УЙ БЕКАСИ ҲАМ ТАҚДИРЛАНИШГА ЛОЙИҚ


     Бугунги меҳмонимиз “Армон қасри”, “Муҳаббатнинг азоби”, “Боболарим кутган онлар”, “Қалтис хато”  ва “Бахт тилсими” номли шеърий ва ҳикоялар  тўпламлари китобхонлар қалбидан жой олган иқтидорли шоира ва истеъдодли журналист Зулфия Юнусовадир. У 2009 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.  2017 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ҳарбий ватанпарварлик мавзусидаги бадиий фильмлар сценарийлари танловида “Ёвқурлар” номли сценарий ёзиб ғолиб бўлди.  Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги “Ватанпарвар” бирлашган таҳририятининг махсус мухбири, ўзбек ҳарбий журналистикасида ижод қилаётган биринчи ўзбек аёлидир.
—  Аёлнинг бахти нимада деб ўйлайсиз?
— Халқимизда “Эринг севди – элинг севди” деган мақол бор. Бу мақоллар ўз-ўзидан дунёга келмаган. Балки ҳаётда сайқалланган мақолдир. Оилада эрига севимли бўлган аёлни халқ бежиз ҳурмат қилмайди. Чунки у турмуш ўртоғига ёқадиган рафиқа, хонадонга муносиб бека, фарзандларига жонкуяр она бўлади. Аёлнинг бахти турмуш ўртоғи аёлни тушунсагина у ҳаётдаги ўрнини тўғри белгилай олади. Ўринсиз рашк, қўлида касби, иқтидори бор аёлни эр “уйда ўтирасан” деб унга шароит яратмаслик, ишончсизлик уни руҳан синдиради. Тушкунликка тушган аёл билан эл ичида ўз касби билан ўрин топган аёлнинг катта фарқи бор. Доно, зукко, иқтидорли, жамият орасидаги аёл билан уйда руҳан эзилган аёлнинг фарзандларига бераётган тарбияси ҳам бутунлай бошқача бўлади. Бир инсон донишманд ҳузурига бориб сўрабди: ”Болаларимни олим бўлишини истайман. Бунинг учун ишни нимадан бошлай?” Шунда донишманд унга қараб: “Энг аввало онасини олима қилгин. Шундан сўнг фарзандларинг олим бўлади” дебди.
—  Уйда ўтирган аёл бекорчими?
—  Аёлнинг елкасидаги мажбурияти — оиласи билан боғлиқ. Агар аёл ўз вазифасини тўлиқ бажараман деса тонг саҳардан ярим кечагача унинг иши битмайди. Уйда ўтирган аёл асло бекорчи эмас. Унга доим иш топилади. Бу ҳақиқат ривоятларда ҳам ёзилганки эркак ишхонасида яхлит бир ишни амалга оширса, аёл уйда юзлаб майда юмушларни бажаради.
—  “Эрни эр қиладиган ҳам қаро ер қиладиган ҳам хотин” дейишади. Аслида ҳам шундаймикин?
— Албатта. Саркардамиз Амир Темур бобомиз ҳам давлат ишлари юзасидан мулозимлари билан машваратларда маслаҳатлашган. Ўша йиғинларда  парда орқасида Сарой Мулкхоним яъни Бибихоним ҳам ўтирган. Машварат тугагач, соҳибқирон бобомиз албатта, Бибихонимдан ҳам  маслаҳат сўраган ва уларнинг кўплаб маслаҳатларига амал қилган. Айни дамда ҳам оилани ободлиги, тўкинлиги учун эр-хотин қўш қанот бўлиб, маслаҳат қилсагина ҳаракатлари эл олдида юзага чиқади. Оила иқлимини чиройли қилиш, муҳитини чиройли яратиш, эрнинг топган-тутганини тежамкорлик билан юзага чиқариб ишлатиш, аёлларга хос тадбиркорлик билан оилага бекалик қилиш эркакни ҳам оилани ҳам, аёлни ҳам элга манзур қилади. Эркакни кийинишидан тортиб кайфиятига қадар оила остонасидан ташқарига қадди тик, боши баланд бўлиб чиқишида  аёлнинг ўрни беқиёсдир. Албатта эрни ва оилани юзага чиқарадиган аёл.
—  Бугунги куннинг аёли қандай бўлиши лозим?
— Бугунги куннинг аёлига талаб жуда катта. Биринчидан у ҳар томонлама билимли бўлиши шарт. Аёл нафақат оила бекаси балки улуғ мураббия ҳамдир. Фарзандини келажагини ўйлаган ҳар қандай она билимли бўлишга, болаларига мактабда берилган дарсларини ўзлаштиришда ёрдамлашиши зарур. Аёл саводхон бўлиши, вақти-вақти билан китоблар ўқиб туриши лозим. Агар ўзи истаса ойнаи жаҳонда бериб бориладиган чет тили дарсларини ўрганишда фойдаланса ҳам бўлади. Аёл болаларини соғлом қилиб тарбиялаши ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун ҳам тиббий ва ҳуқуқий саводхон бўлиши керак.
— Сиз “Ватанпарвар” газетасида ҳарбий йўналишда ижод қилишни бошлаган биринчи ўзбек аёлисиз. Бу сизга дастлаб қийинчилик туғдирмадими? Журналистликнинг нони ейиш учун темирдан тиш керакми?
— Ҳар қандай соҳадаги  илк фаолият қийин кечади. Бироқ касбимга бўлган муҳаббатим барча қийинчиликларни енгиб ўтишга таянч бўлди. Ҳарбий хизматчилар орасида бўлиб Ватанпарварлик руҳидаги мақолалар тайёрлаш ҳамиша мен учун қизиқарли. Ҳозиги кун журналистларига талаб катта. Журналистлар деган шеъримда шундай сатрлар бор:
Сиз — оламни кўрсатар кўзгу,
Сиз — заминнинг қайноқ нафаси,
Шахтингиздан таралар ёғду,
Ҳар сўзингиз ҳақиқат саси,
Ҳақ йўлида халқ бўлиб сўзлар —
Журналистлар.
     Журналистлар халқ дарди билан ҳамнаафс бўлсагина  зиммасидаги мажбуриятни бажарган бўлади. Бунинг учун фақат бедор, изланувчан ва албатта, фидойи бўлиши шарт.
—  Эркаклардаги қайси фазилатларни қадрлайсиз?
— Эркакларнинг қатъиятли, ориятли, оилани қадрлайдиган фазилатлари менга ёқади. Улар том маънода юрт эгаларидир. Миллатнинг юзага чиқиши, ҳурлиги, Ватанимизнинг тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, мамлакатимиз ривожида уларнинг улуши беқиёс. Эркак — оила устуни, бизнинг ор-номусимиз, миллат қўрғонидир. Уларнинг саъй ҳаракати ила ватанимиз дунё аҳли назарига эриша олади.
—  Уй бекаси ҳам тақдирланиши лозимми? Шундай бўлса у ким томонидан қандай тақдирланишга ёки эътирофга лойиқ?
—  Албатта. Уйда  ўтирган аёлнинг меҳнати, заҳмати хизматчи аёлникидан асло кам эмас. Унга ҳам хонадон бекалигини талаб даражасида бошқариш учун сабр ва тадбиркорлик керак. Улар ҳам рағбатга муносиб, унинг бу фидойилиги қадрига умр йўлдоши ва фарзандлари етиши лозим. Шунингдек давлатимиз томонидан ҳам уйда ўтирган аёлнинг меҳнати, фидойилиги муносиб тақдирланган. Яъни юртбошимизнинг Ўзбекистон фахрийларини  ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисдаги фармонида бу масал ёритилган. Унга кўра, бир неча соҳаларда хизмат қилаётганлар қаторида ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдидаги масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналарга тақдим этиладиган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилиши белгиланган.
—  Қандай жойдан келин олишни ёки қиз узатишни хоҳлайсиз?
— Онаси — қайнонаси ва овсинларининг ҳурматига эришган, оиласида тинчлик-тотувлик бўлган бир сўз биан айтганда намунали келин бўлган аёлнинг қизини келин қилишни истардим. Қизимни эса оилада эркакнинг ўрни, аёлниг қадри бор хонадонга узатишни хоҳлардим. Аёл оилада қадр топсагина бахт топади.
—  Сизни кўпчилик бахтли аёл сифатида ҳавас қилишади. Бу бахтга қандай эришгансиз?
— Ҳаётдаги бахтимга сабрим, садоқатим, эзгу ниятим, ўзимга нисбатан талабчанлигим, ширин муомилам орқали эришдим деб ўйлайман.
—  Қизингизнинг сепига нима қўшиб берган бўлардингиз?
— Қизимнинг сепига маънавий-маърифий китоблар қаторида, албатта, ўзимнинг оналик ўгитларимни қўшиб берган бўлардим. Чунки бу синовларда сайқалланган, эзгу ниятлрга йўғрилган насиҳатлардир.
—  Қиз туққан аёлга айримлар бошқача назар билан қарашади...
— Халқимизда “Қизсиз хонадон — нурсиз хонадон”, “Қизи йўқнинг қадри йўқ” деган доно нақллари бор. Бундай ҳикматли сўзлар юз йилда бир дунёга келади. Азиз эркаклар шуни унутмасинларки қиз болалар онасига нисбатан оталарига жонкуяр ва меҳрибон бўлади. Қизларимиз миллатнинг дуогўй момоларидир. Қизларимиз келажакдаги мўътабар оналар — элга суюк момоларимиз бўлишини унумаслик керак. Қиз туққан аёлни ранжитиш — диний ва дунёвий илмда ҳам қораланган.  Меҳр риштасини боғлашда қиз бола аёллар қадар жонкуяр топилмайди. Шунингдек гўзал қизларимиз туғилмаса, паҳлавон ўғилларимизни ким дунёга келтиради?
 —  Самимий суҳбат учун ташаккур!

Суҳбатдош: Хонбиби ҲИММАТ қизи.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот