ГЁТЕ СЕВГИДАН ҚЎРҚҚАНМИ?
МУТОЛАА
ГЁТЕ СЕВГИДАН ҚЎРҚҚАНМИ?
Немис ёзувчиси Йоҳанн Волфганг Гётенинг “Ҳамроз диллар” романи қаҳрамонлари Эдуард ва унинг хотини Шарлотта. Иккиси ҳам ёшликда бир-бирларига кўнгил беради ва бойликка эга бўлиш учун ҳам ҳар иккисини ота-онаси бошқа одамлар билан турмуш қуришга мажбур қилишади. Охир-оқибат Шарлотта ҳам, Эдуард ҳам бева қолади ва ёшликдаги риштани никоҳ билан бирлаштириб оила қуришади. Ёзувчи Шарлоттани ҳисоб-китобга жуда уста, ақлли, мулоҳазали ва босиқ аёл характерида тасвирлайди. Эдуард эса ўз кучи ва иродасини кераксиз нарсаларга сарфлайдиган образ. Ёзувчи асарда қаҳрамонларидан сохта мукаммал одам яратишни истамайди. У фақатгина бир нарсани Шарлоттанинг хотиржамлиги ва босиқлиги орқали аёлни улуғламоқчи бўлади. Аммо севги туфайли Шарлотта ҳам бу улуғликка путур етказади. Бу оиланинг хотиржамлиги Эдуарднинг шошқалоқлиги, ҳаддан зиёд қайсарлиги сабабли пароканда бўлади.Эдуард хотини Шарлоттанинг қаршилигига қарамай ишсиз қолган дўсти Капитанни ўз оиласида яшашга таклиф қилади. Шарлотта ҳам пансионатда тарбияланаётган ёш ва гўзал жияни Оттилияни уйига чақиради. Эр-хотин Капитан билан Оттилияни бир-бирларига кўнгил қўйса айни муддао бўлади деган фикрга келишади. Аммо бевақт эсган шамол тақдир чархпалагини тамоман тескари томонга айланишга мажбур қилади. Эдуард Оттилияга, Шарлотта эса Капитанга кўнгил қўяди. Эдуард севги туфайли ўзини бошқара олмай қолади, ҳатто оилали эркак эканини ҳам унутади. Шарлотта эса бутун дарду ҳасратини, оташини ичига ютади. Ўқувчи ҳарчанд истамасин севишганлар висол онларига етишолмайди ва бу севги ҳалокат билан якун топади.
Ҳар қандай ўқувчи ёзувчининг асл мақсади никоҳ ва оила муносабатларини ҳамма нарсадан устун эканини китобхонга сингдириш бўлганини сезиши қийин эмас. Шунингдек у ҳар қандай ёшда бўлмасин “бегона севги” никоҳга мўралаб келса бунинг оқибати ёмон бўлишини эслатиб ўтади. Бунга ёзувчи ҳаттоки табиат ҳам бефарқ қараб турмаслигини уқтиради. Масалан, Оттилиянинг туғилган кунини нишонлаш тантаналарини Эдуард ҳаддан ортиқ бўрттириб юборади. Уят, андишани унутиб қўйиб бутун оиладагиларни Оттилиянинг туғилган кунини нишонлашга сафарбар этади. Тантаналар пайтида чала қурилган тўғон қиялигига одамлар кўп тўпланиши натижасида тўғондан бир палахса ер узилиб, бир қанча одамлар сувга қулаб тушади. Бу талофот орқали ёзувчи севишганларни огоҳлантирмоқчи бўлади. Аммо улар буни ҳис этишмайди.
Асарда яна бир қаҳрамон руҳоний Митлер образи тез-тез гавдаланади. Ёзувчи бу образ орқали ўша даврда (1820 йиллар) ҳам эр-хотинлар ўртасидаги ажрим -масаласига атрофдагилар жиддий қараганини эслатиб ўтади. Айнан Митлернинг саъй-ҳаракатлари туфайли бирорта эр-хотин ажрашиш учун ариза бериб судларни безовта қилмаган. Ажрашиш фикрида юрган Шарлотта билан Эдуардга Митлер шундай дейди:
“...Никоҳ-бу инсоний маданиятнинг ибтидоси ва чўққисидир. У қўпол одамни юмшатади, зиёли одамга эса ўз юмшоқлигини намойиш қилишга имкон яратади. Никоҳ бузилмаслиги керак: чунки у бахт келтиради, бошқа ҳар қандай майда-чуйда ғам-ташвишлар унинг олдида арзимасдир. Қанақа ғам-ташвиш ҳақида гап бўлиши мумкин? Гоҳи-гоҳида одамда бетоқатлик кайфияти бўлади-да, ўзини гўё бахтсиздек ҳисоблайди. Ўшандай лаҳзалар ўтиб кетган заҳоти одам ўзини бахтли ҳис эта бошлайди ва ҳамма нарса аввал қандай бўлса, тағин аслига қайтади. Ажрашиш учун ҳеч қандай сабабга ўрин қолдирмаслик керак...”
Ёзувчи англатмоқчи бўлган ва ўзи курашган ҳақиқатлардан яна бири ҳақида айтиб ўтсак. Шарлотта билан Эдуард бир марта ажрашган. Ҳаёт тажрибасидан шуниси аниқки агар бир-бири билан келишолмай юрган эр-хотинларни кимдир тўхтатиб қолмаса иккинчи ҳатто учинчи марта ҳам ажрашишга мойиллик пайдо бўлиши мумкин. Буни алам устида юрган эр-хотинларнинг ўзи сезмайди. Шу сабабли Гёте Эдуард билан Оттилияни ҳалок қилиб бу никоҳни севгидан асраб қолган бўлса ажаб эмас.
Замондошларининг фикрича Йоҳанн ҳаёти даврида севгидан жуда қўрққан экан. Адабиётшунослар ёзувчини юксак муҳаббатни тушуниб етмасликда айблашади. Шу сабабли “Ҳамроз диллар”да севгини ўзига хос тарзда ҳалок этган, унинг учун севги қалб кимёси эди, ёқтиришни эса “танланган яқинлик” деб атаган деган фикрларни билдиришган. Сабаби Гёте ҳаёт йўлларида кўп аёлларни севган ва севилган, бироқ улар билан никоҳ орқали боғланиб, оила қуришдан тийилган. Фақатгина Кристиана Вулпиус билан бирга яшаб, фарзандлар орттирган. Чунки у никоҳни виждон билан боғланган ришта деб билган. Акс ҳолда инсонни бир умр нотинч яшашга мажбур қилади деб ҳисоблаган.
Нигора РАҲМОНОВА.