СЕНДАН НИМА КЎРДИМ ДЕСА АЁЛИНГ


СЕНДАН НИМА КЎРДИМ ДЕСА АЁЛИНГ 

Ногаҳон кўзингга дунё қоронғу, 
Ўзингники бўлмай қолар хаёлинг. 
Яхши эмасмиди ютганинг оғу - 
Сендан нима кўрдим деса аёлинг. 

Заминни титратиб босардинг қадам, 
Осмонни айланар эди шамолинг. 
Топилмас сендан-да бечора одам - 
Сендан нима кўрдим деса аёлинг. 

Эрни эр, ёки ер айлайди ўзи, 
Ундандир равнақинг ёки заволинг. 
Яқинлашди дегин қиёмат рўзи - 
Сендан нима кўрдим деса аёлинг. 

Бир боқсанг оловдир, бир боқсанг гулдир, 
Иста, ён, хоҳла, кул - ихтиёр ҳолинг. 
Ичингдан душманнинг чиққани шулдир - 
Сендан нима кўрдим деса аёлинг. 

Мардлигинг чикора, недир савлатинг, 
Уйингда бўлмаса тинчу иқболинг. 
Қайдадир бор экан демак ғафлатинг -
Сендан нима кўрдим деса аёлинг. 

Асра, гар учраса солиҳа хотин,
Йўқса, эй дўст, олма дилга малолинг. 
Жонга эгов бўлар, дўзахга ўтин -
Сендан нима кўрдим деса аёлинг... 

Бобур БОБОМУРОД










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот