Бир қарашда жуда осон кўринган бу юмуш замирида, қанчадан-қанча маъно мужассам. Шу восита орқали инсоннинг маданият даражаси, эстетик хусусиятлари намоён бўлади. Баъзи мамлакатларда чой узатишни ўргатишга мўлжалланган махсус курсларнинг мавжудлиги кишини ҳайратлантиради. Ҳар нарсадан ибрат изловчи зукко халқимиз эса ушбу жараёнга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Буни кўпгина ҳолатларда кузатишимиз мумкин.
Чой узатиш ─ келинчакнинг маҳоратини белгилаб берадиган санъатдир. Энг назокатли ва эътибор талаб қиладиган бу жараён, нафақат аёллар, балки эркаклар учун ҳам аҳамиятга эга.
Аёлларнинг ҳамма йиғинларда ҳам иштирок этмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, эркакларнинг ушбу ҳолатга жиддий ёндошишлари фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу вазифани ёши кичиклар амалга оширади.
Қайси даврада бўлишидан қатъий назар, чой билан келтирилган пиёлалар сони меҳмонлар сонига нисбатан битта кўп бўлади. Сабаби чой сузишдан аввал ҳам, кейин ҳам пиёлалар чайилиб, қолдиғи сўнги пиёлада қолдирилади. Бундан ташқари ортиқча пиёла олиб кириш меҳмоннавозликнинг яна бир нишонаси экан.
Дастурхонга тортилган чой уч бора қайтарилади. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Сувнинг 100 С да қайнаши барчамизга маълум. Бу даражадаги ичимлик эса инсон ҳаёти учун ниҳоятда хавфли. Уч бора қайтарилган чойнинг ҳарорати 70 С дан паст бўлади. Шунинг учун бўлса керак, «биринчиси ─ мой, иккинчиси ─ лой, учинчиси ─ чой» дея таърифлашади. Бунда «мой» ─ ичиб бўлмайдиган модда, «лой» ─ тиндирилмаган суюқлик, «чой» ─ хуштам ичимлик маъноларини англатса ажабмас.
«Биринчисини душманингга бер» деган нақл бор. Қадимда шоҳлар таом ейишдан олдин уни хизматкорларига едириб кўришган. Мақсад унинг таркибида заҳар бор-йўқлигини аниқлаш бўлган. Овқатнинг оғуланмаганлигига ишонч ҳосил қилгачгина истеъмол қилишган. Бу ривоят чой узатиш муомаласида бугунга қадар сақланиб қолган. Яъни сузилган биринчи пиёла ўзига олиниб, сўнгра бошқаларга берилади. Шунда ҳеч қандай шубҳа ва гумонга ўрин қолмайди.
Ўнг қўлда чой узатиш ҳурмат ва эътибор белгиси. Қаршингиздаги инсоннинг иззати. У ҳам ўз навбатида узатилган чойни шу қўлда қабул қилиши ва ичиши лозим.
Хонадонида дарз кетган идиш-товоқ сақлаш шу оиланинг файз-у баракотини қочириши ҳақида кўп бор эшитганмиз. Шундан бўлса керак бундай буюмлар ишлатишга яроқсиз ҳисобланади. Ёриқ ёки лаби учган пиёлада чой узатиш нописандлик саналади. Кўп ҳолатларда бундай буюмлар ташлаб юборилади.
Ўзбек хонадонларида гўзал одат бор. Уйга эркак киши меҳмон бўлиб келса, оиланинг аёли унга тўғридан тўғри чой узатмайди. Балки турмуш ўртоғи, отаси ёки ака-укалари орқали буни амалга оширади. Бир танишимнинг шу хусусида айтиб берган воқеасини мени қаттиқ таъсирлантирди:
«Акамни уйлантирдик. Келинчак синфдошим бўлганлиги сабабли янги оилага кўникиши қийин бўлмади. Бир куни уйимизга яқин дўстим келиб қолди. У акамнинг ҳам қадрдони эди.
Келинойим чой олиб кирди, сузиб тўғри меҳмонга узатди. Иштаҳа билан овқатланаётган акам эса бунга парво ҳам қилмади. Нимага бундай қилганимни ҳалигача билмайман. Аммо масофа яқин бўлишига қарамай, келинойимнинг қўлидаги пиёлани олиб, меҳмонга қайта узатдим. Иккаласи ҳам ҳайрат билан тикилиб қолишди.
Ўша пайтда шундай қилиниши кераклигини билмаганман. Ўйлашимча бу қадриятлар қон-қонимизга сингиб улгурган.».
Шундан бўлса керак чиройли лутф, назокат илми, илтифот масалалари тарбиянинг бош бўғинларидан бири бўлиб қолмоқда. Уларни ўсиб бораётган фарзандларга қадамба-қадам, босқичма-босқич уқтириб бориш, нафақат ота-онанинг, қолаверса, атрофдагиларнинг-да муқаддас вазифасидир. Чунки аждодлардан мерос қадриятларни бу воситаларсиз авлодларга етказиб бўлмайди.
Махсума ОҚҚЎЗИЕВА