МЕҲРИ, СЕҲРИ КУЧЛИ ДЎХТИР
МЕҲРИ, СЕҲРИ КУЧЛИ ДЎХТИР (Ҳам адибу ҳам табиб Абдукарим Усмонхўжаевнинг ёрқин хотирасига бағишланади)
Шифокор ўз асарларида халқ саломатлиги ва узоқ умр кўриши учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган саломатлик ҳамда навқиронлик сари йўл кўрсата билса, шу жараёнда, халқ табобати ва замонавий тиббиётни узвий боғлаб, ҳакимлар меросига мустаҳкам таянса, унинг асарлари умрбоқийдир.
Адиб ва шифокор Абдукарим Усмонхўжаев ўз асарлари билан ўқувчилар қалбини ром этиб, улар қалбига даво бахшида этган бўлсалар, Устозни яқиндан таниган, билган кишилар у кишини мард, олижаноб, сўз устаси, илм-фан фидойиси сифатида қадрлаб, хушмуомалаликларидан лол бўлмасдан иложи йўқ.
Ушбу қалб қўримдаги дил сўзларимни битар эканман, Абдукарим ака "Ҳамшира" журналида ишлаб юрган кезларим бевосита раҳбарим ва Устозим бўлганлиги учун эмас, балки инсонийлик фазилатларининг юксаклиги, ҳеч кимдан беғараз ёрдамларини аямаслиги, бир сўзли, ҳар қандай ҳолатда ҳам берган ваъдаларининг устидан чиқадиган, сўзга бой эканлиги боис, манаман деган сўз усталаридан устун кела олиш каби фазилатларига шахсан ўзим шоҳиди бўлганим учун ёзаётирман.
Таърифу тавсифлардан бир оз чекиниб, гапнинг индаллосига кўчмоқ учун, ўз ҳаётимдан мисол келтирсам...
Абдукарим ака билан шахсан танишмасимдан аввал, домланинг китобларини ўқиган ва муаллифга ғойибона ҳурматим бениҳоя ортган, қани энди, шу ИНСОН билан танишиш шарафига муяссар бўлсам, дея орзу қилган эдим. Ниятим холис экан.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Матбуот бўлимида хизмат қилувчи, бир вақтлар «Сирли олам» ойномаси ва «Қалб кўзи» жаридасида бирга ишлаган собиқ ҳамкасабам, Устозим ва тутинган опам Саида Жўраева «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа марказида танлов асосида ходимларни ишга қабул қилишаётганликларини айтиб, мени шу нашриёт директори Эркин Абдураҳмоновга тавсия қилди. Эркин ака мени ўша куни «Ҳамшира» журналининг ижрочи директори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Абдукарим Усмонхўжаев билан таништирди. Абдукарим аканинг исмларини фақат орқаваротдан эшитганим, китобларини ўқиб, асарларининг мухлиси бўлганим туфайли, дастлаб, бироз ҳаяжонландим. Негаки, шундай билимдон, олиму фозил инсоннинг синовидан ўтиш чинакам имтиҳон эди. Гарчи, салобатлари босган бўлса-да, Устознинг жилмайиб нигоҳ ташлашлари, муомаласининг мулойимлиги мени ички руҳий зўриқишдан батамом халос қилиб, худди қадрдон кишим билан суҳбатлашаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Бу эса, тан олишим керак, домланинг инсон руҳиятини мукаммал билиши ва юксак даражада ижобий руҳий таъсир ўтказа билишидан далолат берарди. То у киши билан суҳбат бошлагунимча менда пайдо бўлган руҳий ҳаяжон кескин йўқолиб, ўрнини руҳан енгиллик, хуш кайфият ва тетиклик эгаллаб олди.
Хуллас, ўша кунни умрбод ёдимдан чиқара олмайман. Сабаби: биринчидан, шу куни таваллуд топган куним эди; иккинчидан, ишга қабул қилинганим мен учун қўшалоқ қувончли кунга айланди!
Орадан бирмунча фурсат ўтиб, тўйим бошланди. Висол оқшомида хизмат қилиш учун таниқли санъаткорлар ташриф буюришган. Абдукарим ака илтимосимни ерда қолдирмай, даврани очиб беришга розилик билдирди. Абдукарим ака сўз бошлашлари билан ғала-ғовур бир зумда тиниб, барчанинг диққат-эътибори домлада бўлди. Устоз чиройли тилаклар, гўзал ташбеҳлар, пурҳикмат сўзлар ва дилларни жунбушга келтирувчи шеърлар ўқиб, сўзларини тугатгач, тўйхонани гулдурос қарсаклар тутиб кетди.
Сўз усталари таниқли, севимли, эл ардоғидаги санъаткорлар Турдибек Содиқов ва Равшан Солиҳов ҳам даврани ҳангомалар билан қиздириб, ҳаммани кулдиришган, ҳофизлар куй-қўшиқлари орқали ҳаммани рақсга туширишган, турли-туман таҳририятлардан қутлаш учун келишган шоиру ёзувчилар табрик сўзларини айтган бўлишса-да, ҳеч бирлари Абдукарим акага чалингандек тинимсиз қарсак ва олқишларга сазовор бўла олишмади. Турдиали ака ва Равшан ака билан тўйдан кейин гаплашганимда, улар Абдукарим акадек сўзга чечан, сўз воситасида ҳаммани меҳр ила сеҳрлайдиган нотиқ - соҳир овоз соҳибини шу чоққача учратмаганликлари, Абдукарим акага тан беришганликларини гапиришганида, кўнглимда алланечук ифтихор туйғусини туйдим! Бу жўш урган фахр ва ғурур туйғуси шундай забардаст, мўътабар зотнинг Устозлиги ва бевосита раҳбарлиги остида ишлаш шарафига муяссар бўлганимдан севиниш ҳисси эди.
Умр йўлдошимнинг кўзи ёриш арафаси эди. Устоз «Келиним ўғлингизни дунёга келтирадиган куни машинам сизнинг ихтиёрингизда», дея лутф-марҳамат қилиб, ваъда берган эди. Фарзандим туғилишидан ҳам аввал, Абдукарим аканинг ҳайдовчиси Абдунаби ака мени кунда-кун ора туғуруқхонага элтар ва олиб қайтарди.
Тўйимда ўғил фарзандга ота бўлишим тўғрисида қилган тилаклари ижобат бўлиб, Худо ўғил ато этди... Аммо фалакнинг гардишини қарангки, «Кимга тўй, кимга аза», деганларидек, ўша кун Абдукарим аканинг бошига мусибат тушибди. Устознинг суюкли акаси, жигари Абдуҳаким ака қазо қилибди. Мен бундан бехабар эдим. Абдунаби ака уйимга келиб, мени туғуруқхонага хотинимнинг олдига олиб кетаётганида, алланечук хомуш, ғамгин қиёфада хафа эканлигини кўриб, юрагим ғашланди ва ўзидан бунинг сабабини сўраганимда, «Шунчаки ўзим», деб қўйди. Туғуруқхонага борсак, турмуш ўртоғимнинг тўлғоғи бошланган экан. Кутдик... Доя ва ҳамширалар: «Табриклаймиз, ўғилчалик бўлдингиз», - дейишганида, суюниб кетдим. Лекин шунда ҳам Абдунаби аканинг авзойи очилмагани, кулгуси шунчаки кўнглим учун, зўрма-зўраки, сунъийлиги, ич-ичидан нимадандир эзилаётганлиги юз-кўзларидан яққол кўриниб турарди. Қайтаётганимизда, йўлда Абдунаби ака орага чўккан жимликни бузиб, секин гап бошлади: «Боя хурсандчилигингизни бузмай дегандим. Чунки Абдукарим ака «Ҳозирча Музаффар билмасин», дегандилар... Энди айтмай иложим йўқ... Ҳали айтсам, қувончингиз татимай, кўнглингиз ғашланарди. Абдукарим акамнинг акаси Абдуҳаким ака вафот этди», деганида донг қотиб қолиб, ғалати бўлиб кетдим... Шундай аянчли, мусибатли кунда ҳам ваъдасига вафо қилиб, лафз қилганлиги учун сўзининг устидан чиқиб, яна менинг шодлигимни бузишни истамай, мени ўйлаганлигидан қаттиқ таъсирландим ва кўзларим намланди. Абдунаби ака машинани ишхона томонга эмас, мозорга қараб ҳайдаётган экан...
Бунчалик саховатли қалб эгаси бўлмиш Абдукарим акани ИНСОН қиёфасидаги ФАРИШТАга қиёслагим келади!!! Бундай мард, ўзгалар учун ўзлигидан ҳам кечишга, ҳамиша бошқалар манфаати учун жон куйдириб, ўзиникини иккинчи даражага қўядиган одамни шу чоққача кўрмаган эдим!..
Абдукарим аканинг китобларини мутолаа қилган, у кишининг таърифларини эшитганлар, ҳатто вилоятлардан ҳам таҳририятга ҳар кун келишарди ва қўнғироқлар қилишиб, дардларига чора исташарди, маслаҳат сўрашарди. Абдукарим ака эса, улардан тегишли маслаҳатларини аямай, қайсидир шифокорларга қўнғироқ қилиб, етти ёт бегона кишиларни касалхонага йўллар ва буларнинг барини фақатгина савоб учун қиларди, холос.
Ҳозир ёзганларим, кўрганларим Абдукарим аканинг ҳаётларидаги эзгулик уммонидан бир томчи, холос.
Сўзимни Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаевнинг қуйидаги мисралари билан якунламоқчиман:
Ҳаёт кулар, ушалар армон,
Инсон меҳри дардларга дармон.
Ҳаёт ишқи энг камёб дори,
Буюк доктор инсон дийдори!.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
Маълумот: Тиббиёт фанлари номзоди, доцент, олий тоифали соғлиқни сақлаш ходими, «Соғлиқни сақлаш аълочиси», Париждаги Халқаро музейлар қўмитаси аъзоси, «Ҳамшира» журналининг ташаббускори - Абдукарим Усмонхўжаев 1930 йилнинг 28 Октябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
1937 йилда Куйбишев номидаги 1-сон ўрта мактабга кириб, 1944 йилгача ўқиган. Акалари армияга чақирилгандан сўнг, 1944 йили 36-тўлиқсиз ўрта мактабнинг кечки синфига ўтиб, 1944 йилдан 1945 йил май ойигача ҳарбий заводда ишлаган.
1946 йили кечки мактабни битириб, ўша йили Охунбобоев номли медтехникумни фельдшерлик факультетига кирган. Сўнг 1948 -1953,яъни 5 йил Қашқадарё вилоят, Китоб район Ертепа қишлоқ совети қошидаги фельдшер-акушерлик пунктида мудир вазифасида ишлаган.
1953-1959 йиллари Молотов номидаги медицина институтининг даволаш факультетида ўқиган.
7 йил Тошкент вилояти, Юқори-Чирчиқ туманида Бош врач муовини вазифасида ишлаган. 1961-1964 йиллари Москвада Иванов номидаги вирусология институтида аспирант, 1964 йил номзодлик диссертациясини ёқлаб, 1964 йилдан 22 йил Ўзбекистондаги эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий тадқиқот институтида ўта сурункали касалликлар лабораторияси мудири бўлиб ишлаган.
Бу даврда Афғонистонда чин-чечак касаллигини йўқотишда Афғонистон ҳарбий тиббий академиясида маслаҳатчи вазифасида ишлаган.
14 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш музейининг директори лавозимида ишлаган. 1987 йили Афғонистон Республикаси маркази - Қобул шаҳрида “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш” кўргазмаси директори, «Соғлиқни сақлаш” журналида масъул котиб, маданият вазирлигида “Мозийдан садо” журналини ташкил қилган ва Бош муҳаррир лавозимида ишлаган.
2000 йилдан - 15 йил (2015 йилгача) “Ҳамшира” журналини ташкил қилиб, “Ҳамшира” давлат корхонасининг бош директори лавозимида ишлаб, шу йилдан нафақага чиққан.
Абдукарим Усмонхўжаев 30 га яқин тиббиётга оид китоблар, 350 ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар ва 10 та тиббий терминларнинг изоҳли ва қомусий луғатларини тайёрлаган.
Катта ташкилотчилик, журналистик ва луғатшунослик тажрибасига эга бўлиш баробарида бадиий сухандон ҳам эди.
«Саломатлик ва навқиронликка йўл», «Шамоллашнинг беозор даволари», «Бефарзандлик, жинсий ожизликда туркона даволар», «Юрак малҳамлари», «Минг дардга даво», «Узбекский дастархан», «Руҳиятни соғломлаштириш усуллари», «Кўнгил ҳаловати», «Мусиқий муолажа», «Ўз дарахтингизни биласизми?», «Энг яхши даво», "Қалб давоси" ҳамда тиббиётга оид қатор русча-лотинча ва ўзбекча этимологик, изоҳли, энциклопедик луғатлар ва «Ўзбек халқ табобати изоҳли луғати», 6 та ихтиро, шунингдек, 500 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар муаллифи...
Абу Али Ибн Синони ишлатган терминларининг-арабча, инглизча, ўзбекча, русча ва лотинча изоҳли луғати ва “Ўзбекистонда ўсадиган шифобахш ўсимликларнинг 3 томлик (хар бир томи 600 бет атрофида) этимологик (тарихий мазмуни) замонавий энциклопедияси устида ижод қилган.
Абдукарим Усмонхўжаев 2023 йил вафот этган.