Бу дунёда мўъжизалар бор
Муаллифдан: Гарчанд дастлабки қораламалару матбуотда эълон қилинган илк машқлар шеърлардан иборат бўлса-да, ҳеч қачон шоирликни даъво қилмаганман. Зеро, назаримда, кейинги ўттиз-қирқ йил мобайнида назмчилигимиз эришган даражада қалам тебратиш унча-мунча ижодкорнинг қўлидан келавермайдигандек... Шунга қарамай, ўтган чорак асрдан зиёдроқ вақт мобайнида кўнгилда кечган ҳис-туйғуларни уйқаш мисраларда ҳам ифодалашга эҳтиёж туғилган онлар кўп бўлди. Натижада юзага келган шеър, баллада, достонларнинг бир қисми баъзан ўз номимда, баъзан тахаллус билан вақтли нашрларда эълон ҳам қилинди. Ўзим ҳам кутмаган ҳолда, шеърларнинг айримларини қўшиқ қилиб куйлашди... Хуллас, йиғилиб қолган анча-мунча машқларим ичидан ўзимга маъқул туюлганларини танлаб олиб, тўплам ҳолида чоп этмоқдаман. Уларга баҳо бериш эса ўзингизга ҳавола, муҳтарам ўқувчи.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
У БОШҚА...
Уйғониб кетаман ярим тунми, тонг,
Қарайман илинжлар ила ёнбошга.
Ёнимда ётади ойдайин жувон,
Лекин у сен эмас,
У бошқа, бошқа.
Сирғалиб чиқаман иссиқ тўшакдан,
Остона... Таниш бўй ургандай бошга.
Мен беҳол ортимга ўгириламан,
Лекин у сен эмас,
У бошқа, бошқа.
Юлдузлар милтирар — осмон йиғлайди,
Армон кўзларимни тўлдирар ёшга.
Ойнадан бўйлайман, жувон ухлайди,
Лекин у сен эмас,
У бошқа, бошқа.
Ҳовли, олам менга туюлар зиндон,
Ургиларим келар бошимни тошга.
Ойдай тўшагимда бир мунис жувон,
Лекин у сен эмас,
У бошқа, бошқа.
Ў, шўрлик фаришта дардим билмайди...
Мен-да қўлим чўзган бесуюк ошга.
На қилай, ёнига киргим келмайди,
Ахир у сен эмас,
У бошқа, бошқа.
Уйғониб кетаман ярим тунми, тонг,
Қарайман илинжлар ила ёнбошга.
Ёнимда ётади ойдайин жувон,
Лекин у сен эмас,
У бошқа, бошқа...
(1990)
* * *
Икки томон кетдик иккимиз,
Сен мағрибга, мен машриқ томон.
Аросатда қолди ишқимиз,
Қалбимизда совуқ бир армон...
Не ҳам дердим, хайр, алвидо,
Унинг билан шод, бахтиёр бўл.
Мени бахтли этмадинг. Аммо
Нечун қайғу? Ҳаёт ҳали мўл.
Сени кўплар севади ҳали,
Менга ҳам ёр бўлар ўзга қиз.
Севгимизга аза тутгали
Иккимизнинг йўқдир вақтимиз...
(1980)
* * *
Ҳижрон мени қийнади кўп вақт,
Кўз ёш тўкдим узун оқшомлар.
Дил-дилимдан фарёд чеккан пайт,
Пайдо бўлди шеърий каломлар.
Замин титраб кетди бир дамга —
Содир бўлди буюк мўъжиза!
Қоғоз билан тўлган хонамга
Қадам қўйди ўшал фаришта...
У ўқиди...
Мукофот бўлса,
Бир умрга шунинг ўзи бас:
Бир томчи ёш,
Бир тотли бўса
Ва "азизим” деган титроқ сас...
ҲАЛҚА
Зериккан чоғларинг ўқи шеърларим,
Бўлса-да барида ягона маъни:
“Токи ҳаётдирман, дуойим, онтим —
Севаман, севаман, севаман сени...”
Ундан ҳам зериксанг ўқи хатларим,
Бўлса-да барида ягона маъни:
“Бунча оғир карвон вақт деганлари,
Соғиндим, соғиндим, соғиндим сени...”
Ундан ҳам зериксанг самога боққил,
Қара, у не учун маҳзун, серёмғир.
Осмон кўп раҳмдил, у менинг дардчил
Қалбимга қўшилиб йиғлайди ахир.
Ундан ҳам зериксанг қара заминга,
Илк майсалар титраб туришар ожиз.
Улар фироқингда куйган, қоврилган
Қалбда унаётган умидлар ҳаргиз.
Ундан ҳам зериксанг... хуш ўзга неки,
Неки пурмаънодир — воз кеча қолгил.
Бўлса-да барида ягона маъни:
Яна шеърларимни қўлингга олгил...
(1984)
БИЗЛАР УЧРАШАМИЗ
Мен ёлғон дунёга силкидим этак,
Билдим, бу дунёнинг доим бири кам.
Куйинма, марварид ёшларингни арт,
Бизлар учрашамиз ҳали, азизам.
Майитим лаҳаддан майсага дўниб
Муздай сағанага ўрмалаган дам —
Сен келсанг наҳорий шудрингга чўмиб,
Бизлар учрашамиз шунда, азизам.
Тўлин ой кўксингга солса ғулулар,
Қучса хотиралар аталмиш алам,
Ёноғинг куйдирса иссиқ туйғулар —
Бизлар учрашамиз шунда, азизам.
Дарпарда қимирлаб, таниш титроқ сас
Қайгадир чорласа сени дамо-дам,
Дераза қошига келсанг бир нафас —
Бизлар учрашамиз шунда, азизам.
Кимда не эътиқод — охир ижобат,
Менинг мазҳабимга қайишсанг сен ҳам,
Чин дунёда васл бўлғай иноят,
Бизлар учрашамиз шунда, азизам.
Мангулик олдда, бу умринг аслида
Фазода бир ёниб ўчган митти шам.
Маҳшар тонги мени уйғот оҳиста,
Бизлар учрашамиз шунда, азизам...
(1988)