ЎТИНЧ
Моҳигул Ўктам қизи НАЗАРОВА
ЎТИНЧ
Сиз мени "Гулим" денг, "Гулимоҳим"денг,
"Сен менинг ягонам, бор гуноҳим", денг.
Ғамлар бўронида адашиб қолсам,
"Ёнимга кел, жоним, мен паноҳинг", денг.
Мен Сизни жаҳоним,борлиғим дейман,
Хаёлим, умидим, зорлигим дейман.
Мен Сизсиз яшадим, билмадим қандай,
Шу ёлғон дунёда борлигим дейман.
Муҳаббатим Сизга, бор умрим Сизга,
Қанчалар интиқман, ўша бир сўзга.
Мен Сизни суйганман, дунёдан ортиқ,
Ҳеч кимни кўрмайин о, Сиздан ўзга.
Сиз мени "Гулим" денг, "Гулимоҳим" денг,
Юрагимда ёнган нурли оҳим денг.
Қора кўзларимга бир боқиб тикка,
Ёнимга кел энди эрка оҳум денг....
Қайтгил ёнимга
Минг йил ўтдимикан ва ё ўн минг йил,
Сенсизлик доғида қоврилди юрак.
Хун бўлди, тун бўлди, нима бўлди дил,
Фақат борлигингдан излади тиргак.
Билмам, ҳижрон қанча этаркин давом,
Қароғинг нурига дил чаярманми?
Қачон бари тугаб бўлади тамом,
Ёнимда эканинг ҳеч туярманми?
Не бўлса ўтди-ю, бор умрим сарсон,
Бунча синиқликка у токай асир?
Чарчадим баридан, толиқдим ишон,
Толемиз кулар кун бормикан ахир?
Орзулар ҳориқди тақдир қўлида,
Барига нуқта қўй, қайтгил ёнимга.
Бўлди, адашмайлик, ғурур чўлида,
Дўзах оловлари ботди жонимга...
Мактублар битинг, азизим
Сиз менга мактублар битинг, азизим,
Суратини чизинг, сўзласин соғинч.
Мактубингиз ўқиб, адашсин сўзим,
Юрагим зарблари бўлса-да нотинч.
Сиз менга мактублар битинг, азизим,
Ҳар бир сатрингиздан кўнглим қувнасин.
Ҳар бир сатрингизда кўринай ўзим,
Ҳар бир сўзингиздан эссин хуш насим.
Сиз менга мактублар битинг, азизим,
Моҳим денг, оҳим денг, ё атанг гулим.
Баҳорга айлансин мана шу кузим,
Кузнинг гулларидай яшнасин кўнглим.
Сиз менга мактублар битинг, азизим,
Орзунгиз рангларин чизинг мактубда.
Ёшликка қайтайлик, бир лаҳза, бир зум,
Ахир хаёлларда яшамоқ хўп-да...
2016 йил, апрель.
АЁЛГА НЕ КЕРАК?
Аёлга не керак? Бир чимдим меҳр,
Бир дона атиргул, Ишққа тўлган дил.
Сўнган нигоҳига бағишлайди нур,
Ахир эътибордан яшнайди кўнгил.
Аёлга не керак? Бир ширин калом,
Севимли эканин шунда исботи.
Битта совуқ сўздан бўлади тамом,
Мўртгина юрагин ботиб офтоби...
Аёлга не керак? Бу ёғи ҳиммат,
Эркаклар ўйласин, ахир улар мард.
Аёлнинг борлиги - энг улуғ ҳикмат,
Остонада турса саккизинчи март.
Нечун шеър ёзаман?
Руҳимга осилди харсангдай савол,
Нечун шеър ёзаман,нега керак бу?
Кимгадир шеърларим келади малол,
Кимнингдир қалбига таратар ёғду.
Гоҳо таъналар ҳам эшитдим ортдан,
"Шу ёшда муҳаббат ҳақда ёзармиш..."
Шуларга айтгим бор юзига шартта,
Кимдир шеърларимни қалбга босармиш!
Отамдан меросим - фақат шу илҳом,
Қонимда, жонимда айланган нафас.
Ортимдан қолса гар шеърим ила ном,
Билганим - шеър менга эмасдир ҳавас.
Кўнглимнинг мулки у, яшашга асос,
Ҳеч кимга айтмаган дардларим шеърда.
Сўзларим туйғумга бир ойна холос,
Юрагим йўғрилса оташин нурга.
Шукрона айтаман, сенга Аллоҳим,
Берган инъомларинг - шеърларим учун.
Таъна, дашномларга бир айтар сўзим,
Мен учун шеър сабаб ёруғдир очун...
***
Билмайман,мен сени кимим деб атай,
Илк бора қалбимга экдинг севгингни.
Ўйларга тўлдирган туним деб атай,
Яна хаёллар-ла қайтиб келдингми?
Сен ўша муҳаббат расмини чизиб,
Кейин армон рангда бўяб кетганим.
Сен ўша Азобдан маржонлар тизиб,
Умрим йулларига тўкиб ўтганим...
Сен эккан севгидан унди изтироб,
Кўзим ёшларидан сув ичди туйғум.
Тақдир бош чайқайди,ранглари хароб,
Ишонч чеҳрасига ўзинг сочдинг қум.
Кейин бирлашмади умр йўлимиз,
Кўнглим ҳам жим кўнди,қилмади исён.
Эсиз,хор туйғулар,эсиз умримиз,
Ҳалиям бу қийноқ этмоқда давом...
Сен сабаб мажруҳга айланди қалбим,
Сен унга бешафқат тиғ урдинг, номард.
Қайта севолмадим,шу булди айбим,
Бу бари шунчаки... Армон ёзган хат...
Сени хотирлайман,илк муҳаббатим,
Ҳалиям кўнглимни ёритган чироқ...
Мен учун азиздир ҳалиям ёдинг,
Мен сени севаман ўзимдан кўпроқ!
Бекларга сўз…
"Севаман, гулим!" денг, айтинг ширин сўз,
Меҳрингиздан гўзал гулдаста тутинг.
Бугун ташвишлардан буриб туринг юз,
Гина,аразларни бир зум унутинг.
“Севаман,сен менинг ҳаётимсан!"-денг,
Энг гўзал совғани сўзга жо айланг.
" Қўшиққа айланган баётимсан",-денг,
Уни дунёнгизда малика сайланг...
"Бахтимсан,энг баланд тахтимсан",-денг ва,
Бармоқларин ўпинг битта-битталаб.
У сизга жонини айлайди фидо,
Ундан бошқасини айламанг талаб.
Бир оғиз ширин сўз, битта атиргул,
Шуниси етади бахтга етгунча.
Шу билан ту'лади яримта кўнгил,
Гох, умри ўтади шуни кутганча...
Айтинг-да "Азизам,бахтимга бор бўл",
Битта ўпиб қўйинг,пешонасидан.
Аёл яшнаб кетар мисли райҳон,гул,
Шодликдан тахт қуриб кошонасида...
Бир бора йиғласам...
Бир бора йиғласам, тўйиб йиғласам,
Кўнглим ғуборлари кетса тўкилиб.,
Кейин ўз-ўзимга айтсам бир қасам,
Алам булутлари кетсин сўкилиб..
Юрагимда балқиб бир нурли қуёш,
Ёритса қоронғу гўшаларимни.
Кипригимда ўлиб энг сўнгги кўз ёш,
Унутсам, гумондор кечаларимни..
Ғурур пичоқларинг олгин бўйнимдан,
Бир бора имкон бер,йиғлайин тўйиб.
Рози бўлсам ҳамки ўтган умримдан,
Армон юрагимни олмоқда ўйиб..
2017 йил.
ИЗЛАЙСИЗ...
Воз кечмоқ истайсиз, кечолмай,
Хотирот кишанлар хаёлни.
Бу қўҳна савдони ечолмай,
Излайсиз мен телба аёлни.
Жимгина кузатиб ҳолингиз,
Истайман, фурсатдан тасалли.
Кўксимга санчилиб нолангиз,
Куламан, йиғламоқ маҳали.
Бу шундай бедаво бир туйғу,
Унутмоқ истайсиз барини.
Ўзга ёр қувончми ё қайғу,
Англарми қалбингиз сирини?
Тақдирга этаман ҳавола,
Сиздандир воз кечмок, ё кетиш.
Кўнгилда умиднур бир тола,
Ё бизга меросми кўникиш?
Демак тақдир экан...
Демак тақдир экан... Демак бу тайин,
Ҳижрон салтанати мангулик эмас.
Яқинлаб боряпмиз, вақт ўтган сайин,
Демак бу айрилиқ шунчаки бир дарс.
Демак пешонада бор бирга бўлмоқ,
Қочмоқни истадик, йўл тополмадик.
Икки қалбни битта оловда ёқмоқ,
Азобин ҳалиям унутолмадик...
Демак,сабр бизни элтар муродга,
Бир кун васл кўшки бўлар бизники.
Ҳозирча кўнгилни бериб фарёдга,
Ортамиз вужудга бу илинж юкин.
Демак,шу умидни босиб қалбларга,
Кўнгил дардларига биламиз дармон.
Юраклар ҳис қилган ўша тафтлардан,
Яна туйғуларга югуради жон...
Демак,кўришамиз ҳали бир куни,
Тақдирнинг тошли бу йўллари аро.
Кўнгилда милтирар туйғу кукуни,
Фақат қисмат бизни қилмаса айро...
Бу қандай бахт эди...
Бу қандай бахт эди, камалак рангли,
Менинг қувончимда рақс тушарди.
Кўнглим қўшиғига жўрми оҳанги,
Бир мафтун нигоҳга жуда ўхшарди...
Бу қандай бахт эди,баҳордай янги,
Бир муддат умримни гуллатиб ўтган.
Баланд гулхан каби бир ёниб сўнди,
Энди тутунлари дилимни тутган...
Бу қандай бахт эди,оний ва сархуш,
Руҳим оламида ўхшаши йўқ ҳеч.
Гўё кўрган каби бир бетакрор туш,
Гўё фурсат ўтиб, бўлмагандай кеч...
Бу қандай бахт эди...Сенинг борлигинг,
Кўнглим чироқларин ёққан бир дамми?
Наҳот бор ҳақиқат - сенга зорлигим,
Бахтнинг бир ташрифи-умримда камми?
Бу қандай бахт эди... Шаббода монанд...
Эпкин-у,мавжлари дилга ёқарди.
Ҳар бир титроғига жоним бўлиб банд,
Эҳтимол шу сабаб, сочим оқарди...
Манзара
Ёмғир ёғди... Жунжикар япроқ,
Новдаларга ёпишиб тани.
Булутларга бош қўйди офтоб,
Иссиқ кунлар қайларда,қани?
Ёмғир ёғди. Йиғлади борлиқ,
Совуқ сувга тушган боладай.
Хаёл булса баридан кулиб,
Шеърга тушди, гўё ноладай...
Шумшаяди уйлар, симёғоч,
Қарғаларнинг қўшиғин тинглаб.
Табиат ҳам титрар яланғоч,
Кийимларсиз қолганин англаб...
Шивирлар ёмғир...
Тонггача эринмай шивирлар ёмғир,
Соғинчлар бонг урар,унинг сасида.
Кўнглимга юк бўлди ўша қўҳна сир,
Чарчадим мен унинг исканжасида.
Аслида телбалик сени кутишим,
Ахир келмаслигинг аён ҳақиқат.
Сенга барибирми қонлар ютишим,
Қайтишинг-хаёлим тўқиган эртак...
Тонггача ҳамоҳанг йиғлади ёмғир,
Ҳиқиллаб бош урди деразамга ҳам.
Энди ғеч келмайсан, шу экан тақдир,
Сенмас, қучоқлайди мени ўша Ғам.
Ва яна қўлимдан тутди-ю ҳасрат,
Охири итарди Армон бағрига.
Аслида соғинчим сен берган ҳайрат,
Мен бўлсам бандиман унинг сеҳрига...
Сенсизман...
Дунё-дунё дардим бағримга босиб,
Ёлғизлик ғамини елкамга осиб,
Умид – юрагимни ямаган косиб,
Танҳо кетаяпман, кўз ёш – денгизман,
Нетай, қалбим етим – ҳамон Сенсизман!
Ҳаёт, осмонингда қанотсиз қушман,
Кимгадир орзуман ва ёки тушман,
Кимдир дўст билади, ким билар душман,
Бу алам, қайғулар аро тенгсизман,
Билганим – бу дунё армон, Сенсизман…
Койима, бунчалар андуҳи кўп деб,
Бу қисмат олови борим қўйди еб,
Дард, алам кўйлаги – тақдир берган сеп,
Кийганим шу бўлди, қара – енгсизман,
Ранглари заъфарон сомон, Сенсизман...
Сарҳадлар
Сизни хаёлларим ҳеч қўймайди тинч,
Хаёллар, соғинчлар бошлайди йўлга.
Дилингизда эса бир митти илинж,
Шунда телефонни оласиз қўлга.
Оҳиста терасиз рақамларимни,.
Гудоклар... Овозим берарми умид?
Бузмоқни истайсиз сарҳадларимни,
Аммо бормоқда-ку, ҳисларим сўниб...
Қўйинг. Кул ичидан изламанг олов,
Рақамим унутинг, бу бари ўтмиш.
Мени ўлдирди-ку, ўша шум алдов,
Мени ўлдирди-ку, ғийбат ва миш-миш.
Бўлди, онтларингиз менга керакмас,
Бошқа ишонмайман, алаҳсираманг.
Менга борлигингиз энди тиргакмас,
Энди мени қўйинг, имкон сўраманг.
Бўлди, қалбим ғижим, ҳислар бағри қон,
Нимаики бўлса, ҳакамдир Аллоҳ..
Энди юрагимни чақади Армон,
Сизни деганимми - мен қилган гуноҳ?
Ёки ишончимми, пойингиздаги,
Сиз унга шунчаки артдингиз-ку, пой?
Ёки забунликми бор қалбимдаги,
Меҳробим булғаган балчиқ ёки лой?