Шеърият


Шеърият

Кеч кузак, дилдаги ўйларим нотинч,
Илиниб ойнинг бир тутам нурига.
Кечиб ҳаловатнинг баҳридан соғинч,
Талпинар дил тилсим - оташ қаърига.

Қўйинг энди мени майда ташвишлар, 
Майдаланиб кетдим зарра ҳисоби.
Изтиробдан бино бўлса яшамоқ, 
Майлига қийнасин шеърнинг азоби.

Гўё осмонларга кўчади хаёл,
Фалакнинг бағрида не сиру асрор.
Шеъриятнинг тийнатига боқсанг аён,
Сўздан ўзга бари ўткинч, бари бекор.

Бу маҳзун умримнинг шодлиги шеърим,
Довулларни уйғотади қалбда ҳайрат.
Қанотида мен ўзимни топгум, замин,
Қўйиб юбор, самоларга учгум албат...
***
 Қизларим...

Умримнинг тонглари майин ва сархуш, 
Сиз билан ҳаётим қизғалдоқлари.
Тоза ниятлари дилга ёқар хуш,
Орзулари осмон қизалоқларим.

Сочлари толиму қошлари ёйим.
Бўйларинг бўйимга етибди қачон. 
Ибодан бир кўйлак тикиб берайин,
Меҳрим ипларила зеб бериб чунон.

Кеча бешигингга осиб кўзмунчоқ, 
Аллалар айтганда, ўйнадинг кулиб. 
Бугун юрагимда бир ширин титроқ, 
Ўлан  куйлаяпман,  юрагим тўлиб.

Жаннатнинг калити дейдилар қизни, 
Бахту иқбол инъом айласин ҳаёт.
Қалбим гавҳаридай асрадим сизни, 
Энди оққуш бўлиб ёярсиз қанот.

Ёруғ бахт манзили чорласин илло,
Орзулардай гўзал, нафис, настарин.
Муҳаббатнинг нурли остонасида,
Ёмон назарлардан Ўзи асрасин.

***
Кўзим йўлингизга боқса нигорон,  
Мезонимда эсиб баҳорий насим. 
Ғариб боғларимга ярашиб алвон,
Сиз билан гул-гулзор келгай, азизим... 

 Нигоҳларда бир чўғ, сирли маъно бор, 
 Не туйғу, англамоқ азоби азим.
 Ширин хаёлларга этиб гирифтор,
 Сиз билан сир-асрор келгай, азизим... 

Умид бу – қақраган саҳрога нажот,
Хаста дилга дармон, фараҳбахш тилсим.
Тушми бу ўнгимми, рўё-хаёлот,
 Бахт демиш бир тумор келгай, азизим... 

Умримнинг меҳмони жунунваш фасл,
Худога қасам-ки, ёниб севгум жим..
Ғамлар захобидан зада қалбимга, 
Сиз билан навбаҳор келгай, азизим...

Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот