Ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам бахтиёрман
Ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам бахтиёрман
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, режиссёр ва актриса - Нодира Пардаевна Мўминованинг порлоқ хотирасига бағишланади.
Бу аёлни Бухоро маданий ҳаётида ўзига хос ижодкор сифатида билишса, телетомошабинлар Бухоро вилоят телевидениеси орқали намойиш этилган ва анчагина машҳур бўлган “Қабоҳат“ спектаклидаги мол–дунёга берилиш натижасида ўз надоматига даво тополмаган она ролининг моҳир ижрочиси сифатида билишади. Театр ихлосмандлари эса уни “Темир хотин”даги Аломат,”Тавба”даги жабрдийда келин роллари орқали танишади. Ўз фаолиятини асли актрисаликдан бошлаб, ҳозир режиссёр сифатида фаолият юритаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Мўминова учун ҳаётининг мазмуни не-не санъат дарғаларига бешик бўлган Бухоро вилоят театри билан билан чамбарчас боғланган.
Нодира Бухоро вилоятининг Когон туманида таваллуд топиб, оддийгина меҳнаткаш оилада вояга етди. Санъаткор бўлиш ҳаваси унда болалик пайтларида туғилган бўлса-да, ҳали аниқ бир ҳаётий мақсадга айланиши учун вақт керак эди. Мактабни тугатган йили у санъатга интилиши шунчаки оддий қизиқиш эмас,балки мақсадга айланганлигини ҳис қилди. Шу мақсад уни вилоят мусиқали драма театрига етаклаб келди.
У 19 ёшида у вилоят театрига драма артисти сифатида ишга қабул қилинди. Ишлаш билан бирга Ўзбекистон Давлат Санъат олийгоҳини сиртдан тугатиб ҳам олди. Бухоро театрида ишлаб, халқ орасида яхшигина обрў-эътибор қозонган устозлари Убайдулла Бақоев, Анвар Азимов,Шамсиддин Йўлиевлар ўгитларига,маслаҳатларига амал қилиб кам бўлмади.Устозларидан ўрганган жиҳатларни ўзи ўйнаётган ролларига тадбиқ қилди. Албатта,ўзининг қалб кечинмалари ва истеъдодини қўшиб театр саҳнасида эсда қоларли образлар яратди.
Бундан ташқари Нодира телевизион спектакллар ва кинофильмларда қатор ролларни ижро этди. Булардан Ш. Бошбековнинг “Темир хотин” жиддий комедиясида Аломат, Уйғуннинг “Қотил” драмасида Гулюз, С. Костовнинг “Аёллар подшоҳлиги” комедиясида Райна, С. Сирожиддиновнинг “Соҳибқирон Темур” драмасида Сакинабону, Ў. Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак” комедиясида Мадина, Т. Аҳмаднинг “Фидоийлар” драмасида аспирант-тарихчи, С. Ғанининг “Тўй” мусиқали комедиясида Латофат каби салмоқли роллар яратганлигини айтишимиз мумкин.
Нодира яратаётган образларига борини бериб ўйнади. Бу эса Нодира яратаётган роллар ҳаётий ва бир-бирига ўхшамаслигини таъминлади. Унинг изланишлари, чеккан заҳматлари беҳуда кетмади. 2006 йилда Н. Мўминованинг меҳнати ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланди.
2007 йилда Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият олийгоҳининг ассистентура-стажировкаси (олий режиссура курси)ни муваффақиятли ўқиб тугатиб, Ўзбек Миллий академик драма театрида касбий амалиётни ўтади. Шу пайтда асарларни саҳналаштириш сирларини Ўзбекистон Халқ артисти Валижон Умаровдан ўрганди. Кейин Бухоро театрига қайтиб, режиссёр сифатида фаолият юрита бошлади.
Нодира ўтган йиллар давомида қатор спектаклларни саҳналаштирди. Булардан “Ойбек ва Зарифа” мусиқали композицияси, ”Офтоб” фожеий-драмаси, ”Минг бир кеча” мюзикли, А. Сарварованинг ”Хаёл ва ҳақиқат”драмаси, Ў. Ҳошимовнинг “Умид дарахти” руҳий драмаси, Нуруллоҳ Аббосхоннинг “Жайдари келин” мусиқали комедияси, ”Навоийни эслаб” композицияси, ”Аҳмаднинг саргузаштлари” ва бошқа бир қатор болалар спектаклларини саҳналаштирди. Ўтган йили Нодира Мўминова томонидан “Хотира ва қадрлаш куни” олдидан Бухоро театрида ижод қилган ва вилоятда театр санъати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган устоз санъаткорлар хотирасига бағишлаб “Хотирдасиз, санъатимиз дарғалари” номли хотира кечасини саҳналаштирди.
Дарвоқе, Нодиранинг яна бир гўзал иқтидори бор. У қўшиқ айтишни жуда севади. Ўзига хос оригинал тароналари билан ҳам ўз мухлислари қалбидан ўрин эгаллаган.
Бундан ташқари, Нодира Мўминова давлатимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни тушунган, жамиятимизнинг фаол хотин-қизларининг вакили ва Халқ депутатлари Когон шаҳар кенгаши депутати сифатида Бухоро вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ”Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши, Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши ва Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи билан ҳамкорликда кўпгина оммавий тадбирларда режиссёрлик фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Нодира Мўминова Когон шаҳар кенгаши депутати сифатида кам таъминланган оилаларни таъминотини яхшилаш, коллежни битирган ёшларни ўз соҳасида ишга жойлаштириш бўйича амалий ишлар қилиб келаётгани,Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан 2018 йилда республика миқёсида ўтказилган “Оқила аёл” кўрик-танловида учинчи ўринни эгаллагани, партиянинг Когон шаҳар кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари сифатида аёллар муаммоларини ечиш бўйича ибратли ишларни амалга ошириб келаётгани эътиборга лойиқ.
2020 йилда Нодира Мўминова театрда У. Қўчқорнинг “Имом Бухорий” ва Уйғун ва И. Султоннинг “Алишер Навоий” спектаклларини саҳналаштирди. Ҳар иккала спектаклда унинг ўзигагина хос бўлган режиссёрона ёзуви сезилиб туради. Яъни,классик асарларни яратиш жараёнида у ўша давр муҳитини спектаклга сингдириб юборади.
Ўтган йил сўнггида эса ёзувчи Ш. Бўтаевнинг “Хотира боғи” спектакли унинг изланишлари натижаси сифатида саҳна юзини кўрди. Асар Бухоро вилоят телерадиокомпанияси томонидан ёзиб олинди ва вилоят телелевидениеси орқли намойиш этилди.
Нодирадаги ижодкорона ўзига хослик у саҳналаштираётган асарларда ўз аксини топади. У саҳаналаштирилаётган асарнинг қай шаклда намойиш этилса, томошабинга маъқул бўлиши мумкинлигини яхши англайди ва артистлар маҳоратидан тўғри фойдалана олади.
- Бугунги кунда театр санъати ҳар бир режиссёр ва актёрдан катта фидоийликни талаб қилади. Чунки давр ўзгаришлари,соҳамизга қаратилаётган катта эътиборга жавобан биз ҳам янги имкониятлар топиб, томошабинга ёқадиган,лозим бўлса тарбиялайдиган янги асарлар яратишимиз керак, - дейди у. - Бугунги томошабиннинг диди жуда баланд.Биз томошабинни ҳайратлантира олсаккина, театр санъати севимли бўла олади.
- Нодирахон, жуда серҳаракат, тиниб-тинчимас аёлсиз. Шунча ишга қандай улгурасиз? –сўраймиз ундан.
- Инсон ўз ишини севса ва атрофидаги кишиларга керак эканлигини англаса, ўзига топширилган ҳамма ишни эплашга улгуради. - дейди Нодира Мўминова. - Умримнинг ўттиз бир йили мана шу театрда ўтди. Биламанки, ишлайдиган аёлга доимо қийин бўлиб келган. Аёл қанча кучли бўлмасин, барибир қўллаб-қувватлашга,меҳрга интиқ бўлиб яралган. Шукур, ёнимда севимли турмуш ўртоғим, фарзандим, қадрдон жамоам бор. Улар мен учун битмас-туганмас куч-қувват, меҳр-муҳаббат ва қувонч манбаидир.
- 2021 йилдаги иш режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Ўзбек ёзувчиси,шоир ва таржимон Асқад Мухторнинг “Бўронларда бордек ҳаловат” асарини саҳналаштириш ниятидаман.Айни пайтда бу асарнинг саҳна варианти устида бош қотиряпман, - дейди у суҳбатимиз сўнггида.
Ҳақиқатан ҳам, уйи ва ишлаётган жамоасидан кўнгли хотиржам бўлган инсоннинг иши доимо унумли бўлади. Нодира Мўминова билан суҳбат жараёнида шунга яна бир бора амин бўлдик.
Моҳигул Назарова, Бухоро вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим мудири.
Манба: «Бухоронома» вилоят газетасининг 2021 йил 8 март сони.