Айланиб, қирқ жоним қилганман қурбон. 
Бошим хам қилмадим келса синовлар, 
Шодлигим тўрт томон сочмаганим чин. 
Дилхонанг бўлмайди, дея бировлар, 
Кўнглим эшигини очмаганим чин. 
Не-не мушкулотлар кўрди бу бошим, 
Дардларим аллага қўшиб айтганман. 
Ҳаётдан ҳориган онда йўлдошим, 
Рўзғорнинг юкини бирга тортганман. 
Бирни бирга улаб етказмоқ сирин, 
Онамдан ўргандим, ўргатди йиллар. 
Билмадим, яна не илми яширин, 
Гоҳ сийлаб, гоҳ дилим қонатди йиллар. 
Игна, қайчи тутдим қалам ўрнига, 
Нон топмоқ илинжи сўзимдан устун. 
Кўмиб туғёнларни қалбим қўрига, 
Елкадош бўлмасам бўлмасдик бутун. 
Ижара балоси, хароб кулбалар, 
Товоним тешилган йўлакчасида. 
Ўйласам аламим қўшилиб йиғлар, 
Қизчам ечиб берган зиракчасида. 
Бахтга етиш қийин, унга етгунча, 
Қоқилдим эҳтимол, етмиш минг бора. 
Кўзимга мўлтираб бола ёшида, 
Қозон қучоқлади қизим бечора. 
Тенглари дунёга бўйлар чоғида, 
Ўғлимнинг сочида тегирмон гарди. 
Бола ёшида ҳам суйсам гоҳида, 
Аяжон, эртага нон борми, дерди. 
Сентябрь ойи – бу ташвиш ойи,  
Бир куни шодлиг-у, бир куни алам. 
Оғрирди юракнинг энг тоза жойи, 
Униққан кийимин кийганда болам.  
“Олма ейман”, деган гўдагим доди, 
 Дилим илдизини куйдирган тун бор. 
 Топганда топмаган кунларнинг ёди, 
 Кўз ёшимга қўшиб едирган кун бор. 
 Термулиб бетон уй дарчаларидан, 
 Ялпиз исларини соғинган кунлар. 
 Тандир ясаб қоғоз парчаларидан, 
 Кўзим ёшларига қоридим унлар. 
 Бахтга етиш асло бўлмади осон, 
 Армонларим томчи, юрагим томчи. 
 Неча йил йўлимга бўлди нигорон, 
 Йўл пойлар ҳали ҳам дадам соғинчи. 
 Гоҳи тош, гоҳи қор отиб пойлади, 
 Икки йўл ораси, ёсуман довон. 
 Бу йўллар мени кўп сарсон айлади. 
 Онам ўкинчига тўладим товон. 
Армон йўқ дейман-у, сўнгги онида, 
Акамнинг бошини силай олмадим. 
Бир куни, бир кеча қолиб ёнида, 
Дардини, кўнглини сўрай олмадим. 
 Эрта борарман мен, индин бораман, 
 Ҳар куни бир алдаб оламан кўнглин. 
 Она, шу байрамдан кейин бораман, 
 “Майли, сен ўзингдан ортганда келгин!” 
 Кунора бир ташвиш ё бир муаммо, 
 Дўсту бегонадан аримас хонам. 
 Кўпга балогардон бўлдим-у, аммо, 
 Ўзимдан ортмадим, кечирсин онам. 
 Бўлди, бас, тўхтадим, мана жилмайдим, 
 Вужудни кўнгилга қилмайман қафас. 
 Ҳасрат қилмасимдан олдин билсайдим, 
 Аллоҳга минг шукур оляпман нафас... 

