Абдукарим Усмонхўжаев (1930 - 2023)
Тиббиёт фанлари номзоди, доцент, олий тоифали соғлиқни сақлаш ходими, «Соғлиқни сақлаш аълочиси», Париждаги Халқаро музейлар қўмитаси аъзоси, «Ҳамшира» журналининг ташаббускори - Абдукарим Усмонхўжаев 1930 йилнинг 28 Октябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1937 йилда Куйбишев номидаги 1-сон ўрта мактабга кириб, 1944 йилгача ўқиган. Акалари армияга чақирилгандан сўнг, 1944 йили 36-тўлиқсиз ўрта мактабнинг кечки синфига ўтиб, 1944 йилдан 1945 йил май ойигача ҳарбий заводда ишлаган.
1946 йили кечки мактабни битириб, ўша йили Охунбобоев номли медтехникумни фельдшерлик факультетига кирган. Сўнг 1948 -1953,яъни 5 йил Қашқадарё вилоят, Китоб район Ертепа қишлоқ совети қошидаги фельдшер-акушерлик пунктида мудир вазифасида ишлаган.
1953-1959 йиллари Молотов номидаги медицина институтининг даволаш факультетида ўқиган.
7 йил Тошкент вилояти, Юқори-Чирчиқ туманида Бош врач муовини вазифасида ишлаган. 1961-1964 йиллари Москвада Иванов номидаги вирусология институтида аспирант, 1964 йил номзодлик диссертациясини ёқлаб, 1964 йилдан 22 йил Ўзбекистондаги эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий тадқиқот институтида ўта сурункали касалликлар лабораторияси мудири бўлиб ишлаган.
Бу даврда Афғонистонда чин-чечак касаллигини йўқотишда Афғонистон ҳарбий тиббий академиясида маслаҳатчи вазифасида ишлаган.
14 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш музейининг директори лавозимида ишлаган. 1987 йили Афғонистон Републикаси маркази - Қобул шаҳрида “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш” кўргазмаси директори, «Соғлиқни сақлаш” журналида масъул котиб, маданият вазирлигида “Мозийдан садо” журналини ташкил қилган ва Бош муҳаррир лавозимида ишлаган.
2000 йилдан - 15 йил (2015 йилгача) “Ҳамшира” журналини ташкил қилиб, “Ҳамшира” давлат корхонасининг бош директори лавозимида ишлаб, шу йилдан нафақага чиққан.
Абдукарим Усмонхўжаев 30 га яқин тиббиётга оид китоблар, 350 ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар ва 10 та тиббий терминларнинг изоҳли ва қомусий луғатларини тайёрлаган.
Катта ташкилотчилик, журналистик ва луғатшунослик тажрибасига эга бўлиш баробарида бадиий сухандон ҳам эди.
«Саломатлик ва навқиронликка йўл», «Шамоллашнинг беозор даволари», «Бефарзандлик, жинсий ожизликда туркона даволар», «Юрак малҳамлари», «Минг дардга даво», «Узбекский дастархан», «Руҳиятни соғломлаштириш усуллари», «Кўнгил ҳаловати», «Мусиқий муолажа», «Ўз дарахтингизни биласизми?», «Энг яхши даво», "Қалб давоси" ҳамда тиббиётга оид қатор русча-лотинча ва ўзбекча этимологик, изоҳли, энциклопедик луғатлар ва «Ўзбек халқ табобати изоҳли луғати», 6 та ихтиро, шунингдек, 500 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар муаллифи...
Абу Али Ибн Синони ишлатган терминларининг-арабча, инглизча, ўзбекча, русча ва лотинча изоҳли луғати ва “Ўзбекистонда ўсадиган шифобахш ўсимликларнинг 3 томлик (хар бир томи 600 бет атрофида ) этимологик(тарихий мазмуни) замонавий энциклопедияси устида ижод қилган.
Абдукарим Усмонхўжаев 2023 йил вафот этган.