СОҒИНИШ
Бугун онам, шоира - Саида Зуннунованинг таваллуд куни. (15.02.1926-20.03.1977).
СОҒИНИШ
Тўлиб-тошиб сайрайди булбул
Сеҳрли тун тинчини бузиб.
Уйқу таслим этолмай гаранг,
Сендан хаёл, кўнглимни узиб.
Хаёл тинмай сенга судрайди,
Ойнинг ипак нурига ўраб.
Севги қурғур шундай зўр экан,
Ўлтирмайди ақлингдан сўраб.
Осилади шамол бўйнига,
Кутишга йўқ тоқати бир зум,
У кетади, қуруқ ва бўм-бўш
Сурат бўлиб қоламан ўзим.
Атрофингда бўлиб парвона,
Яна қайтиб келар ўзимга.
Мисраларга айланар ювош,
Бўйин эгиб хоҳиш, сўзимга.
Хат ёзишга тушаман яна,
Билолмайман бу нечанчиси.
Туғён қилган асаблар зора,
Шу хат билан бир оз тинчиса.
Нари суриб бор андишани,
Юрагимни тўкиб-соламан.
Хат кетади, ҳар гал йўлингга
Умид билан қараб қоламан.
* * *
Дилга яқин, аммо кўздан узоқ ёр,
Бир елкан мисоли олис денгизда.
Мен эса йилларки, қирғоқда тикка,
Гоҳи умидсизман, гоҳи умидвор.
Тўлқинлар кўзимдан қочгундек нотинч,
Пойи ғуборингни топмай қатида.
Шарпанг келтиролмай ўз қанотида
Шамол ҳуштагида йиғлайди ўкинч.
Асрлардан бери зордекман шундай,
Дардинг билан бирга туғилгандекман.
Бир нафас кўрмасам бўғилгандекман,
Олисдан бўлса ҳам кўрингин кунда.
Отам ёзувчи Саид Аҳмад ҳижрон йилларида онамга атаб ўзи чизган ва почта орқали юборган расм-табриклар.
Надира ХУСАНХОДЖАЕВА.