ЯНГИ ЙИЛ САРГУЗАШТЛАРИ


ТАНИҚЛИ  ИНСОНЛАРНИНГ ЯНГИ ЙИЛ САРГУЗАШТЛАРИ
    Янги йил барчамиз учун энг орзиқиб кутиладиган байрамлардан бири бўлса керак. Чунки яқинлар билан тўкин дастурхон атрофида йиғилиб, энг эзгу тилаклар билдиришнинг ҳам ўзгача гашти бор. Агар эътибор берган бўлсангиз ҳар бир инсоннинг янги йил билан боғлиқ ўз саргузашти бор. Кимдир қорбобо либосини кийиб, яқинлариникига борганда уни ҳеч ким танимаганлигини эсласа яна кимдир байрам куни кўчада ит қувлаганини ёки арча кесаман, деб қўлга тушганлигини хотирлайди. Хуллас, янги йил эсланганда албатта, юзга табассум югуради.  Бундай саргузаштларни айниқса, таниқли инсонлардан эшитсангиз янада қизиқ. Қуйида ана шундай инсонларнинг янги йил билан боғлиқ саргузаштларидан воқиф бўласиз. 

   Ваҳобиддин Зиё, радиобошловчи:
“ЖОНЛИ ЭФИРДАН ТЎЙГА”

   Ҳаётимда янги йил билан боғлиқ жуда кўп қизиқарли воқеалар содир бўлган. Айниқса, иш жараёнида. Чунки кўпинча айнан янги йил куни жонли эфирни олиб боришимга тўғри келарди. Бир сафар ижодий жамоамиз билан янги йилнинг эртаси куниёқ Хоразмга сафарга боришимиз керак эди. Ҳамма кечаси билан байрам қилиб чиққан эмасми, самолётдан қолиб кетганмиз. Ана энди кўринг томошани. Нима қилишни билмаймиз. Кейинги рейс билан кетайлик десак, икки-уч кундан кейин бўлади. Йўловчи машинада  эса 10 соатлик йўл. Иложсиз, машинада кетганмиз. Ўша янги йил ҳеч эсимиздан чиқмайди. Шунинг учун яна бир сафар 31-декабр куни янги йилни жонли эфирда кутиб олишга тўғри келганда жуда хавотирда ўтказганман. Чунки, эртаси куни Сурхондарёга жўнаб кетишим керак эди. Негаки, 1-январ куни шу вилоятдаги узоқ туманлардан бирига тўйга таклиф қилишганди. Ишдан чарчаб чиққан бўлсам ҳам оёғимни қўлимга олиб аэропортга югурганман. Сабаби, бир марта самолётдан қолиб кетиб тилим куйган эдида. 

   Маҳфуза ШЕРБОЕВА, актриса ва қизиқчи:
“УЗР, БОЛАЛАРИМ, ҚОРБОБОНИ ОТИБ ҚЎЙДИМ”
   Ҳар йили янги йилни кутиб олаётганда ҳазилкаш ва ҳозиржавоб Дувлон акам билан боғлиқ бир воқеа эсимга тушади. Бир марта янги йил куни жиянларим бугун Қорбобо совға олиб келади, дея роса қувонишди. Тиқ этса эшикка қарайди. Бир пайт кўча эшикдан кимнидир қораси кўринди. Қўлида халта. Жиянларим урре, қорбобо келди, деб ўша томонга югуришди. Аммо келган қорбобо эмас Дувлон  акам экан. Қўлида егуликлар тўла елим халталар. Турли-туман ширинликлар ҳам бор. Аммо у киши барибир қорбобо эмас-да. Жиянларимнинг ҳафсаласи пир бўлди. Кичкиналари йиғини бошлади. Ҳеч овутолмаймиз. Шунда акам ҳозир қорбобони топиб келаман, деб  ташқарига шаҳд билан чиқиб кетди. Бир пайт ҳовлидан у кишининг пақ деган овоз эшитилди. Ҳаммамиз дув этиб ташқарига югурдик. Шунда акам: "Узр, болаларим, билмасдан қорбобони отиб қўйдим", - деса бўладими. Биз катталар қотиб-қотиб кулдик, болалар эса лолу ҳайрон. Энг қизиғи, болалар ишонишди. Ўшанда акамнинг топқирлигига қойил қолганман.
“ПАРДАЛАРИМИЗ ЖИЛОЛАНЯПТИ”
   Бу воқеа ҳам янги йил куни бўлганди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида жамулжам ўтирганимизда Дувлон акамнинг ўғли югуриб ёнимизга келди-да: “Дада, дада нариги уйда арчамиз ёняпти”, - деди  ҳовлиқиб. Акам ўғлини арча ўйинчоқларини айтаяпти деб ўйладими “арча ёнмаяпти, жилоланаяпти” деди парво қилмай. Жияним бироздан кейин яна ҳовлиқиб келиб: “Дада, пардаларимиз ҳам жилоланяпти”, - деди. Шунда ҳамаммиз югуриб нариги уйга ўтсак, арчага ўрнатилган чироқчаларда қисқа туташув бўлган шекилли, ростдан ҳам арча билан бирга пардаларга ҳам ўт кетган экан. Аранг ўчирганмиз оловни. Шундан буён янги йил яқинлашса бир-биримизга “Бу йил пардаларимиз жилоланмайдими?”, - деймиз ҳазиллашиб.

   Ориф Раҳмон, Ўзбекистон давлат сатира театри актёри ва “Бошқача шоу” кўрсатуви бошловчиси:
“ТИЛЛА УЗУК МАШМАШАСИ”
    Янги йил арафасида турмуш ўртоғимга узук совға қилмоқчи бўлдим ва танлаб-танлаб энг чиройлисидан харид қилдим. Ҳали янги йилга бир неча кун борлиги учун узукни бекитиб қўйдим. Аммо уни харид қилганлигим ҳақидаги чек чўнтагимда қолиб кетган экан. Буни хотиним кўриб қолиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган экан. Эртаси куни ишдан келсам кўчадаги ҳамма қор хотинимнинг қовоғидан ёғаяпти. Авзойи ёмон. “Нима бўлди, нимадан хафасан?” - дедим ҳайрон бўлиб. Аммо хотиним ёрилай демасди. “Мени театрдаги қизлардан рашк қиляпсанми ёки?”, - дедим ҳазиллашмоқчи бўлиб. Шунда хотиним “портлаб” кетди. “Мен ҳаммасини биламан!”, - деди алам билан. “Нимани биласан?”, - десам, “Севгилингизга узук харид қилганингизни!”, - деса бўладими. Роса мириқиб кулдим. Хотиним эса баттар асабийлашди. “Ҳа, сезмайди деб ўйлаганмидингиз? Айбингизни бекитиш учун кулиб қутилмоқчимисиз?”, - дейди кўзи ёшга тўлиб.  Ниҳоят, узукни бекитиб қўйган жойимдан олиб, хотинимга тутқаздим-да: “Бу сенга эди. Янги йил куни бермоқчи эдим. Сендан ҳеч нарсани яшириб бўлмас экан-да. Ҳидидан биласанми, нима бало?”, - дедим. Хотиним баттар йиғлаб юборди. “Узук совға қилганимдан, хурсандлигингдан йиғлаяпсанми”, - десам “Севгилингиз йўқлигидан”, - дейди ҳиқиллаб. Аёллар қимматбаҳо совғадан ҳам кўра эрининг маъшуқаси йўқлигидан бу қадар севинишини билмаган эканман. Ўша янги йил хотиним учиб юрди гўё. Мен совға қилган узукни эса ҳозиргача  бармоғидан ечмайди. Ҳар янги йилда шу воқеани эслаб куламиз. Байрам арафасида хотиним ҳазиллашиб, “Чек-пек йўқми мабодо” - дея чўнтагимни титкилаб кўради. Мен эса: “Овора бўлма, бу ҳодиса бошқа қайтарилмайди”, - дейман кулиб.

   Отабек ҲАҚБЕРДИЕВ, киноактёр. Муқимий номидаги давлат мусиқали театри ва кино актёри:
“ДАДАМ ҚОРБОБО БЎЛГАНДИ”
   Дадам жуда самимий, кўнгли очиқ ва меҳрибон инсон эдилар, раҳматли.  У киши полвон эдилар. Бўри полвон дейишарди. Кураш бўйича спорт мастери, кўп карра Ўзбекистон чемпиони эдилар. 1983йил бўлиб ўтган Москва олимпиадасида ҳам иккинчи ўринни қўлга киритганлар. Хуллас, дадам жуда жиддий инсон эдилар. Кам кулардилар. Унча-мунчага ҳазил қилавермасдилар. Бир йили янги йилда ҳеч кутилмаганда уйга қорбобо бўлиб кириб келганлар. Аввалига танимаганмиз. Биринчи бўлиб синглим сезиб қолган. “Вой, қорбобо дадамга ўхшаркан”, - деган. Шундан кейин дадамни таниб қолганмиз. Биз учун энг кутилмаган янги йил бўлган ўшанда. Дадам ҳазил шеърлар айтиб, бизни роса кулдирганлар. Биз дадамдан бу қадар ҳазилкашликни кутмаганимиз учунми, жуда қувонганмиз. Ҳар йили янги йил бўлса, дадамни хотирлаймиз, ўша олис кунларни соғинамиз.

  Шаҳноза ҲОЖИМУРОДОВА,Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актрисаси:
   Асли Хоразмликман. Ҳар йили янги йил арафасида қариндошларим ва хоразмлик таниш-билишлар Тошкентга айлангани келишади. Шунда икки-уч кун уйимизда меҳмон бўлишади. Бу анъанага айланиб қолган десам ҳам бўлади. Бир куни уйдагилар менга  хушхабар айтишди. Яъни  янги йилда менга жуда ажойиб, ўзим орзу қилган совғани ҳозирлашганини айтишди. “Қандай совға, нима экан у?”, - дедим қизиқишим ичимга сиғмай. Аввалига айтишмай роса мени “куйдиришди”. Ҳоли-жонларига қўймагач, менга Францияни айланиб келишим учун чипта ҳозирлашганини айтишди. Рости, қулоқларимга ишонмадим. Янги йилга уч кун қолганда Францияга жўнаб кетдим. Эртаклар шаҳрида мазза қилиб айланиб юрган кунларимнинг бирида интернетга кирсам дўстларим менга “Қаердасан, эшигингини очмайсанми? Сеникига келдик ахир!” деб ёзишяпти. Янги йилга бир кун қолганди ўшанда. Мен эса Франциядаман, десам ҳеч ишонишмайди. Алдама, тез уйингга етиб кел! Биз эшигингни тагида кутиб ўтирибмиз”, - дейишди. “Ростдан Ўзбекистондамасман” дея видеочат орқали алоқага чиққанимдан кейингина ишонишди ва “Вой, энди биз қаерга борамиз, борадиган жойимиз йўқ-ку," - дейишди. “Францияга келинглар”, - дедим кулиб. Албатта, дўстларим, яқинларим уйимизга келса бошим кўкка етади. Аммо ҳар йили байрамни улар билан бирга нишонлашимга ўрганиб қолишгани учунми ҳеч кимга айтмай Францияга кетиб қолганимдан улар ўшанда бироз хафа бўлишди.
  Мана, таниқли инсонларнинг янги йил саргузаштларидан ҳам воқиф бўлдингиз. Албатта, сизларда  бундан ҳам қизиқарлироқ воқеалар бўлган бўлиши мумкин. Нима бўлганда яхши кунларни хотирангиз китобига муҳрлаб қўйинг. Чунки яхши хотиралар инсонга хушкайфият, кўтаринкилик ва ширин орзулар бағишлайди. Келаётган йил барчангиз учун бахт ва қувончга тўлиқ бўлсин! Янги йил муборак!

Гулруҳ ЁРМАТОВА.
Саҳифа Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот