1. Қиролича туғилган кунини икки марта нишонлайди.
Елизавета II (Элизабет Александра Мэри) 1926 йилнинг 21 апрелида таваллуд топган. Аммо Буюк Британия қироличасининг расмий туғилган кун санаси ҳақиқийси билан мувофиқ келмайди. Қирол Эдуард VII (1901—1910) давридан буён бу байрам июннинг дастлабки шанба кунларидан бирида – об-ҳавонинг яхшилигига қараб ўтказиб келинган. Шу сабабли, таваллуд кунини апрель ойининг исталган санасида нишонлаши мумкин.
2. У аслида нечта давлатга қироличалик қилади?
Елизавета П – энг аввало, Буюк Британия Бирлашган Қироллигининг ва Шимолий Ирландиянинг қироличаси ҳисобланади. Лекин фақат шу мамлакатларгагина қиролича эмас, у бундан ташқари Канада, Австралия ва Янги Зеландия ва шунингдек, яна 12 та мустақил давлат – Ямайка, Барбадос, Багама ороллари, Гренада, Папуа-Янги Гвинея, Сулаймон ороллари, Тувалу, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадин, Белиз, Антигуа ва Барбудлар, Сент-Киттс ва Невисда ҳам у ҳукмронлик қилади.
3. Ҳукмдорнинг рекорди
Елизавета II 1952 йили Кенияда ҳордиқ чиқараётган пайт отаси – қирол Георг VI вафоти ҳақидаги хабардан воқиф бўлади ва қиролича сифатида тахтга ўтиради. Тож кийдириш маросими 1953 йил Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтади ва илк бор бу тантанали маросим бевосита ойнаи жаҳон орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.
Бугунги кунда Елизавета II – дунёдаги ҳукмдорлар ичида энг ёши улуғи ҳисобланади. У Британия қирол ва қироличалари ичида энг узоқ умр кўрган бувиси Викториядан ҳам ўзиб, 2015 йилнинг сентябрь ойида рекорд қўйишга ҳам муваффақ бўлди!
4. Қиролича ёшлигида ҳайдовчи, механик ва ҳарбий бўлган.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганда, малика Елизавета 13 ёшда эди. Онаси қизини Канадага хавфсиз жойга кўчиришга қаршилик билдирган: "Фарзандларим менсиз ҳеч қаерга кетишмайди. Мен эса қиролни ташлаб кетмайман. Қирол эса ҳеч қачон кетмайди”, - деган.
1945 йилнинг февраль ойида Елизавета ҳарбий либос қийиб, Аёлларнинг ёрдамчи ҳудудий хизматига кириб, ҳайдовчилик ва механиклик бўйича таҳсил олган.
5. Елизавета бўлажак турмуш ўртоғини 13 ёшида севиб қолган
Елизавета бўлажак турмуш ўртоғи – Дат ва Юнон шаҳзодаси – Филиппни 30-йиллардаёқ учратган – улар Дания қироли Христиан IX ва қиролича Виктория томонидан қариндош бўлишган. Ўзаро хат ёзишиб туришганида улар бор-йўғи 13 ёшда бўлишган. Уларнинг расмий никоҳи урушдан кейин – 1947 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган. Ёш келин-куёвлар дунёнинг барча бурчакларидан жами 2500 тача совға-саломлар олишган.
Ўша пайтлар Филипп бой бўлмаган ва уруш даврида Британия қироллиги ҳарбий қўшинлари сафида хизмат қилган. Шу боис, Елизаветанинг оила аъзолари уни куёвликка номуносиб, деб ҳисоблашган.
Биринчи фарзанди – шаҳзода Чарльзни Елизавета 1948 йилнинг ноябрь ойида дунёга келтирган. 1950 йилда малика Анна туғилган. Орадан ўн йил ўтиб – 1960 йилда қиролича яна бир ўғиллик бўлади ва исмини Эндрю, деб аташади. Ниҳоят, 1964 йил қиролича саройи шаҳзода Эдвард билан кўпайди.
6. Қиролича энг бой одамлар рўйхатида нечанчи ўринда туради?
Қироличанинг молиявий аҳволи ҳамиша ОАВ вакилларида қизиқиш уйғотиб келган. 1990 йилларда Елизавета Иккинчининг сармояси 100 млн. фунт стерлингни ташкил этади, дейишганда, у бу рақамларга аниқлик киритмаса-да, мазкур рақамлар бўрттириб кўрсатилганини айтиб ўтган. 2015 йилда The Sunday Times нашри қироличанинг шахсий сармоясини 340 млн фунтга баҳолаган ва Бирлашган Қиролликдаги энг бой одамлар рўйхатида 302-ўринни эгаллаши маълум қилинган.
7. Таомлар борасида - диди оддий
Елизавета айрим қиролича ёки маликалардек тансиқ таомларга ўч эмас. У оддий таомларни хуш кўради: қўй гўштидан тайёрланган котлетлар ва ростбиф (молнинг биқин гўштидан қилинган қовурма), қовурилган қалқонбалиқ (камбала) ва товуқ билан салат. Десертлардан – музқаймоқ ва пудинг (гуруч ва бошқа ёрмалардан творог ва мевалар қўшиб товада пиширилган овқат)ни хуш кўради. Қиролича ичимликлар борасида, шампань виноси ва оқ виноларни маъқул кўради.
Британия қироллик оиласи бир кунда тўрт маҳал дастурхон атрофида таом тановул қилади. Қиролича эрталабки нонуштага хитой чойи ва шакар солинмаган сут ичишни ёқтиради.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.