СОҒИНЧ ҲАМ ДАРД
25 Июль оиламизнинг тўнғич фарзанди - раҳматли Нодир акамнинг туғилган куни!
Нилуфар ЖАББОРОВА
Нодиржон, менинг беозор, хокисор болагинам. Меҳр тўла кўзларингни, майингина, мустаргина кулиб туришларингни соғиндим... Соғинчинг юрагимни ўртаб, кўзга кўринмас пичоқ тиғли қўл уни минг бўлакка бўлиб қийма-қийма қиляпти. Оҳ, мен – бепарво, бемеҳр онанг, нима қилиб қўйдим-а! Қандай қилиб сени бой бердим? Кўзга учдингми, ҳавасу ҳасадга ёки дўстман деб юрган душманларимнинг ишими бу?!
Қандоқ йигит эдинг-а, меҳрибоним. Ҳамма ҳавас қилар, орзулаб сенга ўхшаган йигит бўлсин деб боласига, набирасига исмингни қўйганлар қанча эди-я!
Икки йилдирки, йўлингга кўз тикаман. Хаёлимда мўъжиза рўй берадигандек, эшикдан бўйлари барваста, қадамлари дадил, қўли кўксида, чеҳрасида аллақандай илоҳий нур бор Нодирим кириб келадигандек. Эшикка тикилганча тонг оттираман. Мўъжиза рўй бермайди. Кўзларимнинг сели ҳўл қилган болишга юзимни босиб яна алам билан йиғига зўр бераман. Дардингни олай деб уриндим, чопдим, елдим, югурдим. Аммо синовлар олдида ночор қолдим, болам.
Сен андишали, шу билан бирга ўта сезгир эдинг.
Ўшанда касалхонада бош врачнинг айтган гапларини эшитиб, шундай дединг:
– Аяжон, жуда ишонувчансиз. Шу одам сизга дўстми?! Бундай муғомбир одамлар бирор-бир кишига яхшилик қила олмайди. Яхшиси, уйга қайтайлик. Ўзимизни уйда, тинч-хотиржам, тезроқ яхши бўламан...
Мен гумроҳ шунда ҳам сени оғриқлардан толиқишлар безовта қиляпти, деб ўйлабман.
– Нега ундай дейсан, болам. Менда душман нима қилсин?!
Содда онанг манфаатдорлик бор жойда ўз гуноҳини яшириш учун ҳар қандай разилликка қодир кимсалар борлигини билмади, болам.
Яратганнинг иродасими, тақдирингга ёзилганими, сени шу куни йўқотдим... Оҳим кўкка етди, фарёдим жаҳонни бузди. Лекин бир бор кўзингни очмадинг.
Лабларингда шунча азобдан сўнг ҳам ўша чиройли кулгичинг қотиб қолганча, мендан, менинг соддалигимдан кулиб-кулиб кетдинг. Мени ғавғоли, душманли дунёга мангу армонда ташлаб кетдинг...
Хаёлларимни телефон овози бузади. Гўшакдан овозимдаги йиғини сезиб, Тошкентдан қўнғироқ қилаётган шоира дугонам Умида Абдуазимова куйинчаклик билан койиб беради:
– Сайёражон, яна йиғими? Ўзингизни қўлга олинг. Яратган эгам меҳрибон. Олганини ўрнини ўзи тўлдиради. Сабрли бўлинг. Мана, ёнимда раҳматли ўғлимнинг туғилган кунида дунёга келиб, бағримни тўлдирган набирам. Дугонангизга салом айтинг, деб чулдираб ўтирибди. Яқинда мўътабар Ҳаж сафарига кетаяпман. Кетишдан олдин бир соғлиғингизни сўрай дедим.
Умиданинг жонбахш овозидан таскин топиб тириламан. Кўз ёшларимни артиб ҳовлига чиқаман. Велосипедчасини миниб ўйнаб юрган ўғилчанг қўлларинг билан экканинг – чамандек очилган атиргулларингни кўрсатиб шодон қийқиради:
– Моможон, моможон, қаранг, дадамнинг гули очилибди.
Қуёшдек чарақлаб бағримга отилган ёдгорингни кўксимга босиб, ўрнингни тўлдирган меҳрибон Яратган эгамга шукрона айтаман. Охиратинг обод, руҳинг тинч бўлсин, болам!
Сайёра ЗОИРОВА,
2009 йил.