ШАДДОД ОНА ИЗТИРОБЛАРИ
ШАДДОД ОНА ИЗТИРОБЛАРИ
“Эпик театр” асосчиси Бертольт Брехт жаҳон драматургиясида туб бурилиш ясаган, буюк Аристотелнинг таълимотидан кескин фарқ қилувчи “неоаристотелча” фалсафани илгари сурган атоқли драматург, саҳна назариётчисидир. Брехт театри – биз томоша қиладиган одатий театр эмас, бунда томошабин воқеликни кузатиш асносида ҳиссиётга берилмай, қаҳрамонлар тақдирини мушоҳада қилиши, ўз қараши, муносабату хулосаларини билдириши лозим. Шу нуқтаи назардан унинг асарларини саҳналаштириш мураккаб вазифа; режиссёр ва актёрлар томошабиннинг синчков нигоҳини ҳар лаҳзада ҳис қилиши, образларнинг турфа характери, мақсад-муддаоси, ҳаётий танлови ва позициясини чуқур ўрганиши зарур. Ўзбек театри ижодкорлари Брехт асарларига кўп мурожаат қилмаган. Бу борада таниқли режиссёр Тожибой Исроиловнинг изланишлари эътиборга молик. У турли йилларда ҳозирги Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида “Сичуандан чиққан меҳрибон”, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида “Шаддод она ва унинг фарзандлари” асарларини саҳнага қўйиб, адибнинг мураккаб поэтикаси, услуби, эстетикаси ва назарий тушунчаларини ифодалашга ҳаракат қилди. Ана шу анъанани давом эттирган режиссёр Ўзбек Миллий академик драма театрининг кичик саҳнасида “Шаддод она ва унинг фарзандлари” асарини саҳналаштирди. Бу спектакль ҳам Брехтни англаш йўлидаги дадил ва муҳим қадам бўлди, десак хато бўлмайди.
Брехт пьесани “Ўттиз йиллик уруш хроникаси” деб номлайди. Асар марказида Шаддод она номи билан машҳур бўлган Анна Фирлинг исмли аёл ва унинг фарзандлари қисмати туради. Таъкидлаш ўринлики, жаҳон драматургиясида бу қадар мураккаб, зиддиятли, томошабину ижрочининг ақлу шуурини ағдар-тўнтар қилиб юборадиган образлар кам учрайди. Она бир вақтнинг ўзида урушни лаънатлайди ва яна уруш давом этишини хоҳлайди. Даҳшатли фалсафа-я! Муҳорабалар бутун инсониятнинг ёстиғини қуритади, онаизорни фарзандларидан жудо қилади; аммо шу уруш туфайли у кун кўради, ўлкан аскарларнинг қурол-яроғини сотиб, ярадор зобитларга дори-малҳам улашиб кун кечиради. Уруш тугаса, онанинг шўри қурийди.
Спектаклда Шаддод онани маҳоратли актриса, Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова ижро этди. Малика опа фавқулодда истеъдодли, образнинг энг нозик ҳужайраларигача кириб борадиган, ҳолату кечинмаларни борича кўрсатадиган улкан санъаткор; бироқ таассуфки, режиссёрларимиз шундай ажойиб актрисанинг имкониятларидан тўла фойдаланган эмас. Назаримда, айнан мазкур спектаклда Малика Иброҳимова феномени қайта кашф этилди, актриса ниҳоятда оғир, залворли, серқатлам образнинг моҳиятини гоҳ ҳиссий ишоралар, гоҳ совуққон нигоҳлар, гоҳида енгил юмор ила очиб беради, муҳими, ижрони кузатаётган томошабинда “эпик театр”га хос воқеликка муносабат ҳисси уйғонади: хўш, Шаддод онанинг тутган йўли қанчалик тўғри? Ўз фарзандларининг совуқ мурдаларини кўриб, сўнгги бор бағрига босолмаслик, одам боласининг пашшадек қирилиб кетаётганига гувоҳ бўлса-да, тирикчилигини ўйлаб, урушдан манфаатдор бўлиш – онадек табаррук зотга қанчалик хос?!
Малика опанинг ижроси ана шундай зиддиятлар, кескин саволу жумбоқларга бой, образ ечими хусусида қатъий, узил-кесил хулосага келиш қийин. Актриса яратган Шаддод она урушнинг барча заҳматларини тотган, обдон қийинчилик кўрган аёл; қотмадан келган танаси, бўртиб турган томирлари, эгнидаги эскирган кўйлак ва шарф, узун, ямоқ солинган юбка, бошидаги эркакшода қалпоқ шунга ишора қилади. Кичкина жуссаси ила бирор лаҳза тиним билмайди, чарчамайди, эски соябон аравасини тортиб, қонга тўлган уруш майдонларидан ризқу насибасини излайди. Арава – рамзий деталл: у она ва фарзандлари қўним топган маскан, мўъжазгина Ватанга ҳам менгзаса бўлади; бошқа томондан яшаб қолиш, рўзғор тебратиш учун шу арава мудом ҳаракатланиши лозим, бўлак чора йўқ.
Асар ва спектаклнинг дастлабки саҳналарида Анна Фирлинг фарзандларини кутаётган тақдирни аввалдан билиш учун фол очиб кўради. Учала фарзандга ҳам қора ҳоч чиқади, бу – муқаррар ҳалокат, фожиадан нишона эди. Она қисмат битигига қарши боришга интилмасин, барибир ундан қочолмайди, кўз қорачиғидек асраган ўғиллари урушга йўл олади ва бирин-кетин ҳалок бўлади.
Шаддод онани яширилган хазина сабаб ҳарбийларга асир тушган кенжа ўғли Швейцариялик (Жамол Ирисметов) нинг ҳаётини худди бозор сингари савдолашиши спектаклнинг энг таъсирчан, драматик саҳналаридан бири. Бу савдода зоҳиран танноз кўринса-да, юраги ҳасратга тўла аёл Иветта Потье (Шодия Абдуқодирова) қаллиқ ролини ўйнаб беради, она жигаргўшасини асраб қолишни истайди, бироқ уруш уни даҳшатли танлов билан юзма-юз қўяди: ўғлининг ҳаёти учун икки юз гульден (Австрия империясида муомалада бўлган пул бирлиги)ни қизғанади, чунки шунча пулни берса, эртага оч-наҳор қолиши, бошқа фарзандларининг ризқи кесилишини ўйлайди. Ҳарбийларни бир юз йигирма гульденга кўндиришни сўраб, Иветтага ялиниб-ёлворади. Алал-оқибат, икки юзга рози бўлганида, кеч қолади, парда ортидан ҳукм ижро этилганини билдирувчи даҳшатли овоз янграйди. Иветтанинг аламу изтироб ила айтган “Савдолашиб етган ерингиз шу бўлди! Энди соябон аравангиз фойдага қолди. Бу дунёдан ўғлингизга теккани ўн битта ўқ бўлди, холос” деган сўзлари фожианинг бутун қабоҳати, қўрқинч манзарасини очиб беради. Табиийки, ушбу саҳна томошабинни чуқур мушоҳадага чорлайди, адоқсиз саволлар гирдобида қолдиради: наҳот она ўз фарзандининг жонини савдолашса?! Бу қандай разолат бўлди? Ҳа, фақат урушдагина шундай ақлга сиғмас, қайғули ҳодисалар юз беради, фақат уруш, хору зорликкина инсонни бу каби аянчли вазиятларга рўбарў қилади.
Ҳали бу ҳаммаси эмасди. Фельдфебель (Умид Турсунов) бошчилигидаги икки солдат кенжа ўғилнинг жасадини замбилга солиб, онанинг ҳузурига олиб келади, ундан “бу мурдани танийсанми?” – деб сўрашади. Чойшабни кўтаришади, шўрлик она вужудининг бир парчасини жонсиз ҳолатда кўриб, не аҳволга тушгани, “пичоқсиз сўйилгани”ни тасаввур қилиш мумкин. Шу саҳнада М.Иброҳимова Шаддод она руҳиятида кечаётган ниҳоятда мураккаб, зиддиятли ҳолатни юз ифодаси орқали маҳорат ила кўрсатади: онанинг кўзлари баайни қотиб қолган жасаднинг кўзларидек катта-катта очилиб, бўшлиққа тикилган, ҳаракатсиз. “Дод” солиб, боласини бағрига босса, ҳамма сир фош бўлади, қолганлар ҳам ажал сиртмоғига тутилади, шу боис ичидан қуйилиб келаётган йиғини бўғзига ютади, ўз ўғлидан тониб, бош чайқайди. Актриса мана шу вазиятнинг психологик талқинини топа билди, онанинг меҳри ва совуққон нигоҳини уйғунликда ифодалаб, Брехт театрига хос мушоҳадага бой, қарама-қарши кечинмали характер яратди.
Таниқли актриса Шодия Абдуқодирова иккита образни гавдалантирди: бири Анна Фирлингнинг соқов қизи Катрин, иккинчиси Иветта Потье. Ҳар икки образнинг ўзига хос олами, характери бор. Катрин – урушнинг тилсиз гувоҳи, онасидан фарқли ўлароқ инсонларга меҳр-муҳаббати, хайрихоҳлиги кучли, аммо ичидаги туйғулари, кечинмаларини изҳор қилмоққа ожиз. Ш.Абдуқодирова Катриннинг болаларча беғубор, покиза дунёси, айни вақтда урушга бўлган чексиз аламу нафратини психологик бўёқлар, имо-ишоралар орқали ифодалайди. Айниқса, кичик акаси Швейцарияликнинг ўлимидан сўнг мурда ахлатхонага равона бўлгач, бутун жисму жаҳони билан ҳайқириши, забонсиз бўлса-да, руҳан мотам тутиши томошабинни мутаассир қилади.
Катриннинг ўлим саҳнаси ҳам жуда таъсирли ишланган. Бегона қишлоққа бориб қолган қиз ўзи қўним топган уйнинг томига чиқади-да, жон-жаҳди билан барабан чала бошлайди. Чол-кампирнинг неча бор ёзғиришига қарамай, чалишдан тўхтамайди. Аскарлардан бири ўқ узади, қиз жон таслим қилади. Ш.Абдуқодирова барабанни шиддат билан чалаётган Катрин тимсолида бутун инсониятни қирғину муҳорабалардан огоҳ этаётган, уларни бирдамлигу иттифоққа чорлаётган жонли образни яратади.
Актриса ижросидаги Иветта Потье олифтанамо, танноз хоним, башанг кийинган, бошида шляпа. У ҳам урушнинг ортидан кун кўради, фақат нобоп йўл – номусини сотиш билан ҳаёт кечиради. Бироқ унинг ҳам ўз ҳақиқати бор: бошига тушган кўргуликлар учун бадбин жамиятни, атрофидаги маккор инсонларни айблайди. “Севиб қолишдан эҳтиёт бўлиш керак!” деган шиорни дастак тутади. Ш.Абдуқодирова Иветтанинг ташқи ва ички дунёсига хос жиҳатларни моҳирона гавдалантиради, уни йўлдан оздирган, нопок кўчаларага бошлаган иллатларнинг асл моҳияти, таг илдизини кўрсатишга интилади. Актриса спектаклда руҳий ва жисмоний томондан кўп куч сарфлайди: характерлари бир-бирига ўхшамас, ниҳоятда мураккаб иккита образ яратади. У ҳар икки қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларини теран англайди, ҳолатдан-ҳолатга тез мослашади, образларнинг ички мувозанати, динамикасини сақлайди.
Спектаклда актёрлар бир вақтнинг ўзида бир неча персонажларни ижро этади. Жумладан, Улуғбек Ҳолиқжонов Эйлиф, ёш солдат, бир кўз; Жамол Ирисметов Швейцариялик ва аскар; Фурқат Ғофуров ошпаз ва биринчи аскар; Умид Турсунов полк руҳонийси ва Фельдфебель; Дониёр Насриддинов қўшин ёлловчи ва котиб; Ихтиёр Аҳмадалиев ҳарбий қўмондон ва прапоршик; Шерзод Абдувалиев Каптенармус ва деҳқон; Абдуллоҳ Ҳусанов қари полковник ва деҳқон йигит сингари катта-кичик қаҳрамонларни талқин қилади. Албатта, бир актёрнинг икки ё учта персонажни гавдалантириши осон вазифа эмас, бу ижрочидан катта меҳнат ва маҳоратни талаб қилади. Назаримизда, ёш актёрлар бу масъулиятли вазифанинг уддасидан чиқишган. Улар ҳар бир ижрога хос характер хусусиятларини топишга муваффақ бўлган.
Актёр Умид Турсунов ижросидаги полк руҳонийси спектаклдаги эътиборли образлардан бири бўлиб, унинг жон талвасасида эътиқоди, диний қарашларидан воз кечиши, вазиятга қараб иш тутиши, баъзида иккиюзламачилик, мунофиқлик қилиши томошабинни гоҳ кулдиради, гоҳида аччиқ хулосаларга етаклайди. Руҳоний Шаддод онанинг аравасини тортишга ёрдам беради, ягона илинжи қорин-қурсоғини тўйдириш, урушдан соғ-омон чиқиш. У.Турсунов руҳоний тимсолида урушнинг маънавий зарарларини очиб ташлайди, бу балои азим инсонни одамийлик мақомидан чиқариб юбориши, энг муқаддас туйғуларини ҳам маҳв этиши мумкинлигини рўйи рост кўрсатади.
Шунингдек, спектаклдаги деҳқон аёл (Муниса Ражабова), кампир (Мадина Мухторова) каби персонжаларни ижро этган актёрлар ҳам муайян ютуқларга эришган. Айниқса, таниқли актриса Мадина Мухторованинг саҳна жараёнларига қайта бошлагани, шундай оғир, фалсафий асарда иштирок этгани диққатга арзигулик.
Спектаклнинг финал саҳнаси. Урушда бор будини, жондан азиз фарзандларини йўқотган Шаддод она – М.Иброҳимова яна ўша соябон аравасини жон ҳолатда, базўр тортганича саҳнани тарк этади. Бу орқали режиссёр ҳаёт, тирикчилик ташвишлари давом этиши, беомон уруш ҳали узоқ йиллар инсониятнинг сабру матонати, иродасини синовдан ўтказишига ишора қилади.
Шу ўринда саҳна асарини янада мукаммаллаштириш, бадиий яхлитликни таъминлаш бўйича айрим таклиф-мулоҳазаларимиз бор эди. Спектаклда муаллифнинг баъзи ремаркалари, воқеалар юз бераётган йилларни кўрсатиш учун видеопроекциядан фойдаланилган. Фикримизча, бу спектаклнинг жонли атмосфераси, сюжет тадрижи ва мантиқийлигига бирмунча таъсир кўрсатган. Яна бир мулоҳаза шуки, айрим актёрлар ўз ролларини жуда юқори регистрда ижро этмоқда, натижада, саҳнада ортиқча эҳтирослар, натуралистик ҳаракатлар учрайди. Назаримизда, режиссёр айни жиҳатларни ҳисобга олиши, спектаклнинг кейинги намойишларига қадар бу камчиликларни бартараф этиши лозим.
Ўзбек Миллий академик драма театрининг “Шаддод она ва унинг фарзандлари” спектакли ижодий жамоанинг имкониятларини чархлаш, ёш актёрларнинг драматик маҳоратини оширишда муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилгани шубҳасиз. Брехт театрида тобланган актёрлардан келажакда бадиий пухта образлар кутиш мумкин. Бундай асарлар театрнинг бадиий савияси, ғоявий концепциясини яхшилашга, репертуар ислоҳотларини амалга оширишга, саҳнага янгича руҳ, услуб ва ифода воситалари олиб киришга ёрдам беради. Шу маънода, мамлакатнинг бош театри жаҳон саҳна санъатининг илғор таълимотларидан бири – Бертольт Брехт ижоди ва унинг “эпик театри”га мурожаат қилишини эътирофга молик ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин.
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,
санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори
"Театр" журнали, 2023 йил 2-сон.
Баҳодир Эргашев фотолари.