ҲАЁТ ТУМОРИ 

Юксалиб боряпман, қўлларим узун, 
Кичрайиб боряпти мунисим онам. 
Сўраши яхшилик, тилаши тўзим, 
Кексайиб боряпти ёлғизим онам. 
Онам бор, дардим йўқ, мушкулим осон, 
Елкалари тоғдир, дарё гавҳари. 
Титрадим, гўёки титради осмон, 
Бағримга бошини қўйган маҳали. 
Ёдимда, туршак еб, данагин тутиб: 
“Мағиз ейман”, десам тишда чақарди. 
Турибман ёнида ёшимни ютиб: 
“Болам”, деб шўрликнинг сочи оқарди. 
Тунда кир юварди, тонгда ёпиб нон, 
Кун чиқмай далага кетарди онам.
Билмадим, вақт топиб мизғийди қачон? 
Оҳ, десак, жонини тутарди онам? 
Эгнида униққан обравон кўйлак, 
Пешидан райҳоннинг иси келарди. 
Маликалар ҳақда айтганда эртак, 
Онам йиғлаганга ўхшаб куларди. 
Билмадим, у пайтлар бўлмаганми ғам, 
Одамлар шодлигин кўрганмиз, холос. 
Боласин бўйига қувонган онам, 
Дунё қайғусидан бўлолган халос. 
Саксондан ўтса ҳам, жонсарак ҳамон, 
Қўшнини йўқлашни канда қилмайди. 
Полапонларига чайнаб бериб нон, 
Қушни тиндиради, ўзи тинмайди. 
“Бир қулоч” сочимга ачинар доим, 
“Увол қилдинг”, дея титраб силайди. 
Ярим тун бехосдан кўзимни очсам 
Менинг гуноҳимни Ҳақдан сўрайди. 
Кичрайиб боряпти паҳлавон онам, 
Ўйласам... ўйласам ... юрак қонайди. 
Хокисорим онам, садқа жон онам, 
Юраги тафтидан қумғон қайнайди. 
Бороримдан кўпдир онам хумори, 
Дийдоримга ташна, меҳримдан жудо. 
Дуоси кўксимда ҳаёт тумори, 
Боряпман, онамни асраб тур, Худо! 

ОНАМ ВА МЕН... 

– Она, мушкуллардан ҳоридим, 
– Ҳаёт синовларга ўч, болам! 
– Яқинимдан дилим оғриди... 
– Бу чигални аста еч, болам! 
– Она, сиғмай қолдим, уйим тор, 
– Менинг юрагимга кўч, болам! 
– Она, ҳолсиз танга не даркор, 
– Дарҳол туршак сувин ич, болам! 
– Она, дўстим экан риёкор, 
– Ёлғонларнинг мағзи пуч, болам! 
– Юрагимда кетмас алам бор... 
– Вақт ҳакам, алам ҳеч, болам! 
– Нега мажруҳ сабру саботим? 
– Бор, тоғларни бориб қуч, болам! 
– Учар эдим бўлса қанотим, 
– Шамол пешин тутиб уч, болам! 
– Мажолсизман, недан билмадим, 
– Дуоларим сенга куч, болам! 
– Она, бедорликдан чарчадим... 
– Шеърдан, шоирликдан кеч, болам! 

ОВЧИ 

Қуш шўрликка тегди овчи найзаси, 
Қаноти қайрилиб ерга қулади. 
Бир лаҳзалик экан осмон ораси, 
Буни одам билмас, қушлар билади. 
Нурсиз нигоҳида илтижо, алам, 
Чуғурлаб йўл кутар полапонлар оч. 
Ови барорига севинар одам, 
Аллалар айтади кекса қайрағоч. 
Бир тишлам луқмага шунча жаҳолат, 
Қушни-да, инини куйдиради ғам. 
Овчи ўлжасидан бўлмас хижолат, 
Уни ит оғзидан олган бўлса ҳам. 
* * * 
Энг аввало тинглашни билдим, 
Дард айтишса, йиғлашни билдим. 
Ғазаб тутса йўқликда сачраб, 
Сўнг яна жон улашни билдим. 
Юрт дардида яшадим ҳар дам, 
Ажралмадим одамлардан ҳам. 
Мажруҳларнинг ёнида хаста, 
Мискин билан бирга чекдим ғам. 
Ағёрдан ҳол сўрадим йўқлаб, 
Бўлмаслигин билсам ҳам оқлаб, 
Алам қилар нодон ёнида, 
Телба бўлган кунимни ёдлаб. 
Одамларни суйиб яшайман, 
Гоҳ куйиб, гоҳ кўниб яшайман. 
Икки инсон яшар руҳимда, 
Мен бирини кўмиб яшайман... 

НЕГА 

Нега менга бундай дил бердинг, Эгам? 
Ҳар нега ўкиниб фидо бўлайми? 
Шодлигим жомини чертиб турар ғам, 
Тўкилиб, тўкилиб... адо бўлайми?.. 
Кўксимга урилар қутурган уммон, 
Тўфондан минг бўлак бўлиб сачрайман. 
Беватан гўдаклар сарсону ҳайрон... 
Хаёлимда бориб уни асрайман. 
Кўнглим ҳувиллайди кетса турналар, 
Бағримга ин солар қушлар галаси. 
Тушимда тунлари эшик тимдалар, 
Аёзда жон берган мушук боласи. 
Тонгда қумри сайрар, булбуллар куйлар, 
Терак япроғидан таралар наво. 
Менга, жаҳолатда боласи куйган, 
Онанинг фарёдин келтирар сабо. 
Бағримни нимталаб буғдой сепаман, 
Юрагим қонидан ниш урар лола. 
“Она”, дер, хаёлда уни қучаман, 
Оламнинг четида оч қолган бола. 
Нега менга бундай дил бердинг, Эгам? 
Чарчадим, дунёнинг ташвишин тортиб. 
Гоҳида ўйласам, қилади алам, 
Мен нима қилолдим ўзимдан ортиб... 
* * * 
Лутфинг ҳам бошим устида, қаҳринг ҳам... 
Шамси Табризий  
Лутфинг ҳам бош устида,  
Қаҳринг ҳам бош устида. 
Қайга урмайин бошим, 
Келмиши қош устида. 
Сархуш эдим лутф этиб, 
Толе сувин ичирдинг. 
Мен йиқилдим пойингга 
Ё кечгин, ё кечиргин… 
Гар насиб этса васфинг, 
Бепарда кўрсам васлинг, 
Жаннати Маъво эрур,  
Унганим тош устига. 
* * * 
Кимга оғу бердинг, кимга ош бердинг, 
Кимга олмос туҳфа, кимга тош бердинг. 
Нега лойиқлигим билмадим, аммо, 
Шукурким, тоза ишқ ила ёш бердинг. 

ОНАМНИНГ ГАПИ 

Кеча сим қоқмадинг, кун бўйи кутдим,
Қўлимдан тушмади телфон тунда ҳам. 
Овозинг эшитсам, яхши ухлардим, 
Оғриб қолмадингми, ўйладим болам. 
Иш деб, жон куйдириб юрасан доим, 
Заҳматлар чарчатиб қўймасин дейман. 
Сақласин ҳасаду қасддан Худойим, 
Болам, тушимда ҳам ғамингни ейман. 
Сени йўқлаб келди кеча бир аёл, 
Қизи шеър ёзармиш, мақтади, толдим. 
Болалик пайтингга чорлади хаёл, 
Шоир бўлганингни сезмай ҳам қолдим. 
Ўкинган бўлсанг ҳам, энди ким билар, 
Рўзғорим юкини бирга тортганим. 
Ўйласам кўксимни чўғдек куйдирар, 
Суйган китобингни ўтга отганим. 
Китоби чиқди деб, бола ёшида, 
Кимлардир юрибди қизини мақтаб. 
Шоир қилдимикан бешик бошида, 
Ойнинг нурларида ўқилган китоб. 
Орзуинг нима деб, сўрамадим ҳам, 
Сен моҳир тикувчи бўласан, дедим. 
Мум тишлаб яшаган, шоирим болам, 
Менинг ҳар сўзимга кўнасан дердим. 
Кеча кўп ўйладим, дуолар қилдим, 
Кунора сим қоқсанг, нима бўларди? 
Айтаман, эртага пенсам чиқар кун 
Уканг телфонингга тўлаб қўяди... 
* * * 
Одамларсиз яшай оламан дема, 
Ёлғиз ўсган дарахт мева бермайди. 
Тўфонда адашса гар ёлғиз кема, 
Лангар ҳам, елкан ҳам асрай олмайди. 
Менсиз кемтик улар, менингсиз бебахт, 
Дейишдан ўзингни тиймоғинг даркор. 
Бир сенсиз, бу ҳаёт тўхтамас ҳеч вақт 
Сен каби одамлар ҳамма жойда бор. 
Қоқилсанг таянчдир, йиқилсанг суянч, 
Овутар кўксингни кемирса алам. 
Борига шукур қил, сен ҳам бўл юпанч 
Одамлар бор учун, бордир бу олам. 

ДЕДИНГ... 

Дединг, эй қошлари ҳилол, 
Дедим, ёйдир, топма завол. 
Дединг, киприкларинг майса, 
Дедим, ўқдир ё бир найза. 
Дединг, эй, кўзлари офтоб, 
Дедим, разм солсанг– гирдоб. 
Дединг, сен-ла кўнглим шодон, 
Дедим, боқсанг дилим зиндон. 
Дединг, ишқдан адоман мен, 
Дедим, кибру ҳавоман мен. 
Дединг, кечмоққа дил кўнмас, 
Дедим, ишқдан ҳеч зод ўлмас. 
Дединг, қиёси Машрабман,  
Дедим, дилимни асрабман. 
Дединг, кўнглим тушди тошга, 
Дедим, менинг йўлим бошқа. 
Дединг, хуш қол, айтгум видо, 
Дедим, ишқинг асрар Худо! 
* * * 
Бир одам сўзлади, 
 бири эса жим, 
Бир одам бўзлади, 
 бири эса жим, 
Дардин айтган йўлда 
 кетди индамай, 
Тинглаган ўртанди 
 юраги ғижим...

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот