Зуҳрахон Абдулҳакимхон қизи (1977 - 2022)


     Зуҳрахон Абдулҳакимхон қизи 1977 йилнинг 7 Август куни Наманган вилоят, Чуст туманидаги Ғова қишлоғида туғилган. Бир неча китоблар муаллифи, жумладан, "Ҳаёт гўзал" номли китоби нашрдан чиққан. 
    Зуҳрахон 2022 йил вафот этган.    


БЕТОБЛИГИМДА

 (Миртемир шеърига назира, шоир тилидан)

"Мажнунтол тагига ўтказинг мени", 
Бир оз  ором олсин чарчаган таним.
Ҳозир ундан бўлак далда бўлолмас,
Ҳеч кимса, ҳеч нарса кўнглима маним...
"Мажнунтол тагига ўтказинг мани",
У менинг дунёда ёлғиз дарддошим.
Қадрдон дўстим у қиёмат қадар,
Онамдай меҳрибон силайди бошим.
" Мажнунтол тагига ўтказинг мени", 
Тўйиб-тўйиб олай  сўнгги нафасим. 
Руҳим безовтадир ,типирчилар жон,
Ҳатто ўз таним ҳам эрур қафасим...
"Мажнунтол тагига ўтказинг мени", 
 Ҳалинчаклар солиб учай шохида.
Ёшлик чоғларимга қайтайин яна, 
Бир яйрай умримнинг сўнгги чоғида! 
" Мажнунтол тагига ўтказинг мени",
У менинг вафодор, суйукли ёрим.
Юрагимни ёққан мени бир умр~
Илҳомим париси~дилимда борим.
"Мажнунтол тагига ўтказинг мени",
Ўлсам япроғидан тикинг кафаним.
Мени ёд етгувчи кутиб интизор, 
Гўзал мажнунтол-у, танҳо Ватаним! 
" Мажнунтол тагига ўтказинг мени..."

МАСТОНА

Кўзимнинг мардумидин неча мардум бўлди мастона,  
Ҳилол қошимга савдою,  қуёш кўнглимга ҳамхона.
Наҳорда гулситон сайрига чиқсам лолалар шайдо, 
Оёғимни  қучарлар телбадек гирёна-гирёна.
Тағофул айласам сайри чаманлар ичра   хотиржам,
Тўкур гул баргига маржон кўзин ёшини ҳар ёна.
Таратгай анбарин гуллар, тар отгай юзларим хўллар,
Ажаб ман гулга масту гул тарар сочимни мастона.
Сабо ўпса яноғимдин келур рашки  чу булбулни,
Наво қилгай чекиб фарёд,  келиб қошимда сарсона.
Юзим ифшо қилиб солдим бу олам бошига ғавғо,
Самарқанду Бухоро ҳажр ўтида ёнди Фарғона.
Бас, эй,  бўл, Зуҳрахон эмди юзингга тортақол парда,
Кўриб бир оразинг ҳар ким бўлур ошиқ ҳайрона.

24.01.2022

БУ КЕЧА

Бу кеча  мен сени тушимда кўрдим, 
Юрагим зарбидан кетдим уйғониб.
Тушимдамас гўё хушимда кўрдим,
Жим ётган ҳисларим кетди чўлғониб!
Унут бўлган дамлар ёдимга тушди, 
Сени севар эдим чин дилдан ёниб.
Соғинчлар тош бўлган дилимни қучди,
Аламлар ичмоқда ишқимдан қониб.
Сувратинг кўзимда бўлиб намоён. 
Оҳ уриб юборди бехос забоним. 
Бахтимга қўшилиб ҳатто ҳар замон,
Унсиз йиғламоқда сағир армоним.
Билмасман, бу бахтми ёки изтироб, 
Кўнглимга бир ажиб туйғуни солдинг.
Қалбинг соғинчлардан чекдими азоб,
Ёки тунда Мени ёдингга олдинг?
Бу кеча мен сени тушимда кўрдим...
Юрак туйғулардан ёнар ўртаниб,
Бир умр Ҳижронннинг шартига кўндим,
Сенсизликка қолган эдим ўрганиб.
Ёлвориб сўрайман, тушимга кирма,
Бўлмасин десанг гар кўзларимда нам.
Мени азобларда такрор ёндирма,
Тинч қўйгин хаёлим, тушларимни ҳам!

ХАЗОНЛАРГА АЙЛАНАМАН

Хазонларга айланаман кулиб- кулиб,
Сочиламан... Соғинчларинг азобидан.
Ё, отайми юрагимни юлиб- юлиб,
Тўйиб кетдим, озорларинг зардобидан!
Армон аста йўлларимдан тўсмоқ бўлар, 
Аросатда ҳайронадир туйғуларим. 
Остонангда ҳолдан тойган Ишонч ўлар,
Кабутардай учиб кетди кулгуларим.
Самоларга етиб борсам, бари тушдай,
Булутларла суҳбат қурдим кўзим ёшлаб.
Қайтдим яна остонангга содиқ  қушдай,
Кетолмасам, нима қилай, Сени ташлаб?!
Орзуларим қанотида аста учган,
Гул кўнглимни  ташласанг гар шартта юлиб,
Қўлларингдан тўкиламан, пойинг қучган~
Хазонларга айланаман кулиб- кулиб...
Сендан асло кечиб бўлмас, кетиб бўлмас...

2.10.2021.

СОҒИНЧ АЗОБИДА...

Соғинч азобида ўтар умримиз, 
Армон зардобини ютар умримиз. 
Фироқ карвонида кетар умримиз,
Борар манзилимиз қаер азизим?

Оқар сувлар ортга қайтмайди, сира,
Юракдан ишқ ўти кетмайди сира.
Биров дардинг не деб айтмайди сира,
Руҳим истар бўлди тайр*, азизим.

Сочлар оқармоқда, толемиз кутиб,
Бас, маҳкам иккимиз қўлимиз тутиб,
Келгил, этайлик бор ғамни унутиб~
Кўнгил осмонига сайр, азизим.

Бунда шодон, яйраб кулгай муҳаббат,
Диллар бахтдан сармаст куйлагай, фақат
Бир кун ором топиб кетсакда абад,
Жоним, дема асло: "Хайр, азизим!"

Зуҳрахон АБДУЛҲАКИМХОН қизи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот