ИҚРОР


   Нилуфар ЖАББОРОВА
 
  Ўрни келганида тан олиш, бўйин эгиш, ўз вақтида хатони англаш, тўғри хулоса чиқариш, қадрлашни ўрганиш, ҳар бир инсоннинг ўз ўрни борлигини тушунтириш  – болалар учун катта мактаб! 

ИҚРОР
Ҳикоя
   Маликанинг ҳар куни эрталаб боши қаттиқ оғриб, ўзини лоҳас ҳис қилади. Бувиси эса: “Бу ҳаммаси уйқудан кеч туриш ва кам ҳаракат қилишдан. Қиз бола эпчил, чаққон бўлиши лозим”, дея таъкидлайди. Чойни хуш кўрувчи Хосият буви ҳар гал чойнак кўтариб кирган набирасини мақтовларга кўмиб ташлайди...
   Мадина бу гал ҳам  ҳозир мақтов эшитаман, деган ўйда чойни оҳиста қуйиб узатди. Бувиси чойни бир ҳўплади-ю юзи тундлашди:
– Қанақа чой дамладинг, Малика? 
– Кўк чой, бувижон! Ранги очроқ бўлибдими? – деди ҳайрон бўлиб.
– Йўқ, яхши, ўзинг ҳам бир ичиб кўр, кейин биласан, – деди Хосият буви қошларини чимириб. 
   Малика ҳайрон бўлганича чойни ичиб кўрди. Чой эмас, нақ намакобнинг ўзгинаси-я. “Оббо, чой билан туз ёнма-ён турган эди. Хаёл билан чойнинг ўрнига туз солиб дамлабман-ку!” деган ўйда айбини беркитиш учун чойнакни қўлига олди-да:
– Ҳозир  сизга зўр чой дамлаб келаман, бувижон, – деди. Бувиси эса Маликанинг чўнтаги ёнидан кўриниб турган қўл телефонига ишора қилганича:
– Бу аҳволда чой ўрнига мурч ёки аччиқ қалампир солиб келсанг ҳам ажабланмайман. Сен қизга ўзи қачон ақл киради-я?! – деди бош силкиб...
   “Шу бувимга ҳеч бир ишим ёқмайди-да. Эрта тур, кўча, ҳовли супур. Супурганингда, қозон бошида турганингда, албатта, бошингга рўмол ўраб олгин. Шим эмас, узунроқ кийим кий, эгилганда ён-верингга қараб сергак бўл. Кўйлагингни ёқаси ёпиқ бўлсин... Ҳеч насиҳатлари тугамайди-да ўзиям. Ҳар куни бир соатлик доклад ёки маърузалари тайёр туради. Катталар ёшларни тушунишмайди, деб шуни айтишса керак-да...” Малика ўзига-ўзи бир нималар деб ғўлдираганича ўзини чалғитиш учун қулоғига қулоқчинни тақиб қўшиқ эшита бошлади.
   Эртасига эшик қўнғироғи овозидан уйғониб кетган Малика ойна тирқишидан ким экан дея, ажабланиб қаради. Қишлоқдан бувисининг узоқ қариндошлари келганини кўриб, “Тавба, шундай каллаи саҳарлаб ҳам бировникига меҳмонга келишадими? Биз меҳмонга бормоқчи бўлсак эрталабдан кечгача ҳозирлик кўрамиз-ку”, деб кўрпасини яна бошига тортди.
   Суҳбат чоғида Хосият буви қишлоқдаги янгиликларни эшитиб дили яйради. Кетишга чоғланмоқчи бўлган Феруза опа хижолат бўлиб: 
– Қизим Нодира бу йил коллежнинг 1-босқичини тамомлади. Ўқишлари аъло. Ҳозир таътил бўлгани учун мени ҳоли-жонимга қўймай етаклаб келди. Шаҳарда замонавий пардалар тикишни ўргатадиган курслар бор экан. Қўнғироқ қилиб манзилини аниқладик. Ўқув курси уч ой давом этаркан. Ўзингиз биласиз, мен ҳам ҳар куни ишдаман. Келишилган ҳолда шу уч ойлик ўқув машғулотини бир ойда ўргатадиган бўлишди. Шундай қилмасак рўзғор ишларида қийналиб қоламиз. Қизим шу бир ой сизларникидан қатнаб ўрганса дегандим...  – деди. Хосият бувининг чеҳраси ёришиб кетди:
– Бемалол. Ҳеч хижолат бўлманг. Малика билан ўртоқ бўлиб зерикишмайди, – деди. 
Малика уйқудан туриб Нодирага синчиклаб қаради. Билдики, иккаласининг ёши деярли бир хил экан. Нодира анча қувноқ, киришимли қиз бўлиб, ўзидан билиб уй юмушларига кўмаклаша бошлади. Уни кузата туриб Маликанинг хаёлидан, “Бувимга шунга ўхшаган қизлар жуда ёқса кераго-ов”, дея ўйлади. Дарҳақиқат,  Нодира ҳаммага ёқиб қолди. У эрта тонгда туриб кўча ва ҳовлиларни супурар, нонушта тайёрлар, арзимаган масаллиқлардан турли хилдаги ширинлик, салат ва таомлар тайёрлардики, уйдагиларнинг барчаси кичик меҳмонга таҳсинлар айтишарди. Уй юмушларини бажараётганда бошига, албатта, рўмол ўраб оларди. Хосият буви  Нодирани кузатар экан, “Қизларга ўрнак бўладиган жиҳатлари кўп экан-да”, деди. Унга меҳр билан қараб турган бувисидан Маликанинг жаҳли чиқди:
– Намунча ўша қариндошингизни мақтамасангиз. Барибир у шаҳар қизларидек бўла олмайди. Кийинишда, юриш-туришда... Хосият буви эса парвосизгина:
– Ўхшамаганиям дуруст, – деди. 
   Маликанинг бувиси, ойиси, дадаси, ҳаттоки укалари ҳам Нодирани яхши кўриб қолишди. Худдики Малика ўзини уйда йўқдек ҳис этарди. Ҳеч ким унга бормисан, нима қиляпсан, нега хафасан, деб ҳол сўрамас, гўёки ҳамма эътибор Нодирага қаратилгандек туюларди. Айниқса, Нодиранинг бувиси билан бир хонада туриши, уларнинг қизғин суҳбатлари унинг ғашини келтирарди. Нодира ҳаммасига улгурарди. Уй ишларига кўмаклашишга ҳам, ўқув курсига бориб келишга ҳам...
   Бир куни Малика ўқув курсига кетишга  тайёрланаётган Нодирани зимдан кузатди. Тартиб билан ўрилган узун соч, силлиқ қилиб дазмолланган оддийгина, лекин бежирим кўйлак, пошнаси унча баланд бўлмаган туфли... Ортидан кузатиб қолар экан, ич-ичидан унинг нозик ва чиройли эканлигини ҳис қилди, аммо буни тан олгиси келмасди. Малика: “Мен хоҳласам бундан-да ишчан ва чаққон  бўла оламан”, деди қатъият билан. Кечки пайт вақтли туриш мақсадида соат милларини 6:00 га тўғрилаб қўйди. Соат жиринги эшитилиши билан шошиб ўрнидан турди-да, ҳовлига чиқди. Қараса, Нодира аллақачон уйқудан турган, кўча ва ҳовлиларга сув сепибди. Шундай қилиб Нодира  ҳовлини, Малика эса кўчани супурадиган бўлди. 
   Уйга кирганида Нодира ҳовлини супуриб бўлган, нонушта тайёрлаётган экан. Устидаги кийими, рўмоли ҳам бошқа. Унга қараб Маликанинг хаёлидан, “Кийимини ўзгартиришга ҳам улгурибди-я”, деган ўй ўтди. Ҳамма нонуштага ўтирганида Малика чангдан тарашадай қотиб қолган сочини тарай олмай хуноб эди. Дастурхон бошида Малика Нодиранинг узун сочлари товланиб турганини кўрди-ю, рўмол ўраш соч парвариши учун, тозалик учун ҳам зарур эканлигини тушунди...
   Чойни янгилаш учун чаққонлик билан ўрнидан турган Нодирани ортидан кузатар экан, Хосият буви:
– Малика, сенга тиктириб берган кўйлакларимни ҳеч бирини киймаяпсан. Яп-янги турибди. Бирортасини Нодирага совға қилсанг бўларкан. Бичимингиз бир-бирингизга тўғри келаркан, – деди. Бувисининг кутилмаган бу гапи Маликага ёқмади:
  – Бувижон, ахир улар менга атаб тикилган, ўзим кияман, Нодирага бошқа тиктириб берақолайлик, – деди қизғанаётганини сездирмаслик учун.
Хуллас,  Малика Нодирадан ортда қолмаслик учун жавонида тахланиб ётган кўйлакларини олди. Ҳаммасини дазмоллаб бир қатор қилиб шкафга илди. Бу сафар соат қўнғироғини 5:00 га қўйди. Эрта тонгдан кўйлагини кийди-да, бошига бувиси берган рўмолни ўради. Ҳамма жойни чиннидек ярақлатди. Нонушта тайёрлаётган Нодира  унга қараб жилмайди-да:
– Бирам чиройли бўлиб кетибсанки, ўртоқжон, – деди. Малика эса ич-ичидан Нодирадан миннатдор эди. “Раҳмат”, деди самимийлик билан. У барвақт уйғонгани учун ўзини қушдек енгил ҳис қилди ва бувисининг сўзлари ростлигига яна бир бор амин бўлди. 
   Ана-мана дегунча Нодиранинг бир ойлик ўқув курси тамом бўлганини сезмай қолишди. Уни қишлоққа кузатишар экан, гўёки бутун ҳовли ҳувиллаб қолгандек бўлди... Хосият буви набирасига  қараб: 
– Нодира ажойиб қиз экан. Қўшниларимиз ҳам қизларига Нодирани ўрнак қилиб кўрсатишди. Сен менсимаган қиз ҳаммани лол қолдирди, – деди. Малика айтган гапларидан афсусда:
– Йўқ, бувижон. Нодира меҳнаткаш, замонавий ва маданиятли қиз. Қаерда бўлмасин,  ҳамманинг ўз ўрни бўлсин экан, – деди.

***
Nilufar JABBOROVA
IQROR
Hikoya

   Malikaning har kuni ertalab boshi qattiq og‘rib, o‘zini lohas his qiladi. Buvisi esa: “Bu hammasi uyqudan kech turish va kam harakat qilishdan. Qiz bola epchil, chaqqon bo‘lishi lozim”, deya ta’kidlaydi. Choyni xush ko‘ruvchi Xosiyat buvi har gal choynak ko‘tarib kirgan nabirasini maqtovlarga ko‘mib tashlaydi...
   Madina bu gal ham  hozir maqtov eshitaman, degan o‘yda choyni ohista quyib uzatdi. Buvisi choyni bir ho‘pladi-yu yuzi tundlashdi:
– Qanaqa choy damlading, Malika? 
– Ko‘k choy, buvijon! Rangi ochroq bo‘libdimi? – dedi hayron bo‘lib.
– Yo‘q, yaxshi, o‘zing ham bir ichib ko‘r, keyin bilasan, – dedi Xosiyat buvi qoshlarini chimirib. 
   Malika hayron bo‘lganicha choyni ichib ko‘rdi. Choy emas, naq namakobning o‘zginasi-ya. “Obbo, choy bilan tuz yonma-yon turgan edi. Xayol bilan choyning o‘rniga tuz solib damlabman-ku!” degan o‘yda aybini berkitish uchun choynakni qo‘liga oldi-da:
– Hozir  sizga zo‘r choy damlab kelaman, buvijon, – dedi. Buvisi esa Malikaning cho‘ntagi yonidan ko‘rinib turgan qo‘l telefoniga ishora qilganicha:
– Bu ahvolda choy o‘rniga murch yoki achchiq qalampir solib kelsang ham ajablanmayman. Sen qizga o‘zi qachon aql kiradi-ya?! – dedi bosh silkib...
   “Shu buvimga hech bir ishim yoqmaydi-da. Erta tur, ko‘cha, hovli supur. Supurganingda, qozon boshida turganingda, albatta, boshingga ro‘mol o‘rab olgin. Shim emas, uzunroq kiyim kiy, egilganda yon-veringga qarab sergak bo‘l. Ko‘ylagingni yoqasi yopiq bo‘lsin... Hech nasihatlari tugamaydi-da o‘ziyam. Har kuni bir soatlik doklad yoki ma’ruzalari tayyor turadi. Kattalar yoshlarni tushunishmaydi, deb shuni aytishsa kerak-da...” Malika o‘ziga-o‘zi bir nimalar deb g‘o‘ldiraganicha o‘zini chalg‘itish uchun qulog‘iga quloqchinni taqib qo‘shiq eshita boshladi.
   Ertasiga eshik qo‘ng‘irog‘i ovozidan uyg‘onib ketgan Malika oyna tirqishidan kim ekan deya, ajablanib qaradi. Qishloqdan buvisining uzoq qarindoshlari kelganini ko‘rib, “Tavba, shunday kallayi saharlab ham birovnikiga mehmonga kelishadimi? Biz mehmonga bormoqchi bo‘lsak ertalabdan kechgacha hozirlik ko‘ramiz-ku”, deb ko‘rpasini yana boshiga tortdi.
Suhbat chog‘ida Xosiyat buvi qishloqdagi yangiliklarni eshitib dili yayradi. Ketishga chog‘lanmoqchi bo‘lgan Feruza opa xijolat bo‘lib: 
– Qizim Nodira bu yil kollejning 1-bosqichini tamomladi. O‘qishlari a’lo. Hozir ta’til bo‘lgani uchun meni holi-jonimga qo‘ymay yetaklab keldi. Shaharda zamonaviy pardalar tikishni o‘rgatadigan kurslar bor ekan. Qo‘ng‘iroq qilib manzilini aniqladik. O‘quv kursi uch oy davom etarkan. O‘zingiz bilasiz, men ham har kuni ishdaman. Kelishilgan holda shu uch oylik o‘quv mashg‘ulotini bir oyda o‘rgatadigan bo‘lishdi. Shunday qilmasak ro‘zg‘or ishlarida qiynalib qolamiz. Qizim shu bir oy sizlarnikidan qatnab o‘rgansa degandim...  – dedi. Xosiyat buvining chehrasi yorishib ketdi:
– Bemalol. Hech xijolat bo‘lmang. Malika bilan o‘rtoq bo‘lib zerikishmaydi, – dedi. 
Malika uyqudan turib Nodiraga sinchiklab qaradi. Bildiki, ikkalasining yoshi deyarli bir xil ekan. Nodira ancha quvnoq, kirishimli qiz bo‘lib, o‘zidan bilib uy yumushlariga ko‘maklasha boshladi. Uni kuzata turib Malikaning xayolidan, “Buvimga shunga o‘xshagan qizlar juda yoqsa kerago-ov”, deya o‘yladi. Darhaqiqat,  Nodira hammaga yoqib qoldi. U erta tongda turib ko‘cha va hovlilarni supurar, nonushta tayyorlar, arzimagan masalliqlardan turli xildagi shirinlik, salat va taomlar tayyorlardiki, uydagilarning barchasi kichik mehmonga tahsinlar aytishardi. Uy yumushlarini bajarayotganda boshiga, albatta, ro‘mol o‘rab olardi. Xosiyat buvi  Nodirani kuzatar ekan, “Qizlarga o‘rnak bo‘ladigan jihatlari ko‘p ekan-da”, dedi. Unga mehr bilan qarab turgan buvisidan Malikaning jahli chiqdi:
– Namuncha o‘sha qarindoshingizni maqtamasangiz. Baribir u shahar qizlaridek bo‘la olmaydi. Kiyinishda, yurish-turishda... Xosiyat buvi esa parvosizgina:
– O‘xshamaganiyam durust, – dedi. 
   Malikaning buvisi, oyisi, dadasi, hattoki ukalari ham Nodirani yaxshi ko‘rib qolishdi. Xuddiki Malika o‘zini uyda yo‘qdek his etardi. Hech kim unga bormisan, nima qilyapsan, nega xafasan, deb hol so‘ramas, go‘yoki hamma e’tibor Nodiraga qaratilgandek tuyulardi. Ayniqsa, Nodiraning buvisi bilan bir xonada turishi, ularning qizg‘in suhbatlari uning g‘ashini keltirardi. Nodira hammasiga ulgurardi. Uy ishlariga ko‘maklashishga ham, o‘quv kursiga borib kelishga ham...
   Bir kuni Malika o‘quv kursiga ketishga  tayyorlanayotgan Nodirani zimdan kuzatdi. Tartib bilan o‘rilgan uzun soch, silliq qilib dazmollangan oddiygina, lekin bejirim ko‘ylak, poshnasi uncha baland bo‘lmagan tufli... Ortidan kuzatib qolar ekan, ich-ichidan uning nozik va chiroyli ekanligini his qildi, ammo buni tan olgisi kelmasdi. Malika: “Men xohlasam bundan-da ishchan va chaqqon  bo‘la olaman”, dedi qat’iyat bilan. Kechki payt vaqtli turish maqsadida soat millarini 6:00 ga to‘g‘rilab qo‘ydi. Soat jiringi eshitilishi bilan shoshib o‘rnidan turdi-da, hovliga chiqdi. Qarasa, Nodira allaqachon uyqudan turgan, ko‘cha va hovlilarga suv sepibdi. Shunday qilib Nodira  hovlini, Malika esa ko‘chani supuradigan bo‘ldi. 
   Uyga kirganida Nodira hovlini supurib bo‘lgan, nonushta tayyorlayotgan ekan. Ustidagi kiyimi, ro‘moli ham boshqa. Unga qarab Malikaning xayolidan, “Kiyimini o‘zgartirishga ham ulguribdi-ya”, degan o‘y o‘tdi. Hamma nonushtaga o‘tirganida Malika changdan tarashaday qotib qolgan sochini taray olmay xunob edi. Dasturxon boshida Malika Nodiraning uzun sochlari tovlanib turganini ko‘rdi-yu, ro‘mol o‘rash soch parvarishi uchun, tozalik uchun ham zarur ekanligini tushundi...
   Choyni yangilash uchun chaqqonlik bilan o‘rnidan turgan Nodirani ortidan kuzatar ekan, Xosiyat buvi:
– Malika, senga tiktirib bergan ko‘ylaklarimni hech birini kiymayapsan. Yap-yangi turibdi. Birortasini Nodiraga sovg‘a qilsang bo‘larkan. Bichimingiz bir-biringizga to‘g‘ri kelarkan, – dedi. Buvisining kutilmagan bu gapi Malikaga yoqmadi:
  – Buvijon, axir ular menga atab tikilgan, o‘zim kiyaman, Nodiraga boshqa tiktirib beraqolaylik, – dedi qizg‘anayotganini sezdirmaslik uchun.
Xullas,  Malika Nodiradan ortda qolmaslik uchun javonida taxlanib yotgan ko‘ylaklarini oldi. Hammasini dazmollab bir qator qilib shkafga ildi. Bu safar soat qo‘ng‘irog‘ini 5:00 ga qo‘ydi. Erta tongdan ko‘ylagini kiydi-da, boshiga buvisi bergan ro‘molni o‘radi. Hamma joyni chinnidek yaraqlatdi. Nonushta tayyorlayotgan Nodira  unga qarab jilmaydi-da:
– Biram chiroyli bo‘lib ketibsanki, o‘rtoqjon, – dedi. Malika esa ich-ichidan Nodiradan minnatdor edi. “Rahmat”, dedi samimiylik bilan. U barvaqt uyg‘ongani uchun o‘zini qushdek yengil his qildi va buvisining so‘zlari rostligiga yana bir bor amin bo‘ldi. 
   Ana-mana deguncha Nodiraning bir oylik o‘quv kursi tamom bo‘lganini sezmay qolishdi. Uni qishloqqa kuzatishar ekan, go‘yoki butun hovli huvillab qolgandek bo‘ldi... Xosiyat buvi nabirasiga  qarab: 
– Nodira ajoyib qiz ekan. Qo‘shnilarimiz ham qizlariga Nodirani o‘rnak qilib ko‘rsatishdi. Sen mensimagan qiz hammani lol qoldirdi, – dedi. Malika aytgan gaplaridan afsusda:
– Yo‘q, buvijon. Nodira mehnatkash, zamonaviy va madaniyatli qiz. Qayerda bo‘lmasin,  hammaning o‘z o‘rni bo‘lsin ekan, – dedi.