Чавандоз ва мухбир


Ҳовли адоғида... Жимлик. Кеч кирган...
Чавандоз қассобга сўз қотди секин:
“Эҳсон қилганимни айтма ҳеч кимга
Уч новвосни сўйиб тарқатгин текин...”.
Қулоғи кар эмас эди ҳартугул
Қассоб бу тортиқдан ушлади ёқа.
Новвос арқонига узатмасдан қўл
Оллоҳ даргоҳига ўтди садақа.
Саховат қалбингда очмаса ғунча —
Уйинг ҳам берк эрур тиниқ насимга...
Бизлар-чи ,муҳтожга бир тешиккулча
берсак, туширамиз юз бор расмга.
Соянгга сир айтма кетсангда тўлиб
Одамзот шундай бир кунга қолдида...
“Бобо, эҳсон қипсиз, қуллуқ бўлсин”, деб
Мухбир турур эди эшик олдида.
Набира сўзлади: “Бобо видеога
Сизни тушираркан, танир дунё ҳам...”
Чавандоз оғринди: “Ёқмас Худога
Қилган эҳсонимни мақтасам болам...”.
Одам эсдан кетди ориятни еб —
Миннат чангалида эзар меҳрни...
Битта ниҳол экса, меникисан деб
Тарозида тортмоқ бўлади Ерни...
“Бу сирни билмайди отамдан ўзга...”
Қассоб ўғли мухбир жилмаяр гулгун.
“Ёзаман, олқишлар ёғилар Сизга
Обруйингиз ошиб кетади бугун!...”.
“Жон болам, мақтама, борми қасосинг
Кар-соқов бир чол де, бош оғриқ дегин...”
Охир тошди чолнинг сабр косаси:
“Йўқса , ўлган дегин! Мени йўқ дегин!..”.
Қайсар чол олади тўнин терс кийиб,
Мухбиржон, ниятинг чўкар рўёга —
Мурувват томири чиримаган деб
Бонг урмоқчи эдинг хасис дунёга.
Чавандоз халқи шу — бир гапли ўктам,
Ачинма, беҳуда кетган пайтингга...
Мен шеърга туширдим бу ҳолни, укам,
Лозим топсанг, жойлаб қўйгин сайтингга...

Қўчқор НОРҚОБИЛ.
4 апрель, 2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот