ОНА…
Мунаввара УСМОНОВА
ОНА…
Она мени қўйиб юборманг,
Уйиб олинг қовоғингизни.
Бойлаб олинг остонангизга,
Кўзга суртай оёғингизни.
“Кетма, болам”, деб айтинг, она,
Умр кетар экан югуриб,
Ортга тортиб юрак ўртайди,
Етти қадам ташламай туриб.
“Мен кексайиб қолдим, ҳолим йўқ,
Чойни ўзинг дамла, болам”, денг.
Менга қўйган тансиқ таомнинг,
Чеккасидан ўзингиз ҳам енг.
Яхши бор, деб, жилмайиб турманг,
Бедор қилсин маъюс юзингиз.
Нуктадонлик қилар ҳар жойда,
Соғинтирган, бедил қизингиз.
“Икки кунга келдингми”, дея,
Гирён бўлди ҳолимни сўраб.
Мен ортимга қайрилмай кетдим,
Юрагимга музларни ўраб...
Соғинтирсам энди кечирманг,
Топганимни йўлга сочаман.
Ичикиб зор йиғлаб юргандан,
Ёнингиздан эшик очаман.
Нон ёпамиз, райҳон экамиз,
Ташналикдан ариймиз, она.
Шоирлик ҳам... не бўлса бўлар
Биргалашиб қариймиз, она...
Она мени қўйиб юборманг...