ЭЛ СУЙГАН САНЪАТКОР


СЎЗ БОШИ

   Инсон ҳаётини ёритиб бериш, бу ижод йўлларини қаламга олиш мушкул жараён. Бу ҳар қандай қалам соҳибига каттагина масъулият юклайди. Гап ўз ҳаётинг ҳақида бўлса-ку, иш осонрок кечар. Аммо эл суйган санъаткор, олий тоифали сухандоннинг ижодий фаолияти хусусида бўлса, ўзингга қўйиладиган талаб янада ортади. Аввало ўша инсон ҳақидаги маълумотларни ипидан игнасигача қидирмоқ, уларни қаламга олишдан олдин тилнинг нозик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда сайқалламоғинг зарур. Ўзи хоҳлаган, ўзи севган мавзуда қоғоз қоралаш ижод аҳлига завқ бағишлайди. Қўлингизда тутиб турган ушбу тўплам бир қанча поғоналарни босиб ўтган, кунлари тунга, тунлари тонгга уланган заҳматли кунлар, илҳом келганида йўл-йўлакай, ёхуд ижод аҳлининг вақтини топганда. кўлда когоз-қалам билан гоҳ автобус бекатида, ёки хонанданинг бўш вақтини пойлаб. гоҳ Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйлаб, ёки Тошкент шаҳрининг кўчаларида машинада кета туриб, баъзида эса йўл четида ўтириб олиб, қулоққа телефонни қистириб ёзиб олинган сухбатлар, бир пиёла чойни ичиб ё ичмай қилинган машаққатли мехнатлар, изланишлар самарасидир.
   Аслида бу рисолани ёзиш хонандага бир йил аввал таклиф қилингаи эди. Лекин халққа бўлган ҳурмати ниҳоятда баланд, камтарин инсон Шухрат аканинг розилигини олиш жуда қийин кечди. Бундай олиб қараганда, хақиқий истеъдодни сержилва сўзлар билан безатиб, баландпарвоз гаплар билан таърифлашнинг ҳожати ҳам йўқ. Халқнинг ҳурмат-эътиборини қозониш ва унга муносиб бўлиш учун Аллоҳ таоло юқтирган истеъдоднинг ўзи камлик килади. Бунинг учун ижод аҳлидан тинимсиз меҳнат ва доимий изланиш талаб этилади. Ана шундай меҳнатларнинг натижаси ва ижодий фаолиятнинг, истеъдод булоғининг томчиларидан бошкаларни, айникса санъат йўлига кириб келаётган ёшларни ҳам баҳраманд этиш бу тўпламни ёзишимиздаги асосий мақсад эди. Агар ният холис бўлса, Аллоҳ барчасига етиштирар экан. Энг асосийси ниятнинг софлигидир.
   Шу ўринда «Нега айнан Шуҳрат Қаюмов ҳақида?» деган ҳакли савол туғилиши табиий. Аввало, камина бу санъаткорнинг ашаддий мухлислариданман. Унинг кўшикларидаги маъно-мазмун, дард нафакат менинг, балки саҳна ортидаги миллионлаб инсонларнинг юрак кечинмалари, ҳаёт йўлларига туташ. Кимлардир мана шу қўшикларда ўзининг аксини кўраётган, қалби ором топиб, ўзига, атрофидагиларга нимадир илинаётган бўлса, не ажаб. Ахир кўшик ҳам кайсидир маънода маънавий озуқа, тарбия воситаси ҳисобланади. Иккинчидан, Шухрат Қаюмов ижод ахди орасида ҳам оддий инсон, ҳам санъаткор сифатида хурмат козонган, ўзига яраша намуна бўладиган хислатлар эгаси. халқчил санъаткор, ўз ҳаётий қўшиқлари билан мухлисларнинг кўнглини забт этган хонандадир. Бу ҳакда узоқ гапириш мумкин. Энг асосийси эса, у чинакам истеъдод эгаси ва инсоний фазилатларидан ўрнак олса арзийдиган бир оила бошлиғи.
   Ҳар бир санъаткорнинг ўз йўли, ўз овози бор. Улар орасида Шуҳрат Қаюмов ҳам ўзига хос ижод йўли, мактаби билан алоҳида ажралиб туради. Қилинган меҳнатнинг юксак баҳоланиши, муносиб такдирланиши кишига янада илҳом ва куч бахшида этади. Хонанданинг меҳнатлари хам давлатимиз томонидан юксак баҳоланди, у 2004 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан такдирланди. Бу унвон Шуҳрат акага янада катта масъулият юклади.
   Қўшиқ - халқнинг руҳи ва калб чироғи, инсонларни эзгуликка ундовчи, олис манзиллар сари чорлаб, вужудни уйғотувчи, қалбларни жунбушга келтирувчи сирли садодир. Шундай экан, дилрабо кўшиқлар бизга ҳамиша керак, уларни жон дилимиз, бутун вужудимиз билан тинглаймиз.
   Тингланг, юракларни сел қилувчи, дилларни ўзига пайванд килувчи, кўнгилларни майин эркаловчи кўшик янграмоқда! Уни биз севган санъаткор Шуҳрат Қаюмов куйлаяпти...

Мансурбек ҲАСАНОВ, муаллиф 


УМР ДАРАХТИНИНГ ИЛДИЗИ

   Энг қувноқ, орзу-умидларга бой бўлган болалик онлари инсон ҳаётига алоҳида кўрк багишласа, мактаб даври эса инсоннинг шахс бўлиб камол топишида, мустақил ҳаётга қадам қўйишида, жамиятдаги ўз ўрнини топишида мустаҳкам пойдевор, асос вазифасини ўтаб беради. Мурғак қалб эгаси Шуҳратжоннинг ҳам Шуҳрат Қаюмов бўлиб халқ орасида ҳурмат ва эътибор қозонишида ана шу юқорида таъриф берганимиз иккала давр муҳим роль ўйнади. Кичик Шуҳрат тенгдошлари орасида ўзининг бошқаларга унчалик ўхшамас тарафлари, яъни жиддийлиги, оғир-босиқлиги ва камсуқумлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Унинг феъл-атворидаги бу каби фазилатларини қалбининг болаларча беғуборлиги, соддадиллиги, орзу-умидларининг софлиги тўлдириб турар эди. Оиладаги самимий муҳит, соғлом тарбиянинг йўлга қўйилганлиги унинг кейинги ҳаётида катта из колдирди. Шуҳратнинг ота-онаси Ҳамидулла ҳожи ота ҳамда онаси Манзура ҳожи аялар савдо ишида фаолият юритар, Шуҳратжон эса кўпинча бувиси билан қоларди. Бинобарин, унинг яна ҳам камол топиб, вояга етишида бувисининг хизматлари катта бўлди. Ўша пайтларда уйнинг томорқасида каттагина ер майдони бўлиб, кичик Шуҳратжон ўша ерда меҳнат қилар, уй юмушларида бувисига ёрдамлашиб юрарди. Тез орада ўзи яшаб турган маҳалла яқинидаги 80-ўрта мактабга қатнай бошлади ва у ерда устози Ёрқиной Бўтаева кўлида бошланғич таълимни олди. Шуҳратжондаги иқтидорни, дарсларга бўлган лаёқатини сезган устози унга алоҳида эътибор қаратган ҳолда йўл-йўриқ кўрсата бошлади, дарсларни янада яхширок ўзлаштириши учун қўлидан келган ёрдамини аямади. У ҳар доим аъло баҳога жавоб берар, янги ўтилаётган мавзуларни қунт билан ўзлаштириб борарди. Натижада ҳар йили бир эмас, бир неча фанлардан фан олимпиадаларида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб борди. Катта синфларда мактабда ташкил этиладиган ота-оналар мажлисларига мактаб маъмурияти Шуҳратжонни олиб кириб, бошқаларга намуна қилиб кўрсатар, эришаётган муваффақиятларини мисол қилиб келтиришарди.
   Шуҳратжонни синф сардори сифатида хам синфдошлари ниҳоятда ҳурмат қилишарди. Кўпгина ота- оналар «Менинг болам мактабга Шуҳратжон билан бирга борсин, ҳар қалай билмаганини ўргатиб туради», деб ўғилларини унга қўшиб жўнатадиган ҳам бўлишди. Ўқитувчилар ўзаро «Шуҳрат ўтган гал олимпиадага сизнинг фанингиздан борган эди, бу йил менинг фанимдан боради», деб уни талашиб қолган пайтлар ҳам бўларди. Сабаб оддий: у ўзига билдирилган ишончни ҳар доим оқлаб қайтарди. Мана шу сингари ютуқлар 1986 йилда унинг мактабни олтин медаль билан тамомлашига замин яратди.
   Энг қизиғи, Шуҳрат ака танимаган кўпгина мураббийлар ҳанузгача ҳам у кишини учратиб қолишса, «Шуҳрат менинг шогирдим», деб гапириб қолишади. Қахрамонимизнинг хаёлидан эса «Ўша йилларда бизнииг мактабда ишлаган бўлса керак-да», деган ўй ўтади-да, камтаринлик билан, қўлини кўксига қўйиб, миннатдорчилик билдириб кетаверади.

ОРЗУЛАРНИ ЎЗГАРТИРГАН ТЎЙ

   1984 йил воқеаси. Болалик чоғларида-ёқ санъатга меҳри бўлакча эди унинг. Қўшиқ айтишга жуда ҳам қизиқар, қандай янги кўшиқ эшитадиган бўлса, уни албатта тақлид қилиб, куйлаб юрарди. «Овозим одамларга ёқармикан, ёқмасмикан», деган хаёлларга кўмилиб, биронта каттароқ даврада чиқиб, қўшиқ айтишга ўзида журъат топа олмас эди.
   Кунларнинг бирида Шуҳрат аканинг маҳалласидаги бир хонадонда бўлиб ўтган тўйда хонанда Муҳаммадкарим Сойипов хизматда бўлади. Кимдир бу хонандани кўриш илинжида томга чиқиб олган, кимдир дарахт шохларига чиқиб, уни томоша қилган, хуллас, Муҳаммадкарим Сойипов тумонат йиғилган одамнинг эътиборида турарди. Шуҳратжон бу хонанданинг мисолида одамларнинг санъатга, санъаткорга бўлган чексиз ҳурматини, эътиборини кўрди ва дилидан ҳис этди. Қўшиқ сеҳри, қолаверса, санъатнинг бу қадар кучли қудрати уни батамом ўзига ром қилган эди. Худди мана шу кезларда ундаги ҳаяжон, ўзига нисбатан ишонч ва санъатга, жумладан, қўшиққа бўлган қизиқиш ортиб, мурғаккина беозор юрагига «Ҳали мен ҳам келажакда мана шу санъаткор каби машҳур инсон бўламан, ҳеч ким айтмаган қўшиқларни айтаман», деган ниятни тугиб кўяди. Худди мана шу ният, худди мана шу орзу келажакда уни санъат сари бошлайди. Ҳа, у бу йўлни танлаб, адашмаган эди.
   Орадан анча вақтлар ўтди... Кун келиб, у тўйда учратган санъаткори Муҳаммадкарим Сойиповга шогирд тушиш ниятида унинг хонадонига ташриф буюрди. Аммо Шуҳратнинг ўйлаганлари хомхаёл бўлиб чикди. Муҳаммадкарим Сойипов уни шогирдликка олишнинг иложи йўқлигини, бунинг сабаблари кўп эканини тушунтирди. Лекин ушлаган жойини узмасдан қўймайдиган, бошлаган ишини охирига етказмаса, кўнгли тинчимайдиган бизнинг қаҳрамонимиз бир қарорга келиб бўлган эди. Шуҳрат аканинг бир ижобий хислати бўлиб, буни ўзгаларга сездирмасликка ҳаракат қилади. У кишининг ёшлигидан адабиётга бўлган қизиқиши баланд. Ўзи ҳам бу соҳада ижод қилиб туради. Бу инсоннинг ижодида турли шеърлар, кичик катралар ва бошқа бадиий асарларни учратишингиз мумкин. Унинг бу истеъдоди санъат йўлида жуда асқотди. Гоҳида ўзи хоҳлаётган мавзу ва ғояни бошка бир шоирдан топа олмаса, ўзи қоғозга тушириб қўя қолади. Шуҳрат акадаги бу ноёб қобилият ҳар доим ўз самарасини бериб келмоқда. Агар бирорта шоир шеър тақдим этадиган бўлса, мусиқага тўғри тушмаган, ўзгартирилиши лозим бўлган жойларини муаллиф билан маслаҳатлашиб, чархлаб кўйиш ҳам қўлидан келади. Буни баъзилар ўзининг қаричи билан ўлчаб, бошқа томонга йўрғалатиши мумкин. Аммо профессионал санъаткор, яъни хонанда мусиқа илмини мукаммал эгаллаш, ижро этилажак қўшиқ қайси пардада айтилиши керагу, кайси пардада тугатилиши лозим - барчасини яхши билиш, жанр ва йўналишларни, шеър билан шеърни ҳам яхшигина фарклай олиш санъатига эга бўлиши шарт. Шундагина у халққа узоқ йиллар қалблардан ўрин оладиган умрбоқий қўшиқлар тақдим эта олади Шуҳрат Қаюмов эса шеърдаги маъно ва мазмунга бўлган талаби жуда кучли санъаткорлардан десак, муболаға бўлмас. У ўзидаги ана шундай ноёб қобилиятни ишга солиб, ўша пайтда Муҳаммадкарим Сойиповга бағишлаб, «Муҳаммадкаримсиз» номли шеър ёзади. Муҳаммадкарим ака бу шеърдан таъсирланиб, «Сен болада нимадир бор...» деган илинж билан уни шогирдликка қабул қилади...
   Орадан анча пайтлар ўтади. Устози унга ҳеч нимани оғзаки ўргатмаётганидан ҳайрон бўлиб юрган Шуҳрат ака бир сафар ажабланиб: «Устоз, ёнингизга келганимга шунча пайт бўлибди-ку, менга ҳали ҳеч нарса ўргатмадингиз?» дея устозига юзланади.
   Шунда устози у кутмаган қуйидаги жавобни беради: «Шуҳратжон, сиз ўзингиз ақлли боласиз. Сизга буни қилинг-у. буни қилманг. дейишнинг ҳожати йўқ. Кишиларнинг хатти-ҳаракатларидан ўзингиз учун керакли бўлган жиҳатларни ажратиб оладиган боласиз. Сизнинг дунёқарашингиз, маъанавиятингиз жуда юксак. Ўз фикри. билимига эга бўлган ёшлардансиз. Керакли пайтда ўзлаштиришингиз лозим бўлган нарсани ўзим изоҳлаб бераман. Фақат бир нарсани айтиб кўймоқчиман: менинг ёмон томонларимни олманг, бунга эътибор килмай, ўзингиз учун зарур деб билган нарсаларни қунт билан ўзлаштириб бораверинг. Ҳаётнинг ўзи сизга устоздир».
   Шуҳрат Қаюмовнинг устоз-шогирд анъаналарига оид одатларининг бири ҳам айнан шу. Шогирдларига ҳар доим устознинг хатти-ҳаракатлари, килаётган ишларини ақл ва идрок билан кузагиб бориб, намуна олишлари ва иш юритишлари, ўзлари учун керакли бўлган нарсаларни ўзлаштириб боришлари лозимлигини таъкидлаб келади.
   Қаҳрамонимизнинг устозлари Муҳаммадкарим ака хусусида сўз кетганда, у инсоннинг волидаи муҳтарамалари Олтинхон аяни эсламасликнинг сираям иложи йўқ. Аянинг бир фазилатлари Шуҳрат акада жуда катта ҳайрат уйғотган. У кишининг танбеҳлари «Катта бўлиб, бой бўлиб кетгин-а», «Илойим, пулинг кўп бўлгур», «Ҳа, соғ бўлгур» деган сўзлардан иборат эди. Бу нарса бизнинг қаҳрамонимизнинг қайсидир маънода Олтинхон аяга жуда қаттиқ меҳр қўйиб колишига ва у кишини Она деб аташига сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Шуҳрат ака бора-бора ушбу оиланинг фарзандидай бўлиб кетди. Ҳатто ёш санъат шайдоси бу оила аъзоларининг шу даражада меҳрини козонган эдики, баъзи пайтларда бозор-ўчар ишларига дейсизми, бошқа юмушларга дейсизми, бошқа аъзолар қатори қарашиб юраверадиган бўлди. Улар ҳам унга факат шогирд сифатида эмас, ўз фарзандидек муносабатда бўлишарди.
   Унинг болалиги мана шундай завқли онлар билан тўлиб-тошган дарё мисоли ўтди. Шуҳрат ака ҳали- ҳамон ўзининг болалик йилларини жуда берилиб, қизиқ воқеаларни сўзлаганда энтикиб, ўзгача кайфият ва хурсандчилик билан эслайди. Синфдошлари билан қилган шўхликлари, энди мактаб остонасига қадам қўйган пайтдаги болаларча соддаликлари, кутилмаган вазиятлар, гурли воқеалар ҳақида хотиралар бисёр. Биз эса уларнинг энг сараларини, мавзуга яқинларинигина ёритдик, холос.

Сен кўча четида турасан хушнуд, 
Шодон саломингга оламан алик. 
Ахир сени қандай цилайии унут, 
Умрлик армоннм - бахтли болалик.

Мансур Ҳасановнинг "Эл суйган санъаткор" китобидан.
«HILOL-NASHR» нашриёти, 2012 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот