ХАЛҚИМ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

КИЧИК ҲИКОЯЛАР

УМР  

     Янги йил келаяпти.
     Набира шодон: “Умримга бир йил қўшилаяпти!!”
     Бобо ўйчан: “Умримнинг бир йили кетаяпти...”
     Набира: - Бобо, янги йил келаяпти!
     Бобо: - Эски йил кетаяпти, болам...

ЭССИЗ... ЁШЛИК

  Ёшлар етакчиси адибга таажжуб билан боқди:
- Ҳурматли адиб, тўғриси, келажак қўл телефони бор ёшлар қўлида. Буни тан олинг.
     Бироқ адиб ёшлар ҳам, келажак ҳам қўлтелефоннинг қўлида эканлигини англаб улгурганди.

ДАҲШАТ

  Ер юзи интернет уммонида чўкиб бормоқда. Одамзот... Одамзот эса хурсанд. Гўё чўкмайдиган каби хурсанд...

МОҲИЯТ

- Вася, майли, қуриб кетсин, амаким айтган ўша ўқ заводига ишга кирсанг бўларкан.
- Нина, эсинг жойидами? Ахир бизнинг фарзандларимиз бор-ку! Учови ҳам ўғил!
- Нима қипти?!
- Ахир ўша ўқлар барибир бир куни отилади-ку...

ХАЛҚИМ

   Халқаро анжуман бошланишига саноқли дақиқалар қолди. Дунёга машҳур оврўпалик адиб ҳамон менга тирғалиб ҳолу жонимга қўймаяпти: “Халқингиз ҳақида яна кўп нарсалар билгим келаяпти, ажойиб халқ экан-а, ўзбеклар...”
     “Ҳа, жуда ажойиб халқ менинг халқим!”, - дейман ва анжуман залига юзланаман.
     Машҳур адиб ортимдан эргашади:
- Халқингиз ҳақида янада тўлиқроқ тасаввурга эга бўлсам эди. Унинг донишмандлиги ифодаланган яна бирорта ҳикматли мақол айтинг, - деди тоқатимга ўт қўйиб.
- “Отангни ўлдирганга онангни бер!”, - деган буюк мақолимиз бор. Биз шунга амал қиламиз, - дедим мен.
     Буюк адиб бир сесканиб тушди. Менга анграйиб қараб қолди. Карахт.
     Ҳа, шундай бўлиши табиий эди. У буни тушунмайди. Қаердан ҳам тушунсин.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот