ЯНГИ ЙИЛ УЧРАШУВИ


Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

ЯНГИ ЙИЛ УЧРАШУВИ
Баллада

Сервиқор либослар сиймин танда хор,
Кўркам чеҳраларда жаҳоний малол.
Журъатсиз нигоҳлар қалашган қатор
Зиналарни босиб чиқмоқда Аёл.

Бигиз пошналарга босганича лаб
Чўтир остона ҳам инграр бемадор.
Ташқарида... 
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор. 

Эшик очилади – эгилмас сарв қад,
Эшик ёпилади – сарв қад қилт этмас.
Худойим-эй, бундай илоҳий талъат 
Инсон боласига ҳеч насиб этмас...

Калит буралади...
Муздай манглайин
Муздайин кўзгуга босади Аёл –
Парда ёпилган сўнг оққуш либосин
Юлқиган кампирдан яшринган мисол.

Кўзгу хира тортар – аламли нафас,
Лаблар пир-пир учар – ўкинч йўлдоши.
Зада кўнгил томон милдираб, бесас
Қуйила беради аччиқ кўз ёши.

Файзсиз уйни муздай сукутга чулғаб
Виқор либослари оёқ ости, хор.
Ташқарида...
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор.

Занглаган юраги илвирар, ожиз
Ва сўнгги япроқдай титрару беҳол
Либослар устига қулайди жонсиз
Букчайган, бечора, муштипар Аёл. 

...Ногоҳ чалинади қўнғироқ. Эшик.
Наҳотки У келган...
Аёл лол, гаранг...
Аёл сарвдай қаддин тутганича тик
Муздайин калитни бурайди аранг.

Остонада эса қопин орқалаб
Янги йил шартини этгудек адо,
Телба ҳаяжондан титраб-қалтираб
Турар соч-соқоли оппоқ Қорбобо. 

 – Янги йил муборак...
Аёл баногоҳ
Чинқириб юбориб чекинар ортга,
Бу овоз... бу овоз... бу кўзлар... эвоҳ!
Наҳот... қайтган бўлса!
Бу ахир ўша...   

Қорбобо остона ҳатлар бежуръат, 
Сўнг Аёл қошига тиз чўкар нолон:
– Мен келдим, азизам, 
Сен кечир фақат,
                                Сенсиз яшолмайман, ишонгин, ишон...                          

Аёл қалқиб кетар, титрайди, ҳушсиз,
Тиёлмай қуйилиб келган  кўз ёшин, 
Туйқусдан бекалом  букканича тиз,
Йигитнинг кўксига қўяди бошин.

Қорбобо Аёлни қучар авайлаб, 
Лабларидан бўса олар беозор.
Ташқарида...
Тунни кундузга улаб
                                     Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор.                                    

Қайдир занг саси. Соат ўн икки.
Ҳовлида мушаклар отилар шодон. 
Бунда қувонч билан қоришган йиғи,
Бунда ажрашолмас бир йиллик армон...

Алоҳа қучоқдан чиқар Қорбобо, 
Аёлга тик боқмас, аланглар ночор:
– Мен энди кетмоғим керак, алвидо,
                  Менинг ҳали борар манзилларим бор.                 

Аёл... тушунади.
Беун бош эгган, 
Йигитнинг қўлларин маҳкам ушлайди.
Мана шу туришда видолашётган 
Ярадор оққушга жуда ўхшайди...

Эшик айбдорона ёпилар чоғи, 
Хонага сизади муздайин хаёл.
Бари тамом бўлди, ўкраб йиғлайди
Букчайган, бечора, муштипар Аёл. 

Мен нима қилардим, не имконимда,
Кўксимни чангаллаб бўзлаб йиғлайман.
Аёлга уч юзу олтмиш беш кунда –
Бир бормас, ҳар кунлик висол тилайман.

Ахир... ахир бунга бўлмайди чидаб,
Олдинда бир йиллик аччиқ фироқ бор.
Ташқарида...
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор... 
---------------










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот