ҲАЁТ - ҲАРАКАТ ДЕМАК
Дилшодбек Каттабеков 1990 йилнинг 1 Апрель куни таваллуд топган. Унинг номи тилга олинганда мухлислар кўз ўнгида “Озод юртнинг ўғлиман” дея ёниб хониш қилаётган ва “Кичкина табиб” фильмидаги маҳоратли образи билан кўпчиликни ҳайратда солган жажжигина болакай қиёфаси намоён бўлади. Бу сиймо мухлислар қалбига шу қадар сингиб кетганки, Дилшодбек Каттабеков вояга етиб, актёр ва бошловчи сифатида ўз фаолиятини давом эттираётган бўлса-да, мухлислар ҳамон уни саҳнадаги ширинтой хонанда ва кичкина табиб қиёфасида кўради. Эҳтимол, мухлисларнинг ана шу меҳри туфайли бўлса керак, Дилшодбек Каттабеков беғубор болалик қалбини сақлаб қолгандек назаримизда. Бугунги суҳбатимиз унинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида бўлди.
- Дилшодбек, айни пайтда қаерда фаолият юритяпсиз ва нималар билан бандсиз?
- Айнки кунларда фақат ва фақат ижод билан бандман. Ижодим айни авж палласида десам муболаға бўлмайди. Бундан ташқари халқ хизматига ҳам вақт ажратяпмиз. Ўзбегимнинг нимаси кўп, яхши кунлари кўп. Мен ҳам қўлдан келганча юртдошларимизнинг ана шу яхши кунларда хизмат қилиб келяпман. Хизмат сафари билан вилоятларга ҳам тез-тез бориб турибмиз. Аммо суратга олиш ишларида ҳозир бироз танаффус. Бундан ташқари, тарбиявий аҳамиятга эга, инсонни илм ва мушоҳадага чорлайдиган маъноли ва таъсирли видеолар олиш билан бандмиз.
- Аксарият санъаткорлар ёз фаслида дам олиш учун чет эл сафарларига жўнашади. Сизнинг ҳам режангизда чет эл сафари борми? Бўлса қаерларда дам олиш ёки иш билан сафар тадоргини кўряпсиз?
- Йўқ, айнан бу йил чет эл сафарига чиқмадим. Асосий фаолиятим Тошкент шаҳрида бўлганлиги учун шу кунларда пойтахтдаман. Ҳозир оила аъзоларим ҳам ёнимда. Улар Сирдарё вилоятидан Тошкент шаҳрига дам олгани келишган ва бундан мен жуда хурсандман. Чунки инсон учун яқинлар дийдоридан ҳам кўра тотлироқ давра йўқ.
- "Дизайн" жамоаси аъзоси Қобил Каримбердиевнинг яккахон концертидаги чиқишингиз кўпчиликка манзур бўлган эди. Ушбу жамоа билан ҳамкорлик қилиш ниятингиз борми?
- Таклиф қилишгани учун Қобил Каримбердиевнинг концертида саҳна кўриниши намойиш этганман, холос. Аммо бу келгусида “Дизайн” жамоаси билан ҳамкорлик қилади, дегани эмас. Албатта, “Дизайн” ва “Миллион” жамоалари концертларига таклиф этишса мунтазам тарзда бориб тураман.
- Сизни жуда яхши бошловчи дейишади. Айниқса, тўйларни қизиқарли тарзда олиб боришингиз ҳақида эшитганмиз. Ҳозир айни тўйлар мавсумида буюртмаларни бажаришга улгуряпсизми? Сизни тўй ва тадбирларга таклиф қилмоқчи бўлган мухлисларингиз қанча вақт олдин огоҳлантиришлари керак?
- Тўғри, халқимизда йигит кишига қирқ ҳунар оз деган деган гап бор. Бу бежизга айтилмаган. Бу ҳаётда фақат битта касб билан шуғулланаман, деганлар адашади. Инсон, айниқса, эркак киши бир нечта касб эгаси бўлса ҳеч қачон зиён қилмайди. Шунингдек, ижодкор киши ҳам ўз ижоди билан ҳар соҳада ўзини синаб кўриши ва буни халққа намойиш этиб туриши керак. Мен ҳам 4-5 йилдан буён халқимизнинг турли тадбирларида бошловчилик қилиб келяпман. Асосан, вилоятларда яшайдиган мухлисларим менга шу таклиф билан чиқишяпти. Қўлдан келганча уларнинг яхши кунларида хизмат қиляпмиз. Тўй ва тадбирлар учун буюртма беришга келсак, узоғи билан бир ой ёки ўн кун олдин айтишлари керак. Шунда вақтимиз тўғри келса администраторим билан маслаҳатлашган ҳолда иштирок этиб келамиз.
- Қўшни давлатларга ҳам тўй ва тадбирларга таклиф этишяптими? Хусусан, қайси давлатларга сизни кўпроқ таклиф қилишади?
- Албатта, таклиф этишяпти. Асосан, қўшни давлатлардан Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга кўпроқ боряпмиз. Айниқса, ижодий сафарлар билан Қозоғистонда кўпроқ бўламиз. Бу давлатларда ҳам мухлисларим борлигидан хурсанд бўламан.
- Кинодаги фаолиятингиз қандай бўляпти? Ҳозир қайси фильмларда иштирок этяпсиз?
- Ҳозирча иккита янги фильмда суратга тушдим. Номини айтмайман. Ҳозирча бу мухлислар учун сир бўла қолсин. Август ва сентябрь ойлари бошланиши билан кино мавсумига старт берилади ва ўшанда ушбу фильмлар катта экранларга чиқади.
- Саҳнага илк марта "Озод юртнинг ўғлиман" дея хониш қилиб чиққансиз. Кейинчалик нега хонандаликни давом эттирмагансиз? Ҳозир кўпчилик санъаткорлар ўз касбини ўзгартириб, хонандаликка ўтаётган бир пайтда сиз ҳам шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
- Тўғри, болалигимда катта саҳнага илк марта хонанда сифатида чиққанман ва ушбу саҳна менга санъат олами учун катта йўл очиб берди, десам муболаға бўлмайди. 1995 йилдан то 2000 йилгача кўплаб давлат тадбирларида қатнашиб келганман. Ушбу дамлар мен учун ниҳоятда масъулиятли ва унутилмас дамлар бўлган. Кейинчалик турли фильмлардан таклифлар туша бошлагач, актёр сифатида ижодимни давом эттирганман. Чунки, ҳар бир инсон улғайиш ва вояга етиш босқичларини бошидан ўтказади. Бундай пайтда хонандалик билан шуғулланувчи ижодкорлар ўз ижодида бироз танаффус қилишлари шарт. Чунки мутация даврида иложи борича овозни зўриқтирмаслик керак. Яъни болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида хонандалар қўшиқ куйламай туришлари шарт. Ана шу жараён сабаб мен ҳам қўшиқ куйлашни бироз тўхтатдим. Шу орада мени жудаям кўп фильмларга таклиф эта бошлашди ва мен мухлислар кўз ўнгида актёр сифатида ҳам шаклландим.
- Дилшодбек Каттабековнинг ҳаётдаги шиори нима?
- Фақат ва фақат мақсад сари дадил қадам ташлаш, ниятни бутун қилиш, қийинчиликдан қўрқмаслик ва ҳеч қачон танлаган йўлдан ортга қайтмаслик. Ана шундагина инсон яшаш завқи нима эканлигини қалбан ҳис этади. Менинг шиорим мақсад сари олға ва фақат ғалаба!
- Инсон ўз танлаган соҳасида муваффақият қозониши учун нима қилиши керак деб ўйлайсиз?
- Аввало, инсон ўзи қизиққан соҳани аниқлай олиши ва шу соҳа бўйича мукаммал илм олиши даркор. Севган соҳамни танладим, энди бу ёғи ўз-ўзидан авж олиб кетади, деб бўлмайди. Инсон ҳамиша камолотга муҳтож ва танлаган соҳаси бўйича доим изланишда бўлиши керак. Изланишдан тўхтаган кун омад, муваффақият ва ғалаба ҳам ундан юз ўгиради. Инсон ўзи севган касб билан шуғуллансагина қалбан қувонади, олам-олам завқ олади ва ва бу завқ уни омад сари етаклайди Биринчи навбатда, инсоннинг ўзида ҳаракат ва шижоат бўлиши керак. Ҳаёт - ҳаракат демак.
- Ҳаёт сиз учун имкониятми ёки мажбурият? Инсоннинг ҳаётдаги энг катта масъулияти нима деб ўйлайсиз?
- Ҳаёт бу яшаш учун бизга берилган энг улкан имкониятдир! Инсон бу оламда умргузаронлик қилар экан, фақат яхши ният ва эзгу мақсад билан яшаши керак. Ана шундагина у бир мартагина берилган имкониятдан тўғри фойдаланиб, катта натижаларни қўлга киритади. Қолаверса, солиҳ амаллар қилишни ҳам эсдан чиқармаслиги лозим. Бундай амаллар бизни етукликка ундайди.
- Фаолиятингиз давомидаги энг кулгули воқеаларни мухлисларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Бундай ҳолатлар кўпинча фильм суратга олиш майдончаларида ёки бирор бир кўрсатувни тасвирга тушириш жараёнида рўй беради. Гастроль сафарларида ҳам кулгули воқеалар бўлиб туради. Айни пайтда қай бирини айтишни билмаяпман. Бирор кун мухлислар учун шундай воқеаларни тўплаб айтиб бериш вақти келар балки.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош - Гулруҳ Ёрматова.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2019 йил.