Равшан СОЛИҲОВ (1946 - 2007)
Равшан СОЛИҲОВ ОРЗУЛАРИ КЎП ЭДИ…
Санъатдаги фаолияти давомида ойнаи жаҳон орқали ва саҳнада турли феъл-атворли инсонлар қиёфасини яратиб, мухлислар олқишига сазовор бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқимизнинг севимли актёри Равшан Солиҳов энди орамизда йўқ. Аммо истеъдодли санъаткор яратган ранг-баранг образлар ўзбек санъати хазинаси мулкига айланди, мухлислари учун эса севимли актёрларидан хотира бўлиб қолди.
Равшан ака 1946 йили 22 октябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У болалигидан актёр бўлишни, айниқса, театр саҳнасида каттаю кичик роллар ижро этишни, таниқли ва машҳур санъаткорлар сингари мухлислар олқишига сазовор бўлиб, халқимизга хизмат қилишни ният қилди. Орзулари сари дадил интилди. 1964 йили у Тошкент маданий-оқартув техникумига ўқишга кирди. Қисман бўлса-да, ижод остонасига қадам ташлаганидан қувончи чексиз эди. Имкониятларини қўлдан бой бермай, 1967 йили театр ва рассомлик институтида таҳсилини давом эттирди.
Равшан Солиҳов талабалик даврида тажрибали ва маҳоратли устозлардан актёрлик сирларини ўргана бошлади. 1972 йили ўқишни битириб, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театрида ижодий фаолиятини бошлади. Афсуски, баъзи актёрларга ўхшаб театрга янги келган дамларидаёқ саҳнада образ яратиш унга насиб этмади. Ўн йил давомида театр чолғу ансамблида доира ва чанг чалиб юрди. Ана шу кезларда актёр орзуларим армонга айланмасайди, деган ўйда роса сиқилди. Аммо саҳнага бўлган иштиёқи барибир сўнмади, ўз мақсади сари интилди, ортга чекинмади. Ниҳоят, 1979 йилда у катта саҳнада илк образни яратди. Ва бу дебюти унга санъат дарвозасини очиб берди.
Актёр «Қабрдаги хазина», «Тошболта ошиқ», «Дардисар», «Ўжарлар», «Дилафрузга тўрт ошиқ» каби юзга яқин спектаклларда эсда қоларли образларни яратди. Унинг «Бозор кўрмаган йигит» ва «Тоғлик куёв» видеофильмларида яратган образлари ўзбек томошабинлари олқишига сазовор бўлди. Мухлислари янада кўпайди, актёр ҳақида кўча-кўйда, транспортда гапиришарди. Айниқса, «Бозор кўрмаган йигит» видеофильмидаги Ота роли унга катта шуҳрат келтирди. Кейинроқ Равшан Солиҳов «Тақдир йўллари», «Зумрад ва Қиммат», «Фидойилар» каби кинофильмларда ҳам бир-бирига ўхшамас, такрорланмас образларни яратди.
Равшан Солиҳов касбига содиқ, куюнчак инсон, санъат фидойиси эди. У «Биз томошабинларни комедияга ўргатиб қўйдик. Аммо Чехов «Театр—бу кафедра» деганди. Бу театр орқали муаммоларни ёритиб беришимиз керак. Ҳаёт фалсафасини кўрсатишимиз ва тарбиявий мавзуларга тўхталишимиз керак, дегани» дея таъкидларди. Яна «Биз ижодкорлар ҳаётдан кўп нарса сўрамаймиз. Агарда мухлислар «Мана шу ролингиз зўр чиқибди, яхши ўйнабсиз» дейишса ва биздан қарсакларини аяшмаса, шунинг ўзи катта бир бахт»,-дерди санъаткор.
«Равшан Солиҳовнинг икки ўғил, бир қиз фарзанди бор. Битта ўғли эрта оламдан ўтди. Тақдирнинг турли синовларига бардошли бўлди. Равшан ҳазиломуз гап-сўзлари, одамшинавандалиги ва ниҳоятда қувноқ инсонлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Унда инсонийлик фазилатлари ҳамма нарсадан устун турарди. Мен темир йўл соҳасида фаолият юритсам-да, ишдан бўш вақтимда ижод билан шуғулланаман. Аслида ижод остонасига қадам қўйишимга ҳам шу дўстим сабаб бўлган, десам янглишмайман. У кўпчиликнинг кўнглини олишга ҳаракат қиларди»,-дея хотирлайди актёрнинг дўсти Баҳодир Қўчқоров.
Чиндан ҳам Равшан Солиҳов санъати ва мухлислари учун яшади. Ўз касбини севган актёр ҳар бир ролига жиддий эътибор берар, унинг тўлақонли чиқиши учун вақтини ҳам, соғлиғини ҳам аямасди. 1998 йилда Равшан Солиҳов Саид Аҳмад асари асосида суратга олинган видеофильмда ўндан ортиқ қаҳрамонлар қиёфасини ижро этди. Томошабинлар унинг ижросидан ҳайратланиб, актёрнинг маҳоратига таҳсинлар айтишди. Ушбу роли учун Равшан Солиҳов 2000 йилда «Офарин» мукофотига сазовор бўлди.
«Равшан ака жуда хокисор инсон эди. Театрдан бошқа овунчоғи бўлмаган. Равшан аканинг битта-ю битта опасининг фарзанди—жияни унга жуда меҳрибон эди. Ҳаётининг сўнгги дамларида ҳам шу жияни қўлида, «Мени театрга олиб бор»,-дея жон берди. Ҳақиқий актёр саҳнада ўлишни истайди. Раҳматли, яхши инсон эди. Охирати обод бўлсин»,-дейди ҳамкасби Мирза Азизов.
Мухлисларнинг ундан умиди катта эди. бетакрор роллар ижроси, шон-шуҳрат ва мавқедаги юксалишга лойиқ истеъдодли актёрнинг кўнглида ҳам катта режалари, орзулари бор эди. Минг афсус, қалбга тизилгани эмас, пешанага ёзилгани бўларкан. Равшан Солиҳов 2007 йил апрель ойида юрак хуружи туфайли оламдан ўтди…
Хотира муқаддас ва буюкдир. Яхши инсонларнинг юлдузи ҳеч қачон сўнмайди, дейишади. Улар осмоннинг энг юқори чўққисида порлаб тураверадилар ва зимдан курраи заминни кузатадилар.Илоҳим, шу юлдузлар шуъласи абадий бўлсин ва яхшиликка ташна қалбларга ёруғлик олиб кираверсин.
Гулнора ОТАЖОНОВА.
Манба: "Тасвир" журнали 2011 йил.