ҚОРБОБО
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ҚОРБОБО
Ҳикоя
Тош йиғлади, сув ёнди. Юзининг иссиғи ерни куйдираяпти — ошнам Азизнинг қуюшқони қирмоч қовураётган қилиғидан бу гал ўзимни қўярга жой тополмадим. Тентак, Москвага кетаман, Янги йилни ўша ерда кутаман, Ольгани кўраман, дейди. Шунча пайтгача дардидан дами қайтиб яшаётганмиш. Кўзига ёш олгандай бўлдими-ей. Унинг довдир-совдирлигига ўрганиб қолган бўлсам ҳам жаҳлим чиқди. Элликнинг остонасида турган азза-базза одамнинг ақл жилови узилса шайтоннинг куни туғади. Эртага Янги йил, Москвада Сенга кимнинг кўзи учиб турибди... денг.
Кўнглимдагини уқди. “Тўппа-тўғри Гришага учрашаман. Режа тузиб қўйибман...”, деди.
— Кайф-пайфинг йўғ-а? Ичмагансан-а?, — дейман ажабланиб.
У менга шундай ўкинчу надомат ва ачиниш ҳисси ила термулдики, доною донишманд қаршисида изза бўлган нотовондай довдираб қолдим.
Орамизда яна кўўўп гап-сўзлар кечди. Ёзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. У ўрнидан туриб менга қўл узатди, хайрлашмоқчи:
— Ҳайдовчимга жавоб бердим. Ўзим рулдаман. Машинани сеникида қолдираман. Юкхонада битта тандир, мева-чева бор. — У менга ўзича ўқрайган бўлди. — Сенгамас, бола-чақангга. Бўпти, мен кетдим. Йўқ, ўрнингдан жилма, кузатма. Ҳозир майда-чуйда ишларим бор. Кечқурун аэропортга чиқаман. Бориш-келишга билетим бор. Биринчи январь куни қайтаман.
У шаҳд билан чиқиб кетди. Оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолди — нима ҳам дейин?
Азиз — жонтомир ошнам. Вилоятда яшайди. Бообрў бир идорада бошлиқ ҳам. Иш юзасидан пойтахтга тез-тез келиб туради. Ҳалиги шиша жини билан томоғини кўпроқ ҳўлласа бас, ўртаниб-ўртаниб, куйиб-куйиб гапиради, суйиб-суйиб гапиради, шу топда Ольгани жуда-жуда кўргиси келаётганини англайман.
Азизнинг қалб тубида яширинган тип-тиниқ хотира уммонида ўша манзаралар, Ольганинг ёп-ёниқ чеҳраси қалқиб чиқаётганини ҳис қиламан. Навқиронлик фаслининг зангор осмонида порлаган муҳаббат қуёши урушнинг зимистон-қаҳрли кунларини ёритиб, илитиб турганини ҳам англайман. Азиз йигит умрини қон гирдобига улоқтирган даҳшатли уруш тўполонлари ичида порлаб очилган қип-қизил атиргулни, урушга, беомон ва бетутуруқ ҳаётга мазмун бахш этган ўша чўғдай оловгул — Ольгани қўмсаб қоларди. У Ольганинг ёниқ дийдоридан рўшнолик топиш учун ўша Худо қарғаган кунларини яна бир бор кўришни истаётганини, бу мислсиз ҳилқат васлида ҳамма нарсага розилигини ҳам сезардим. Бу ҳолатни, албатта, изоҳлашга ожизлик қиламан, фақат Инсон қалби ўртанса одам тугул олам титрайди, муҳаббатдан қудратли куч йўқ, дея оламан.
Азиз билан бир взводда, битта ҳарбий машинада жанг қилдик. Кўпинча қисм тиббиёт бўлимидан лейтенант Ольга Григорьевна ҳам қўшилиб жангга чиқарди. Шунда биз қисм тиббиёт бўлими тасарруфига ўтардик. Ярадор ва ўликларни таширдик. Бошимиздан кечирган азоб-уқубатларнинг чегараси йўқ, ҳар бири бир китобнинг белини букадиган оғриқли хотиралар. Буларни ўрни келса ёзаман, ўрни келмаса... ўзим билан бирга олиб кетаман.
Ольга қўҳлиқ ва кўримли, адлқад, маъсум чеҳрасида табассум ёйилса мовий кўзлари янада порлаб кетадиган, пилоткаси остидан шовуллаб ўйнаб турган қўнғир олтинтус сочлари ҳуснига зебу-зийнат урган хушчирой жувон эди. Биздан нари борса икки ё уч баҳорни ортиқ кўрган шу ҳилқатни бу ерларда бизга қўшилиб сарсону саргардон бўлиб, сандирақлаб юриши эса тақдирнинг туҳфаси ё қарғиши эди... Хуллас, Азиз яна ана шу гўзал жувонга олдин ҳирс, сўнг ҳис билан боғлиғу беқарор бўлди.
Бир тун қуршовда қолдик. Пиёдалар жанговар машинаси экипажи —механик Иван Юхумик, отувчи-оператор Азиз, экипаж командири камина ҳамда лейтенант Ольга Григорьевна зимистон қўйнидаги қўрғон деворларига елкамизни тираган кўйи эзиб ураётган ёмғир остида шоли-шалаббо бўлиб миқ этмай ўтирардик. Ивиб-илвираган девордан изган лой парчалари гимнастёркам ёқасидан сизиб кирар, аъзойи-баданимга худди муздай бақа ўликлари сирғалиб кираётганга ўхшар, бошқаларни билмадиму, менинг кўнглим лоҳас бўлиб, этим жунжикар, юзимга ўлим нафаси уриларди. Йўқ, бошқалар ҳам мендан баттар аҳволда эдилар.
Ҳар-ҳар замонда қўл-оёғимни қимирлатиб қўяман, тани-жоним акашак, лекин тириклигимни ҳис қиламан, хавф-хатардан чўчиб, қоронғилик қаърига термуламан, кўзларим зўриқиб ачишади.
Туннинг кексайиши оғир кўчди.
Тонг хира отган пайт. Ёнимга қарадим. Азиз Ольгани гавдаси билан тўсиб, қучиб олган, унга зирҳу қалқон.
Қаршимизда, пастликда ивирсиган ола-кула шарпаларни илғадим, Юхумик қўрғоннинг қўпорилиб тушган тарафига бош ирғаб ишора қилди. Тўртовимиз ҳам жон уҳмида ўша ёққа югурдик. Бошимизда чийиллаб ўқлар уча бошлади. Ич-ичим узилгудай бўлиб чопдим. Ҳаммамиз ўқдай бўлиб учдик. Қўрғондан чиқишимиз ҳамоно ток новдалари чўзилган пушталарни кесиб ўтган ариқ ичига отилдик. Минамёт портлади. Биз қўрғондан чиқиб олгандик. Бизникилар қўрғонни ўққа тутиб бизни ҳимоя қилиб туришди. Ариқдан чиқиб ротамиз броньяси жойлашган томонга қараб елдик. Ёнгинамизда яна минамёт портлади. Ерга юзтубан қулаган Азиз чинқириб дод солаяпти. Уни тортқилаб судрай бошладик, Ольга унинг лойга беланган шими устидан иккита ампула урди...
Азиз тиббиёт бўлимида икки ой ётди. Ольга уни госпиталга юбортирмади. Ўзи қаради. Қачон Азизни кўргани борсам, ёнида Ольга бўларди.
Хизмат ўлгур ҳам охирлаб қолганди. Азизга биздан бир ой олдин уйига жавоб беришди. Уни кузатгани чиқдик. Ольга ўзини қувноқ тутди, жилмайиб хайрлашди, юзида синиқ табассум зуҳур эди. Вертолёт ҳавога кўтарилганда у атрофга анграйиб қаради, сўнг... сўнг ерга ўтириб олди-да, юзини икки кафти билан яшириб уввос тортиб йиғлади. Биз карахт эдик... Дамимизни ичимизга ютдик...
...Ана шундай гаплар. Орадан қанча йиллар ўтди, Азизнинг бугунги ташрифи туфайли ўша кунларни эсладим, Сиз ҳам билинг дедим. Юрагимда оғриқли энтикиш ҳисси, ёшлигимнинг йиллар ўтган сайин яқинлашиб келаётган ёниқ хотиралари тафтини туйдим.
...Икки кун ўтиб Азиз келди. Шунча қистадим, уйга кирмади.
— Келин, бола-бақранг билан ҳол-аҳвол сўрашдим. Бўлади шу! Юр уйингда тиқилиб ўтирмай, бирорта кафе-мафега борайлик — деди, ҳовлиқиб.
Гапини қаранг, кўнглига келадиям демайди.
Шаҳар четидаги одми, одам сийрак кафелардан бирида ўтирибмиз.
— Бориб келдим, жўра, бордим. Гришанинг отасига раҳмат, калласи воооо — мундай ишлайди, — дейди Азиз бош бармоғини зўр ишорасида кўрсатиб.
— Уни кўрдингми?
— Кўрдим. Гриша берган манзил бўйича бордим.
— Гаплашдингми?
— Гаплашдим...
— Нималар деди?
— Деярли ҳеч нарса. Мен Қорбобо кийимини кийиб, башарамга соқол уриб, Қорбобо бўлиб бордим. Гришанинг қизи, о-о-о, Аня, мунча ақлли десанг, Аня қорқиз бўлди. Ўзиям Гриша Афғондаям зўр жангчи эди. Ҳалиям зўр дегин. Бизнеси катта экан...
— Гришани қўй. Ольгадан гапир...
— Ҳмм...м — У энтикади. Оғир хўрсинади, ютинади — Ольга жудаям гўзал. Почти ўзгармабди.
— Кейин-чи?
— Хўш... Мен Қорбобо бўлиб бордим... Невараси, қорамағизгина Антон билан бирга экан. Гришанинг қизи уни роса ўйнатди, мен совға-салом улашдим...
Ё, Худо, бу ақлдан озганга ўхшайди.
— Менга қара, Ольгага нима дединг? Ольгадан гапирсанг-чи, тентак...
— Қорбобо бўлиб келдим, дедим.
— Сизга ўғлим буюртма берганмиди?, — деди.
— Ҳа, дедим.
— Ҳали замон ўғлим ва келиним ҳам келишади.
Шу маҳал эшик жиринглади... Остонада ўттизга кириб-кирмаган қорақош, қоракўз навқирон ўғлон суқсурдеккина бир жувон билан туришибди. Улар Ольгани қучиб табриклашди.
— Азизчик, кел болам. Келинглар! Мана Қорбобо ҳам келди, — деди Ольга.
У кўз ёшларини тиёлмайди:
— Ишонасанми, йигит менинг қуйиб қўйгандек ўзим эди. Мен ўзимнинг ўттиз ёшимни кўрдим.
Йигит менга ажабсиниб қаради:
— Мен Қорбобо чақирмагандим, — деди кулиб.
Довдираб-совдираб безатилган арчага урилиб кетдим.
— Мен... мен... мен, адашибман, - дедим.
— У-у-у, отахон, анчагина отиб олибсан-ку, — деди у.
— Мен лолу жим эдим. Миқ этмай чиқиб кетдим. Кўз олдим тиниб, атроф гир-гир айланаверди. Кенг кўча четида беҳол-бемадор ўтириб қолдим. Гришанинг қизи такси тўхтатди, уйига олиб келди. Янги йилни Гриша билан қарши олдим... Эрталаб албатта Ольганинг ёнига бораман деб аҳд қилдим. Шишанинг кучи билан айтган эканман, эрталаб журъатим етмади боришга. Дунё кўзимга зимистон бўлди. Мен бундай бўлишини сира ўйламовдим.
Мен ўзимдан нафратландим, ожизлигимдан нафратландим.
— Демак?
— Ҳа... Ҳа... нима десанг шу!
У менга алланечук илинж билан қараб турарди. Кўзларидан ёш сизмоқда.
— Энди нима қилай?
Хаёлимга илкис келган фикрни айтдим:
— Икковимиз борамиз. Бирга борамиз, Қорбобожон!
У мени маҳкам қучди. Мен ҳам кўз ёшларимни тиёлмасдим.
— Борамизми?, — деди иҳраб.
— Борамиз!
Айтинг, унга бошқа нима ҳам дердим?