ОДДИЙЛИК... САМИМИЙЛИК... ФИКРЛАР ВА ТУЙҒУЛАР...


  Суҳбатдошимиз - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, актёр, режиссёр ва дубляж устаси - Фахриддин Шамсиматов. 
  1996 йилдан бери режиссёрлик фаолияти билан шуғулланиб келади. Фахриддин Шамсиматов телевидение экранлари орқали эфирга узатилган кўпгина новеллалар, ток-шоулар, ҳужжатли фильмлар, реклама ва ижтимоий роликлар муаллифи ҳамда режиссёри.
   2012 йилда "Ўзбекфильм" киностудиясида "Сой қўшиғи" бадиий фильмини суратга олган. Сценарий муаллифлари - Игорь Блидарев ва Шароф Бошбеков.
   2012 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони берилган.
    "Энг улуғ, Энг азиз" кўрик-танлови ғолиби. (Йилнинг энг яхши эркак роли учун ). Россияда ўтказилган "DETEKTIV FEST" Фестивалида "Ҳақиқий эркаклар ови" бадиий фильмидаги милиция полковниги Озод роли учун "Энг яхши эркак роли" номинацияси ғолиби бўлган.
  2013-2017 йилларда "Ўзбектелефильм" студиясида "Олтин даврим" кўп қисмли телевизион сериалининг режиссёри ҳамда Исмоил Шомурод билан биргаликдаги сценарий муаллифи ҳамдир. 
  Ижтимоий роликлар фестивалида наркоманияга қарши курашга бағишланган ижтимоий ролиги учун биринчи ўринни олган.
  Шунингдек, Фахриддин Шамсиматов дубляж соҳасига ҳам талайгина салмоқли улушини қўшиб келаётган дубляж актёри хамда режиссёрларидан бири ҳисобланади. Жумладан, чет эл фильмларига овоз беришдан ташқари, ижод йиллари давомида кўпгина ҳофиз актёрларга ҳам овоз берган.  Сардор Раҳимхон, Равшан Собиров, Отабек Муталхўжаев,  Жўрабек, "Беном" гуруҳидаги Комил; ёш ўзбек актёрлари орасида Бобир Йўлдошев, Фарруҳ Соипов ва ҳоказо.

  Фахриддин Шамсиматов аксар ролларида мард, жасоратли, қатъиятли, ҳақиқий эркаклар тимсолини акс эттира олган ва ёшларимизга ибрат бўладиган ролларни ижро этган. Қолаверса, каминани ҳам дубляж соҳасида ўзимни синаб кўришимда катта ёрдам бериб, сериаллардаги айрим эпизодларни овозлаштиришим учун имкон ва  шароит яратиб берганликлари учун у кишидан беҳад миннатдорман! Дубляж соҳаси нафақат менинг, кўпчиликнинг орзуси.  Фахриддин Шамсиматовнинг шарофати туфайли бу орзуйим амалга ошганидан қувончим чексиз! Аслида, Фахриддин ака дубляждаги актёр ва актрисаларга жуда талабчан инсон. Шу сабабли, у овозлаштирган фильм ва сериалларда шева ё ғализ жумлаларни эшитмайсиз. Актёрлардан ҳолатга киришни, қандай оҳангда гапиришни моҳирлик билан эринмасдан тушунтиради. Айримлардек овозлаштириш ишларини тезда битириб, "қутулиб" қўя қолмайди! Дубляжда маблағ вақтбай эмас, қилган ишига қараб (ишбай) тўланишини инобатга олсак, демакки, дубляжда матнларни қайта қайта ўқиттириши, вақт сарфлашидан моддий манфаатдор эмаслиги, аксинча, ижродаги овозлар томошабинлар қалбига етиб боришини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини тушунамиз.
  Келинг, яхшиси, дубляж соҳасининг етук билимдони, моҳир устаси - Фахриддин Шамсиматов билан суҳбатимизни ўқиш асносида унинг кўнглидаги гаплардан бохабар бўлинг.

- Фахриддин ака, кино соҳасида нима сабабдан анча вақтгача вақтинча танаффус қилдингиз? Асосан, овозингизни дубляжларда эшитяпмиз, аммо фильмларда анчагача кўринмадингиз? Бунинг сабаблари кино ихлосмандлари, хусусан, Сизнинг мухлисларингизни қизиқтираяпти.
- Саволларингиз жуда ҳам осон савол ва ўзига яраша қийин савол... Одамни жавоб бергиси ҳам келади, жавоб бергиси ҳам келмайди. Баъзида сўраб қолишар эди: - Нима учун кинода кам роль ўйнайсиз, дубляжда кўп иштирок этасиз?, - деб. Баъзи инсонлар бор: кинода кўп ўйнайди дубляжда иштирок этмайди, баъзилари эса, аксинча, дубляжда кўп иштирок этади, фильмда эса камроқ. Яна шундай тоифа кишилар борки, бутун умри театрда ўтади, кинога тушмаганлиги ёки омад келмаганлиги туфайлими деб ўйлайманда, балки мен адашаётгандирман... адашаётган бўлай илойим, фақат ўзимни театрда кўраман, дейди. Шуни хам таъкидлаб ўтишни хоҳлардимки,  театр мен учун хам  азиз. Баъзилар театр кинодан кўра асосий ўринда туради, деб эътироф ҳам этишади. Лекин айрим катта ёшдаги актёрларни суҳбатидан эшитганманки, кинони жуда кўп театр актёрлари орзу қилган ва орзу  қилади. “Қани эди, мен ҳам битта бўлсада кинода роль ўйнасам”, деган умид билан яшайди. Театр мен учун биринчи, кинони тан олмайман, деган маънодаги баландпарвоз гаплар янграб қолган пайтларда, ичимда:  “ Шу ОДАМ самимий гапирдимикан",- деб ўйлаб қоламан . Мен театрни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Агар иложи бўлганда, театрда томошабин билан  самимий мулоқотда бўлиб, бирор бир роль ўйнагим келади. Баъзи бир актёрлар театрда ҳақиқатда ҳам фидокорона ишлаётганини кўргандан кейин ҳавас қилади, баъзиларини эса шунчаки йўл-йўлакай, иш ойлиги бор-ку деган маънода ёки стаж, штат учун, қанақадир бир нарсалар учун ишлаб юрганини сезиб қоласиз. Аслини олиб қарайдиган бўлсак, актёр сифатида ҳаммасини саҳнадаги ижросини ҳурмат қиламан. Кинони, суратга олиш майдончасини ҳам қадрлайман. Ўзим санъатдаги иш жараёнини телевидениядан бошлаганим учун, телевиденияга ҳурматим жуда юксак. Ҳар битта ўзига яраша бўлган чироғигача сезаман, ҳис қиламан, биламан, озгина бўлса ҳам тушунаман деб ўйлайман. Театрдаги, кинодаги ёки телевидениядаги биринчи план, иккинчи план, учинчи план - ҳаммасини, бироз бўлсада  тушуниб қолганим учун, учаласида ҳам ишлаш, ўйлашимча, менга қийинчилик тугдирмайди. Телевиденияга келадиган бўлсак, ток-шоулар олганман. Яъни суҳбат тариқасида бўлиб ўтадиган шоу бўладими ёки шов-шувли мусиқалар аралашган қўшиқ, ўйин-кулгу билан бўладиган кўнгилочар томошалар. Уни ҳам суратга олганман. Режиссиёр сифатида оддий кўрсатувни тасвирга олишда битта камера билан ҳам, бир вақтнинг ўзида, ток шоуларни олтита камера билан ҳам суратга олганман. Рассомлар билан, хох у телевидение ёки кино рассом бўладими, ҳар битта декорацияни қуришда ҳам, улар билан ёнма-ён хам ишлаб кўрганман. Декорация ёки суратга олиш жараёнига тайёргарлик борасида хам олиб қарайдиган бўлсак, иккаласи икки хил дунё. Рассом билан келишиб ишлаш, тасаввурингиздаги хаёлий манзаралар ва тасвирларни тушунтириб бериш, улар билан бирга тил топишиб ишлаш жуда машаққатли ва бу жараён муросани, муомалани талаб қилади. Операторлик борасида ҳам кино ва телевидения операторларининг ўртасида юқорида рассомларнинг тасвирга олиш жараёнига тайёрланишидаги фарқ бўлгани каби, бу ерда хам тафовут анча катта. Улар билан ҳам келишиб, ҳамжиҳатликда ишлаш керак. Театр ва кино актёрларини ҳам ўзига яраша фарқи бўлгани туфайли, мен иккаласини ҳам тушуниб етганим учун, уларга фикрларимни, ўзим истаган, аниқроғи томошабинларнинг талабини имкон қадар тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Кадрда, камеранинг олдида қанақа қилинса, осонроқ ишланади, театрда қандай қилса, равон ва силлиқ бўлади, яъни саҳнада томошабин олдидаги ҳолатлар юзасидан тушунча беришга уринаман. Театр билан кино жараёни орасидаги тафовут керак бўлса сонияларни ташкил қилиши, вақтнинг аҳамиятини қанчалар муҳим эканлигини ҳам  тушунтиришга интиламан. Шуни бироз бўлса-да фарқлай олишим, бу менинг бахтим деб ўйлайман.. Фақат мен, мен деявермай-ку, аввало, бу нарсаларни тушунтириб қўйгани учун Оллоҳга беҳисоб шукур, сабабчи қилиб қўйган устозларимнинг борлигига шукур, дейман.
  Камеранинг олдида бир соат йирик планда туриб, зерикмасдан ишлашим мумкин. Томошабин билан ҳам бемалол бирор бир спектакльда, у қайси роль бўлишидан қатъи назар,  ишлашим мумкин, деб ўйлайман. Телевиденияда ҳам ишлай оламан. Энди барибир, учаласида ҳам ишлаб кўрдим-да.
  Дубляж борасига келадиган бўлсак ёки актёрлик маҳоратига тўхталсак, кино актёрларни ҳаммаси ҳам ҳар куни тасвирга олиш майдончасида эмас. Йилда иккита фильмда, учта фильмда суратга тушар. Лекин 20 йил мобайнида ҳар куни кинода роль ўйнайвермайди. Дубляж эса шунақанги зўр касбки, овозлаштириш жараёни телевиденияда ҳам керак. Ҳужжатли фильмлар матнини кадр ортида ўқиш, бу фильм бўладими, реклама ролигими, бадиий фильм ёки кадр ортидан ўқишга мўлжалланган, бирор бир кўрсатувга тайёрланган матн бўладими,  хамма - хаммасига овозлаштириш (хозирги пайтда барчаси ДУБЛЯЖ деб аталаяпти) ва шу билан бирга, айнан шу жараёнда асосий ишлайдиган - матн ўқийдиган инсон керак бўлади. Йиллар мобайнида айнан ана шундай инсон бўлиб келаётганимдан хурсандман. Ана шуларни ўқиш жараёнида микрофонни сезиш ва овозлаштириш жараёнига кўникишни ўзлаштира бошлаганман ва ишлаш жараёни дубляжда фильмдаги вақтдан кўра  кўпроқ вақтни талаб қилади. Мен ўзимни жуда ҳам кам роль ўйнаган актёрлар сирасига қўшмайман. Сабаби 1996 йилдан асосий ижодим бошланган бўлса, кинода ҳозирги кунгача 50 га яқин фильмда турли ролларни ижро этган бўлсам, аксарияти бош қаҳрамонларнинг роли  бўлган. Кимдир мен иштирок этган  битта фильмимни кўрган бўлиши мумкин  ва ўша фильм  орқали мени эслар. Лекин кино соҳасида ишлаб юрганлар, ҳар битта фильмим ёки жуда кўп ролларим орқали мени яхши эслашади. Улар мени, очиғини айтганда мен учун эриш туюлса-да, - "Ўз ишининг моҳир устаси”, деб қабул қилишади, гарчи мен ўзимга юксак баҳо бермасам ҳам. Камчиликларимни тушунганим учун, жуда ҳам менлигимга алоҳида урғу бериб гапира олмайман. Бунинг сабаби – инсон мен дейиш даражасига етганда, менимча, дунёни тарк этиши керак. Хамма нарсага ўз кучим билан эришганман деб кибрга кетиб қолишдан қўрқаман. Йўқ, камчиликларим етарли. Лекин мени профессионал актёр, профессионал дубляж устаси, деб тан олишади, бироқ мен ўзимни бу мақомда қабул қилмайман. Негаки, ҳали мени дунё миқиёсида ҳеч ким тан олгани йўқ. Мен ўзим ҳақимда бирор бир нарса дея олмайман. Тан олганлар бордир. Аммо мен ҳали дунё миқёсига чиққаним йўқ. Ҳали қиладиган ишларим кўп деб ўйлайман. Санъат институтида талабаларга актёрлик маҳоратидан дарс берган пайтимда ҳам шу нарсаларни, айнан ўзим билган, махорат борасида қандай йўналиш билан ишлансаки, касбни осонроқ илғашга, самимий актёр бўлиш учун қандай йўллар қўллашга, такаббурликдан йироқ бўлишга ва уларга ҳам камтарлик ҳиссини сингдиришга ҳаракат қилганман.
- Санъат институтида нечанчи йилларда дарс бергансиз?
- 2010-2011 йилларда дарс берганман. Илтимос, фақат мақтанчоқликка  йўймангу, ҳатто бошқа курсдаги талабалар, яъни мен дарс бермайдиганлар ҳам келиб, дарсимда иштирок этишар эди. Уларга менинг иш олиб бориш услубим қизиқ туюлса керак-да. 


Суҳбатдош - Музаффар Муҳаммадназар.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот