ҲАМЁН


Қўчқор НОРҚОБИЛ
ҲАМЁН
Ҳикоя 

— Чеховнинг “Ҳамён” ҳикоясини ўқиганмисиз?
— Ўқиганман, нимайди? — дейди диванда ёнбошлаб олган Олим обзей.
— Шарқда айнан шунга ўхшаш ҳикоят бор.
— Чехов шундан олиб кўчириб қўя қолган демоқчимисиз?
  Олим обзей қўлтиғи остидаги ёстиқни бошига олиб чалқанча ётиб шифтга тикилиб қолади.
— Йўқ. Ундай фикрдамасман.
— Баракалла. Чеховнинг кўплаб ҳикояларида инсон қалтис бир вазиятда қолганда ёки ҳаяжонли ҳолатда унинг ботинида бир тушуниксиз ҳаракат пайдо бўлади, буни ҳеч ким изоҳлай олмайди, на танқидчи на ёзувчи. Чеховнинг зўрлиги шунда. Ўқиш жараёнида ана шу ички ҳаракатни сезиб қолсангиз, э-е-ей, менда ҳам шундай бўлувди, бу менман-ку, десангиз Чехов сизни ўзига яқинлаштиради. Унинг зўрлиги шунда. Буни унча-мунча ёзувчи эплолмайди, айниқса, ҳикояларда, — обзей тўшакда чўзилган кўйи икки қўлини қанот қилади.
  Обзей таг-томирли гапиради. Дунё адабиётининг бу ёғидан кириб нариёғидан чиқишга уринган одам. Буни тан олмай иложим йўқ.
— Сиз унинг “Суддан олдинги тун” деган бир кўринишли пьесасини ўқиганмисиз?, — дейман дабдурустдан.
— Нимайди?
  Ўқимаган. Ушладим. Жон-жойидан ушладим. Бир ҳафтадирки менга Чеховдан сабоқ берган Олимбойнинг посонгисини пасайтириб қўйиш мавриди ҳозир. (Шу асар адибнинг аввал чоп этилган китобларида берилмагани, олий санъат даргоҳларида ҳам тилга олинмаслиги, чеховшунослар назаридан четда қолганини-ю, ўзбек тилига эса таржима ҳам қилинмаганини яхши билардим).
  Обзей ўрнидан қўзғалди, диванга ўтирди. Менга синчиклаб қараб турди.
— Хўш... Фикрингизни билмоқчийдим.
  Обзей хомуш тортди, қовоғидан ёққан қор томингни босиб қолгудай... “Э-ей, унинг шундай асари ҳам бормиди?”, — деган саволини кутиб ғолибона жилмайиб қўйдим. Курсидан туриб музлаткични очдим. Минерал сув олдим. У ҳамон менга синчков тикилиб турибди:
— Кетадими, муздеккина...
  Обзей чўнтагидан сигарет олди, балконга чиқди. (Шу ўлгурни кўп тутатаркан). Босиб-босиб чекди. Бироз ўнғайсизландим. Хонага қайтиб диванга чўккач, сўровим устига андава урдим:
— Хуллас, Чехов шуни бир кўринишли майда пьеса қилгандан кўра ҳикояга айлантирса соз бўларди. Аслида бу таппа-тайёр таъсирчан ҳикоя, пьеса эмас. Ҳикоя ёзишга эринганми, сюжетни пьесага ёпиштириб қўя қолган.
  Олим обзей қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Бош чайқади.
— Тўхтанг, азизим. Тўхтанг! — у яна икки қўлини қанот қилди. — Биринчидан, ўша асарнинг сюжетига эътибор беринг. Унга ҳеч қанақа кечинма-ю изоҳнинг ҳожати йўқ. Кераксиз изоҳ бошга тушган калтак билан баробар. Иккинчидан, ёзувчи воқелик хатти-ҳаракат билан янаям таъсирчан бўлишини ҳис қилган. Чунки у — Чехов! Чехов бир пайтда икки қайиқда — прозада ҳам, драмада ҳам суза билган ёзувчи. Учинчидан, пьеса бир кўринишли эмас.
  Тарвузим қўлтиғимдан тарсиллаб тушади. Мен Олим обзейга ҳайрат билан қарайман. Қулоқидишдаги муздек маъданли сувни бир кўтаришда сипқораман.
— Унинг ўзи ёзиб қўйибди-ку, бир кўринишли деб!
  Обзей илжаяди. Тўшакда ёнбош чўзилади, ўнг қўлини бурчак қилиб, кафтига бошини қўяди.
— Ёзса ёзибди-да. Сизга бир савол бераман.
— Қани, эшитайлик-чи.
— Шу асарда тугун қаерда ташланган?
— Ҳалиги, товламачининг хонасига қўшни хонадаги аёлнинг кириб келиши-ю, муттаҳам ҳам ўзини унга дўхтирман деб таништиришидан.
— Тўғри. Тугун қаерда, қачон ечилаяпти?
— Судда. Эртасига судда, — дейман.
— Бўлди. Гап тамом. Ўз-ўзидан аёнки, асар икки кўринишли экан. Чехов кутилмаган воқеа — суддаги ҳолатни томошабиннинг ўзига қолдирган. Буни англамаган режиссёр пьесани бир кўринишли қилиб саҳналаштиради. Бор гап шу... Энди ухлайлик, эртага гаплашамиз... Индинга бозорга борамиз. Любага шуба оламиз.
  Зеҳни зўр заминни зувала қилади. Татар ҳамхонамга яна тан бераман. Йўқ, бу шунчаки ўқимаган, коса тагидаги нимкосада қатиқ ивитадиганлар хилидан.
  Мен анчагача ухлай олмайман. Обзей хуррак ота бошлайди. Ҳ-е-ей, уккағар татар. У саҳналаштирган спектакллар ҳам даҳшат бўлса керак. Худо хоҳласа, Қозонга бораман. Албатта, унинг спектаклларини томоша қиламан...
  ...Барвақт уйғондим.
— Олим обзей, туринг. Тонг отди. Онали олти тўйди, отали етти тўйди. Ётаверманг, шалпайиб.
— Онаси билан отаси борлар саҳар тураверсин, мен етимман. Етимга етмиш бор емак берсанг ҳам тўймайди, — тескари ағдарилиб тўшакни бошига тортади.
Мен унинг устидаги ёпинчиқни шарт сидириб бурчакка ирғитаман. У оғриниб-соғриниб ўрнидан туради.
  Ювиниб-чайиниб жамадонини титкилаган бўлади. Стол устига у-бу нарсаларни қўяди, тағин жамадонга солади. Менинг тоқатим тоқ, тезроқ ташқари чиқиб, тик йўлак бўйлаб тоққа кўтарилсак, деб ошиқаман. Эгнимга спорт кийимларимни илиб, эшикка қўл чўзаман.
— Ташқарида уч дақиқа кутиб туринг, ортингиздан ғизиллаб чиқаман. Дарвоқе, эртага азонлаб бозорга борамиз-а, Любага шуба оламиз, эсингиздами? — дейди обзей.
— Эсимда... эсимда, — дейман йўлакка отилиб.
  Осмон тунд. Борлиқ таранг. Саҳарроз сукутида булутлар ишғолида қолган тоғлар титроғини туйиш мумкин. Атроф-жовонибда кўкка санчилган чўққилар қўриқчилик қилаётган сиҳатгоҳнинг катта эшиги олдида обзейни кута бошладим. Ҳавонинг авзойидан обзейнинг орқаси тутиб тайсаллашини ҳис қилдим. Айтганимдай бўлди.
— Осмоннинг қурсоғига қурт тушиб турибди-ку, айланай молойим, ёмғирда чўмилгингиз келдими...? — обзей норози ғўнғиллади.
— Ҳечқиси йўқ, қани югурдик, обзей.
  Қизғиш шағалқум тўшалган, кўкка бўйдош ел ва қарағайзорни тарс ёриб ўтган тикйўлак узра тепалик сари равона бўлдик. Биз югургилаб кўтарилаяпмиз. Обзей ҳансирайди.
— Любага шуба оламиз. Эртага мен билан бозорга чиқасиз-а?
— Чиқамиз. Жим югуринг. Нафасингиз қайтади.
— Шуба қимматдир-а?
— ...
  Обзей ортда қолади. Мен унга “жадалланг” маъносида бош ирғайман. Қаёқда... Обзейда ҳафсала йўқ. От йўрға қилиб жойимда депсинаман. Обзей таққа тўхтаб энкайиб олади, икки қўли билан тиззаларини ушлайди.
— Сиз югураверинг. Шу ерда кутиб тураман. Мен учун ҳам чиқиб қайтинг, — дейди у базўр.
  Кисловодскнинг табиати шунақа, мослашиб олсанг бас, бутун аъзойи баданинг нафас олади, ҳавонинг ўзи сени кўтариб кетади, чарчамайсан, тоғ тугул осмоннинг тоқига ҳам чиқиб бораверасан. Шу синоат измини олган одамларнинг эса обзейга ўхшаб ярим йўлда тили осилиб қолмайди: ана қанча кишилар чиқаяпти, тушаяпти.
  Баландликни “забт этдим”. Бу ерда ҳамма ўз билганича машқ бажараяпти. Ер юзининг турли бурчига сочилиб кетган, турли-туман забонли қавмни айни шу ерда — тоғда тонгни тетик қаршилаш туйғуси бирлаштириб турганга ўхшайди. Ҳамма бир-бирига қавми-қадрдон, ҳамма бир-бирига табассум ҳадя этади, ҳамма бир-бирига хайрли тонг тилайди — тонгни очиқ юз билан қарши олади. Менга шуниси гаштли, шуниси лаззатли. Бошқаларга ҳам шундай бўлса керак.
  Ўпкани ҳарир этган тонг сабоси тиниб ёмғир томчилай бошлади. Мен тоғ йўлакдан пастга эндим, сиҳатгоҳга қайтдим. Нишобликда оёқларинг эмас, йўлнинг ўзи югуради, чарчамайсан. Ёмғир кучайди. Осмон бир қалқиб момақалдироқ гумбирлади — чақин чақди. Ярим йўлда қолган Олим обзейнинг қораси кўринмайди, ўшандаёқ жуфтакни ростлаган. Ҳозир ғужала тушиб уйқуни ураётгандир. Ана бўлмасам, ёмғир забтига олди, енгил уст-бошим шови-шаллаббо бўлди. Тоққа кўтарилаётганлар ҳам, пастга тушаётганлар ҳам ўзини дарахтлар тагига урган, нинабаргли ғуж бутоқларни бошпана тутишган. Нега шундай, билмайман, ёмғирда ивиш менга ҳамиша завқли кечади, мароқли бўлади. Болалигимда ҳам ёмғир ёғса уйда ўтиролмасдим. Кўчага отилардим. Ким билсин, балки ёмғир ёғаётган маҳал туғилгандирман. Ахир бешинчи мартда дунёга келганман-ку, баҳорнинг бардам палласида. Хуллас, уст-бошимнинг айтгилиги йўқ. Чоки сўкилган осмон остида завқу шавқ оташида йўлакнинг ёлғиз девонаси бўлиб чопиб бораяпман. Йўқ, йўлакда ёлғиз эмас эканман, ана мовий шамсия остида адл қаддига ҳарир оқ кофта илиб, тиззадан баланд оқ тиззаиштон кийиб олган, кўз-кўз қилгудай хушбоқим оппоқ узун оёқларига оқ красовка ярашиқли жувонга кўзим тушади. У тик йўлакдан мен томон қушдай енгил ҳолатда оҳиста кўтарилиб келаяпти, мовий осмон остидаги оппоқ атиргул дейсиз.
— Хайрли тонг, хоним, — дейман ҳансираб. Аёл шамсия остида бош ирғаб жилмаяди, сутга чайилгандай тиниқ чеҳрасига табассум ёйилади, елкасига тушиб-тушмаган олтинтус сочлари тўлқин уради. Худойим таровату қоматдан қисмаган бу хилқатнинг таърифига сўз ночор, биродарлар. Ортимга бурилиб қарайман деб йўлакдан чиқиб сўл томонимдаги зовликдан қулаб ўлишимга бир баҳя қолди. Гўзалликнинг жодуси бор-да, қурмағур, домига тушсанг қурбонлик талаб қилади. Шундай экан, ҳолингни билиб, жимгина йўлингда кетаверсанг-чи...
  Муюлишдан сўнг янада тик нишобликка тушганимда ёмғир сув тўла ликопчалар ясаган йўлакдаги кичик халқоб четида ётган сиёҳранг ҳамёнга кўзим тушди. Ивиган юпқа чарм ҳамённинг оғзи берк эди. Темир боғични тортгандим, шиқиллаб “тишларини” қўйиб юборди — ҳамён очилди. Ичида қип-қизил бир тахлам, бели букилмаган беш минг рубль. Пулни олиб санадим, эллик минг рубль. Билмайман, чап елкамга шайтон қамчи урдими, хаёлимдан “Олд-ортингга қарамай чоп, эртага бозорга борсанг сен ҳам хотинингга шуба оласан”, деган ўй кечди. Туйқус, ботинимда: “Бу пул сеники эмас-ку, унинг эгаси бор...”, деган таъкид янграгандай, тепамда бир назар мени кузатиб тургандай бўлди. “Пулни эгаси анави аёл”, деган фикр ўтди хаёлимдан. Ортимга бурилиб югурдим. Эҳ-ҳей, аёл йўлакнинг нариги бурилишидан ҳам ўтиб кетибди. Илдамроқ югурдим, қани энди йўлим унса, тепаликка қараб чопишнинг ўзи бўлмайди, бунинг устига осмоннинг таги тешилиб зардаси қайнаган, ёмғир юзимга урилаяпти, кўз очирмайди. Тиззамдан мадорим тўкилаяпти, ҳансираб югураман. Оёғим тойиб йиқилиб ҳам тушдим. Аёл ўша саллона юришда кетиб бораяпти, тўхтаб ортга ўгирилиб қарай демайди, орамизда масофа ўттиз қадамнинг нари-бериси.
— Ҳой, хоним, Тўхтанг... Тўхтасангиз-чи!
  Овозимни эшитди, лекин қайрилиб қарамади. Зардам қайнади. Мен унга яқинлашиб қолдим.
— Хоним, бир лаҳзага тўхтасангиз-чи!.. (Қулоғингиз том битганми, гарангмисиз, дейишдан ўзимни зўрға тийдим).
  Аёл тўхтади. Менга ажабсиниб, ёвқараш қилди. Юзида қаҳрми, нимадир зоҳирланди.
— Мендан нима истайсиз, ўзи? — деди кесатиқли оҳангда аччиқланиб.
— Ҳеч нарса истамайман. Мана олинг. Тушириб қолдирибсиз.
  Жувон бир зум узатилган кафтимдаги сиёҳранг юпқа чарм ҳамёнга анграйиб қараб турди. Шамсиясини сўл қўлига олиб, ўнг қўли билан оппоқ тиззаиштонининг иккала чўнтагини ҳам шошиб пайпаслади.
— Ҳа, ҳа, меники, меники, — деди овози титраб.
— Мана, олинг. Сизники бўлса, — дедим.
  Аёл ҳавода чўзилган очиқ кафтимдаги ҳамённи шаҳд ила олиб, ғайриихтиёрий ҳолатда унинг “тишқулф”ини очди-да, ичидаги пулга разм солди, менга ялт этиб қаради-да, дув қизариб, чеҳрасига йиғи нуқси урган синиқ табассум инди. Сўнг жиққа ҳўл бошимга шамсия тутди, эгнимдаги ёмғирда шалаббоси чиққани етмагандай, лойга қоришган илвасинимга азият чеккан каби ачиниб қаради.
— Раҳмат сизга, — деди лаблари пирпираб.
— Сизга етиб оламан деб йиқилиб ҳам тушдим, — дедим ҳоли-абгоримдан хижолат тортиб.
  Аёл шамсия дастини менга тутди. Иккимизнинг бошимизга бир “осмон” бошпана бўлди. У титраган қўллари билан ҳамён оғзини очиб ичидан уч дона беш минг рублни олиб узатди.
— Буни сиз олинг. Мен розиман.
  Ғалати бўлиб кетдим. Ўзимни ҳақоратлангандай сездим. Айни дам аёл ҳам менга яхшилик қилиш учун чора излаётганини ҳис қилдим.
— Э-е-ей, қўйсангиз-чи. Менга пулингиз керак эмас. Агар пулингиз керак бўлганда мен уни топган заҳотим сиҳатгоҳга қараб равона бўлардим, — дедим.
Аёл кулди.
— Сиз қайси сиҳатгоҳда дам олаяпсиз?
— “Крепость”да.
— Мен эса “Атиргуллар водийси”да. Бугун тушдан сўнг уйга кетаман. Ёмғир бўлишига қарамай охирги кун ҳам тоққа бир чиқиб тушай дегандим.
  “Бир осмон” остида суҳбатлашиш мароқли эди, бироқ унинг ёнида узоқ алжираб туришим эса кўрсатган одамгарчилигимга путур етказиши, “қаҳрамонлик”ка дарз кетиши мумкинлигини ҳам сезиб турардим. Сабабики, аёлнинг зоҳиран қанчалик гўзал бўлмасин, ботинан ҳам шунчалик мукаммал ахлоқ соҳибаси эканлигини ҳам пайқаб улгургандим. Зеро, хонадошим Олим обзей айтгани каби чинакам ёзувчининг қоши остида дўлайиб турган икки кўзидан ташқари қалбида ҳам минг-минглаб (ҳа, минг-минглаб, оббо, обзейи тушмагур) очиқ кўзи бўларкан. Лекин мен қалбимда кўзим борми йўқми, билмадиму, шу худо берган икки очиқ кўзим билан ҳам аёлнинг кимлигини кўриб турардим, оёғи енгил эмаслигини англаган эдим.
— Бўпти, мен борай.
— Яна бир бор ташаккур, яхши одам, — деди аёл ва тиззаиштонининг орт чўнтагига қўл юборди. Уяли телефонини олиб, унинг ғилоф чўнтагидан ташриф қоғоз олиб узатди. — Мана, менинг манзилим. Москвага йўлингиз тушса, албатта, қўнғироқ қилинг. Хоҳласангиз ёзиб туринг. Электрон манзилим ҳам бор.
  ...Сиҳатгоҳ ҳовлисига кирганимда бино қаватидан шундай ёмғирда сандирақлаб юрган каминага ҳайратомуз қараб турган хўппа семиз амакига кўзим тушди. Унга шоду хуррам қўл силкиб қўяман. У деразани шарт ёпиб ўзини ичкари олади. Мени ҳалигиндақароқ, бир тоши кам деб ўйлади, чоғи. Қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбораман.
  Обзей тўшакда ёстиққа суяниб олган кўйи яримбел ҳолатда газет ўқирди. Мени кўриши ҳамоно газетни ёнига қўйиб ўрнидан турди. Юзимга кўз солди. Ботинимда тошган алланечук қувонч тафтини яширолмай илжаяман.
— Уҳ-ҳув, бўларингизча бўлибсиз-ку, оғайни, яна ўлмайиннинг кунидан тиржаясиз-а. Қани, тез бўлинг, эгнингизни алмаштиринг...
— Обзей, сизга қизиқ бир гап айтайми? — дейман шкафга суяниб.
— Ҳеч нарса айтманг! Бир пас ўраниб ётинг. Сўнг нонуштага тушамиз.
  Ҳузурбахш тўшак оғушида танамга илиқлик югуради. Обзей қулоқли идишда лимонли чой узатади.
— Обзей, мен ошхонага тушмайман. Муолажа-пуолажага ҳам бормайман. Тушликкача бу дунёдан узилиб донг қотиб ухламоқчиман.
— Шундай қилсангиз жуда яхши бўларди, — менинг баҳсу мунозараларимдан безиб қолган обзейнинг дилидаги тилига кўчди.
  Тушлик маҳали Олим обзей тағин танғиллатиб томдан тараша ташлади:
— Эртага бозорга борамиз. Любага шуба оламиз.
— Борамиз, обзей. Оламиз обзей, оламиз.
  Емакдан сўнг Олим обзей хонага чиқди. Мен у-бу нарса харид қилиш учун сиҳатгоҳ ёнидаги дўконга кирдим. Бир мунча вақт ўтгандан сўнг қайтдим.
  Обзей хона ўртасида, гилам тортилган полда мук тушган кўйи диққати ошиб лаш-лушга лиқ тўла жамадонини титкилаяпти. Кийимлари ерда сочилиб ётибди. Жамадондаги нарсаларни олади, қўяди, қўллари титраб, уф тортади. У менга жавдираб қарайди.
— Йўқ. Тополмаяпман, — дейди иҳраниб, карахт ҳолда.
— Нима йўқ?
— Ҳамён. Ҳамён йўқ. Эрталаб қўлимга олувдим. Сўнг манави стол устига қўйдим, кейин яна олдим, яна қўйдиммикин ёки тонгда сиз билан айлангани чиққанимизда чўнтагимга солдиммикин?
  Мен қалқиб, сесканиб кетаман.
— Қанақа ҳамён? Ҳамёнингиз қанақа эди, — дейман ичимдан қиринди ўтиб.
— Шунчаки, оддий ҳамён. Ичида пули бор ҳамён. Тўқ яшил, йўқ, сиёҳранг.
Мен тош қотаман. У ўрнидан туриб курсига ўтиради, кўксини столга тираб менга маъноли қарайди.
— Нега рангингиз оқариб кетди?
— Мен... Мен биламан... Ҳамён — пойинтар-сойинтар сўзлаб, дудуқланаман.
  Обзей ўрнидан шаҳд туриб кетади, менга анграйиб қараб туради. Мен тортмадаги ташриф қоғозини оламан. Жон ҳолатда эшикни очиб ташқарига югураман.
  Йўлнинг нариги четидаги “Атиргуллар водийси” сиҳатгоҳига ўпкам бўғзимга тиқилган алфозда, пишнаб-ўлиб етиб келаман. Эшикбон аёлга ташриф қоғозини тутаман.
— Шу аёл керак. Ҳа, Ольга Васильевна Иванова! Қайси хонада туради?
— У кетди. Аэропортга кетди. Хонасини топширди. Дўстлари келиб олиб кетишди.
— Қачон кетди? Нима учун кетади? — дейман чинқириб.
  Эшикбон аёлнинг ҳам зардаси қайнайди:
— Ҳозиргина кетди. Даволаниб бўлди. Кетади-да!
  Шалвираган кўйи катта кўчага чиқаман. Такси тўхтатаман, аэропортга йўл оламан.
  “Ҳа-я, бугун кетаман деб ўзи ҳам айтувди-ку”, — деган ўй кечади хаёлимдан. Ҳайдовчига тезроқ ҳайдасанг-чи, деб ўдағайлайман, ялиниб ёлвораман. Қўлимдаги ташриф қоғозида битилган телефон рақамини бот-бот тераман, кошки жавоб берса, ўчирилган: Йўлда ўша лаънати аёл, — Ольгани нима бўлсаям топайин деб Яратганга илтижо қилиб бораяпман.
  Такси сон-саноқсиз машиналар тизилган аэропорт уловжойига келиб тўхтади. Машинадан тушиб чор-тарафга аланглайман. Халлослаб аэропорт эшигига югураман. Назорат эшигидан мени ичкарига киритишмайди, минг лаънат, паспортим ҳам қолиб кетган экан. Турган жойимда оёғи куйган товуқдай типирчилаб, атрофга аланг-жаланг боқаман. Аламимдан йиғлаб юборай, деб турибман. Шу маҳал... шу маҳал... уловжой тарафдан иккита барзанги қуршовида мен томон солланиб-солланиб келаётган Ольгани, ўша эрталабки қадди қиёмат Ольгани кўраман, кўзим тиниб, оёқ-қўлим увишади, далли-гаранг ҳолда Ольга томон гандираклаб йўл соламан. У мени кўриб жилмаяди. Ўзимни қўлга олишга уринаман.
— Ҳамён... Ҳамённи, — дейман қаршимда ҳамон жилмайиб турган Ольгага.
  Лаҳзада Ольганинг юзидан табассум сўнади. Лаблари пирпирайди, шарт юзини терс буриб жўнаб қолади. Ҳалиги барзангилардан бири, соқолли йигит йўлимни тўсади.
— Ольга бизнинг меҳмонимиз. Унда нима ишинг бор? — дейди кавказликларга хос дўриллаган талаффузда.
— Ҳеч қандай ишим йўқ, — дейман шалвираб.
  Ольга кетди. Обзейнинг ҳамёни ҳам кетди. Мен дарди дунём зимистон тортиб уловжойга қайтаман.
— Ишингиз битдими? — дейди ҳали мени олиб келган ҳайдовчи.
— Битди, — дейман.
  Биз йўлга тушамиз. Ҳайдовчи тезликни оширади.
— Энди секинроқ ҳайдайверинг. Шошадиган жойимиз йўқ. Шошиб қаерга ҳам бораман.
Сиҳатгоҳ ҳовлисига гандираклаб кираман. Эрталабки хўппа семиз амаки энди менга қўл силкиб қўяди. Мен уни кўрмасликка олдим. Хонага киришга оёғим тортмайди. Эшик қаршисида анча туриб қолдим. Ичкарида обзейнинг ғамгин оҳангда татарча қўшиқ айтаётганини эшитаман. Не бир хижолату ҳасрат билан эшикни очаман. Обзей жим бўлиб қолади:
— Қаерларда юрибсиз?
  Обзейнинг юзига боқишга ботинолмайман:
— Кечиринг. Ҳамёнингиз кетди, — дейман тутилиб.
— Қаёққа кетади? Ҳамённи топдим. Диваннинг орқасига тушган экан ярамас...
  Турган жойимда чайқалиб кетдим. Обзей суяб қолди. Манглайимга кафтини босди.
— Ўҳ-ҳуу, иссиғингиз бор-ку. Қани, юринг, — у мени тўшаккача суяб келди. — Бироз дам олинг.
  Бошимга кўрпани тортдим. Бўғзимга тиқилган ўкирикни зўрға тутиб турардим. Кўзларимдан тирқираб ёш сизди. Бироздан сўнг ўзимни енгил сездим. Кейин кўзим илинибди.
  ...Эртасига бозорга бордик. Олим обзейнинг хотини Любага шуба олдик.
  Ҳикоя сўнгидаги гап:
  Мен кеча бўлиб ўтган воқеа, на ҳамён, на Ольга ҳақида Олим обзейга лом-мим демадим. Бозордан келгач мана шу ҳикояни ёзиб тугатдим. Худо хоҳласа, Тошкентга қайтгач ҳикоямни рус тилига таржима қилдираман... кейин уни Ольгага, “Фемида” адвокатлик бюроси раҳбари Ольга Ивановага ҳам жўнатаман.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот