УЧРАШУВ
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
УЧРАШУВ
Баллада
Оғир кун — душанба,
Тонг саҳар палла,
Жунжикиб бекатга кирганим замон,
Уйқуси ўчмаган бадқовоқ тўда
Мени суриб кетди вагонлар томон.
Киртайган нигоҳлар,
Бўшашган танлар,
Бемажол тирсаклар оқими аро,
Мен туйқус ортимга ўгирилдиму...
Пешонамга чақмоқ урилди гўё!
Мен кўрдим,
Мен кўрдим,
Кўрдим, худойим,
Сен ўзинг турардинг устун ёнида —
Лойқа оқим ичра сарвдай мағрур,
Юмушга шошганлар издиҳомида.
Мен кўрдим,
Бу ўзинг эдинг, азизам,
Суюклим, ягонам, қувончим, бахтим!
Мен ахир шунча йил тентиб девона
Бир сени, бир сени, сени изладим.
Ниҳоят учрашдик!
Ҳазор шукрона,
Энди айрилмайман сендан то сўнг дам...
Наҳот кўрмаяпсан? Менга бир қара!
Бу мен чорлаётган, менман, азизам!..
Нега юксакларга тикдинг нигоҳинг,
Мен ахир пастдаман, оломон аро.
Сен бир зум қуйига разм сол, жоним,
Сен бир зум бадқовоқ тўдага қара.
Наҳот кўрмаяпсан,
Бу менман, ёраб!..
Мен ўзим ёнингга бораман шу он!
Бироқ пишиллаган бадқовоқ тўда
Мени суриб кетар вагонлар томон.
“Мени қўйиб юбор, сўқир издиҳом!
Шилимшиқ чангалинг бўшат бир лаҳза!
Мени қўйиб юбор!..”
Ўкраб йиғлайман,
Бундаман, азизам, менга бир қара!
Йиғлаб ёлвораман: “Қўйвор, оломон!..”
Азизам, ҳеч қурса овозим эшит.
Оёғим узилар ердан ногаҳон,
Юзимга қарсиллаб ёпилар эшик.
Поезд қўзғалади.
Қанисан, жоним,
Суюклим, ягонам, қувончим, бахтим!
Мен ахир шунча йил тентиб девона
Бир сени, бир сени излаган эдим.
Ёраб, улгурмадим!
Чайқалар вагон.
Зим-зиё кўксига ютади бўшлиқ.
Тепамда хириллар чарчоқ сухандон:
“...йўналишнинг сўнгги бекати “Йўқлик”...”
------------