БУГУН ОИЛАДА ШУКРОНАЛИК ЕТИШМАЯПТИ!
ҲАКИМА ОТАХОНОВА: “БУГУН ОИЛАДА ШУКРОНАЛИК ЕТИШМАЯПТИ!”
Бугунги меҳмонимиз Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Ёш томошабинлар театри етакчи актрисаси – Ҳакима Отахоновадир.
Бир пайтлар у “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатуви орқали машҳур бўлиб кетган эди. Шу кунларда ҳам Ҳакима Отахонова “Оталар сўзи”, “Иқрор”, “Тақдирлар”, “Тақдир исканжаси”, “Буни ҳаёт дейдилар” каби теленовеллаларда бир-бирига ўхшамайдиган ролларни ижро этиб келяпти. Шу билан бирга бугун у театр саҳнасида ҳам фаолиятини давом эттиряпти ва ёшларнинг севимли устозига айланган.
Биз унинг санъатга кириб келиши, турмуш ўртоғи билан танишуви ва ижодий ишлари ҳақида мароқли суҳбат қурдик.
“ДАДАМ АКТРИСА БЎЛИШИМНИ ХОҲЛАМАГАНЛАР!”
– Актриса бўлишингизга нима туртки бўлган? Оилангизда санъаткорлар бўлганми?
– Ҳеч қачон актриса бўламан, деб ўйламаганман. Отам она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлганлари учун адабиётни, шеър ўқишни яхши кўрардим. Катта бўлсам, отамга ўхшаб ўқитувчи бўламан, деб юрардим. Ўша пайтда мактабимизда Драма тўгараги очилган. Бир жиддий ният билан эмас, шунчаки дугоналарим қатори тўгаракка аъзо бўлдим. Тўгарагимизда “Ибн Сино” пьесасини саҳналаштирдик. Менга салбий қаҳрамон малика Сайёра ролини топширишди. Ўша йилларда мактаблар аро вилоятларда, туман марказларида фестиваллар кўп ўтказиларди. Шу спектаклимиз жуда яхши чиқди. Биз Андижондаги ҳамма танлов ва фестивалларда қатнашиб, ғолиб бўлдик ва фақат бизнинг Андижондаги 46-мактабимизга, Тошкентда фестивалда қатнашиш учун йўлланма берилди. Мен ўшанда 10-синфда ўқирдим.
Тошкентга келиб ҳам “Ибн Сино” спектаклимизни қўйдик. Қарангки, Санъат олийгоҳининг катта-катта домлалари танловга ҳакамлик қилишди. Спектакль тугаганидан кейин бир дугонам, “сени бир домла чақиряпти, олдларига кирар экансан” деди. Қўрқа-писа хонани тақиллатиб ичкари кирсам, Ҳайъат аъзолари шу хонада ўтиришган экан. Улар орасидан бир нурли чеҳрали домла “Битирувчи синфда ўқир экансиз, қайси касбни танламоқчисиз?” деб сўрадилар. Ҳеч иккиланмай “Ўқитувчи бўламан, домла!” дедим. Ҳайъат аъзолари бир-бирларига маъноли қараб қўйишди. Домла Тошкентда Санъат олийгоҳи борлигини ва мен қобилиятли бўлганим учун шу ерда ўқишим кераклигини тушунтирдилар. Шу воқеаларни эсласам, кўзларимга ёш келади. Ўша пайтдаги домлалар санъат учун ҳақиқий фидоий бўлишган-да. Бўлмасам, мен улар учун кимман? Бир қишлоқдан келган мактаб ўқувчисиман. Ўша домла ўзини Тошпўлат Турсунов деб таништирди. Ва шу куни эринмай, мени институтга экскурсияга олиб кетдилар. Бу ерда ўтиладиган дарсларга олиб кирдилар.
Оилада олтита қиз бўлганмиз. Шунинг учун дадам бизга жуда қаттиқ турганлар. Уй юмушларини ҳам олтита қиз биргалашиб бажарардик. Биримиз овқат қилсак, бошқамиз кир ювамиз, ҳовли-жойга қараймиз.
Мен ёшлигимда тўлагина бақувват қиз бўлганман. 54 ўлчамли кўйлак киярдим. Отам раҳматли мени “полвон қизим” деб эркалатар эдилар. Отам уйда қўй боқардилар. Мен бақувват бўлганим учун қўйларга қараш, емини бериш, уларни суғориш менинг вазифам эди. Ҳатто қўйларни юмалатиб, оёқларини бойлаб, жунини ҳам олардим.
Тошкентдан бошқача бир орзулар билан қайтдим.
Кунларнинг бирида дадамга “мен актёр бўлишим керак экан. Бир катта домла менга “Санъат олийгоҳида ўқишинг керак, сенда қобилият бор, дедилар” дедим. Шунда дадам “бекорларни айтибсан, бизни авлоддан артист чиқмаган, сен артист бўлиб, авлодимизга иснод келтирмоқчимисан!” деб мени койиб бердилар. Буни эшитиб, роса йиғладим.Ўша йили мени ўқишга юборишмади ва мен ўзим ўқиган 46-мактабда пионерлар етакчиси бўлиб ишлай бошладим. Ўшанда 75 рубль ойлик олардик. Шу ерда бир йил ишлаб, пул йиғдим. Эрталабдан кечгача юракдан ишлайман, ҳатто тушликка ҳам пулимни аяб, уйдан бир бурда нон билан чой оламан-да, шуни хонамда еб оламан. Шундай кунларнинг бирида узоқдан бир салобатли эркаклар кўринди. Улар яқинлашгани сайин “Тошпўлат Турсуновга ўхшаб кетяпти-я!” деб ўйладим. “Йўғ-э, Тошкентдаги катта домлалар бу ерда нима қилади? Мен шунчалик ўқишга киришни орзулаётганим учун бу одамлар кўзимга ўша домлага ўхшаб кўриняпти, шекилли” деб ўйладим. Бундай қарасам, не кўз билан кўрайки, худди ўша Тошпўлат Турсунов билан Икромжон Бўронов деган театршунос олимлар мактабимизга кириб келишди. Уларни кўриб, йиғлаб юбордим. Шунда Тошпўлат ака исмимни эслаб қолган эканлар. “Ҳа, Отахонова, нега ўқишга бормадингиз!” деб сўрадилар. Шундай катта домлалар бир қишлоқ қизини излаб, мактабимизгача келишганини айтмайсизми?! Ҳозир шунақа домлалар борми?. Мен “отам, отам...” дедиму ўпкам тўлиб у ёғини айтолмадим.
Улар мактаб директори билан учрашишди. Вазиятни билиб, бизникига бориб, отам билан гаплашадиган бўлишди. Аммо отам уларни ҳушламайгина қарши олдилар. Домлалар дадамга “қизингизда қобилият бор, у актриса бўлиши керак” деб роса тушунтиришди. Лекин дадам бир сўзда туриб олдилар: “Бизнинг авлодимиздан артист чиқмаган!” дедилар. Охири дадам кўнавермагач, домла раҳматли “сиз қизингизни ўқитувчи бўлишини истайсизми?” дедилар. Дадам тасдиқладилар. “Бу олийгоҳни битирганларнинг қанчаси ўқитувчи бўлиб ишлайди. Биз розимиз. Қизингиз институтни битирганидан кейин ўқитувчи бўлиб ишлайди!” дейишди. Шундагина дадам истар-истамай, “ҳа, майли” деб қўйдилар.
Кейинги йили Тошкентга кетадиган куним, юкларимни аллақачон тайёрлаб қўйганман. “Дада, мен Тошкентга кетяпман!” десам, уларга ёқмади. Тикка турган одам, шундоқ диванга “шилқ” этиб тушдилар. Шунда ҳушларидан кетдиларми ёки ҳолсизланиб ўтириб қолдиларми, билолмадим. Катта опам, “дадамни шу аҳволда ташлаб кетаверасанми, ортингга қайт!” деганча бақириб қолди. Мен йиғлаганча чиқиб кетдим.
Мен ўшанда ўз-ўзимга сўз берганман. “Худо хоҳласа, мен актриса бўлиб, дадамнинг фикри нотўғри эканини, артистларнинг ҳаммаси ахлоқсиз эмаслигини мен ўзимда исботлайман” деганман. Чунки кетаётганимда опамнинг “ортингга қайт!” деб бақирганлари ҳар доим қулоғимда жаранглаб туради. Лекин ўшанда қайтмаганман. Чунки қайтсам, бугунги Ҳакима Отахонова бўлолмасдим.
“ПОЛВОН ҚИЗДАН НОЗИККИНА ҲАКИМАГА АЙЛАНГАНМАН!”
– Ритмика фанидан баҳо олиш учун озган экансиз. Қандай оздингиз. Овқат емадингизми? Парҳез қилдингизми?
– Кўпроқ спорт билан шуғулландим, турли жисмоний машқлар қилдим. Юқори курсда ўқийдиган талабалар билан ётоқхонада бирга яшаб, худди опа-сингилдай бўлиб кетганмиз. Институтда бирга ўқийдиган қизлар ҳар хил машқларни ўргатишди, нон емасликни маслаҳат беришди. Эрталаб югуришга чиқардим. Кимдан нимани эшитсам, ҳаммасини қилиб кўрдим ва секин-секин оздим.
Ўша йиллари биз талабалар телевидениедаги “Ғазалхонлик кечалари”да қатнашар, мумтоз адабиётдан ғазаллар ўқирдик. Шунда онам мени телевизорда кўриб қолибдилар. Мени овозимдан танибдилар. Экранга яқинроқ келиб қарасалар мен эмишман. Энди полвон қиз йўқ-ку, унинг ўрнига озғин, қилтириқ қиз ўтирибди. Онам дадамни чақириб “Мана аҳвол. Сиз қизингизга пул юбормаяпсиз. Озиб-тўзиб, танимайдиган даражага келибди. Аҳволини қаранг!” деб роса йиғлабдилар. У пайтда дадам мен билан гаплашмас эдилар. Дадам ҳам мени телевизорда кўриб, раҳмлари келган. Ўшанда дадам “Тошкент шаҳри, Герман Лопатин кўчаси, 77-уй, Отахонова Ҳакимага” деб биринчи марта менга хат ёзганлар. “Ҳакима сени телевизорда кўрдик. Ғазал ўқидинг. Қизим, оч юрмагин. Энди сенга ҳар хат ёзганимда ўн сўмдан пул жўнатиб тураман. Бунга колбаса билан нон олиб, яхши-яхши еб юргин” деб ёзибдилар. Бизнинг пайтимизда қизил ўн рубль, катта пул эди! Шуни солиб, хат юборибдилар. Ҳалиги хатни кўриб кўзларимга ишонмайман. “Наҳотки, дадам менга хат ёзган бўлсалар!” дейман. Хурсанд бўлганимдан йиғлаб юбордим. Ота-онамга оч қолмаётганимни, “актрисаликка ўқийдиган қизлар нозиккина бўлиши керак экан, шунга атайлаб оздим, мендан хавотир олманглар, соғлиғим яхши, пулим етарли. Менга пул жўнатманглар!”, деб жавоб мактуби ёздим-да, унинг ичига дадам юборган ўн сўмликни қайта солиб ўзларига юбордим. Шу баҳона дадам билан ярашиб олганмиз.
“У ЗАМОННИНГ ЙИГИТЛАРИ МАРД БЎЛГАН!”
Ёшлигимда кўзга яқин, чиройли қиз бўлганман. Бизда актёрликдан ташқари Рассомлик, Ҳайкалтарошлик факультетлари бор эди. Шунда кўп йигитлар менга ошиқ бўлишган. Сабаби, улар “битта шу қиз Тошкентга келиб ўзгармади” дер эканлар. Сочимни майда – қирқ кокил қилиб ўзим ўрардим. Сочларим қалин эди. Ўша пайтларда “Сангам”, “Тош ва гул”, “Она муҳаббати” каби машҳур ҳинд фильмларининг номи ёзилган дўппилар бўларди. Қизлар шуни киярдик. Қишда онам билан опамнинг кўйлакларини кийганман, бир дона ўзимнинг кўйлагим бўларди. Энди актрисалар эмасми, қизларимиз мини юбкалар кийишар, сочларини калта кесиб олишарди. Мен отамга артистлар ахлоқан бузуқ эмаслигини исботлайман, деб астойдил аҳд қилган, шунинг учун сипогина бўлиб юрардим. Асли табиатим шунақа эди. Лекин у пайтдаги йигитлар мард бўлган. Нега десангиз, кўп йигитлар менга дил изҳори қилганида, “мен актрисаликка ўқияпман, келгусида ҳам шу касбда ишлаш ниятим бор” деганимда, йигитлар “ишлаб нима қиласиз, ишлаш шарт эмасдир...” деб фикрларини очиқ айтар эдилар. Аммо тўйдан олдин рози бўлиб, кейин эса “йўқ ишламайсиз, уйда ўтирасиз” деганида нима қила олардим. Тўртинчи курсда ўқиётганимда тақдирим қўшилган инсонни, бўлажак турмуш ўртоғимни учратдим.
У киши Тошпўлат Турсуновнинг курсида ўқиган шоир ва драматург Тўрамирза Жабборов эди. Биринчи марта Амир Темур ҳақида пьеса ёзганлар ва у Қашқадарё театри саҳнасида қўйилган. Шу кунларда ҳам жадидлар ҳақидаги пьесалари Муқимий театрида қўйиляпти. У киши Театршунослик факультетида, мен Драма ва кино актёрлиги факультетида ўқиганмиз. Охирги курсда ўқиётган йилимиз, Тўрамирза ака дил изҳори қилиб қолдилар. Мен ҳам уларга “Мен театрда ишлашим керак. Аввалбошда отам бу касбни танлаганимдан норози бўлганлар. Ўшанда мен отамга актёрлар ҳам боодоб, хушхулқлик инсонлар бўлишини исботлайман, деб дилимга тукканман!” дедим. Улар “театрда ишламасангиз, унда нима қилиб бу ерда ўқиб юрибсиз?!” деганлар. Бир оғиз шу сўзлари учун мен рози бўлганман. “Албатта, театрда ишлайсиз-да!” деганлар.
– Ёш томошабинлар театрини танлашингизга сабаб, оилавий муносабатлар эмасми?
– Мен тўртинчи курсни битирганимда тўнғич қизим дунёга келган. Аввалбошда мени Ҳамза (ҳозирги Миллий) театрига ишга таклиф қилган эдилар. Ўйлаб кўрсам, Ёш томошабинлар театрининг иш вақти менга жуда қулай бўларкан. Улар кечки соат олтигача ишлар эканлар. Қизим тетапоя қилгунича ўғлимга ҳомиладор бўлиб қолдим. Катталаримиз менга “аввал оила, шу фарзандларингни катта қилиб ол, кейин астойдил ишлайсан!” деб маслаҳат беришди. Аслида ниятим, болаларим каттароқ бўлгач, бошқа театрга ўтиб ишлаш эди. Лекин орадан вақт ўтиб, бу ерда ишлаш ўзимга ёқиб қолди. Бу ерда Ўзбекистон халқ артистлари Манзура Ҳамидова, Муҳаббат Йўлдошева, Обид Толипов, Воҳид Қодиров, Бадал Нурмуҳамедов ишлар эдилар. Улар мени ўз фарзандларидай кутиб олишди. Бу актёрлар ўша пайтларда жуда машҳур бўлишган. Лекин оддий, самимий, софдил инсонлар эди. Шунинг учун бошқа театрга ўтгим келмади. Ўша пайтларда кундузи соат 11 да болалар учун спектакль қўяр эдик. Кечқурун соат 5-6 ларда албатта, катталар учун спектакль қўйиларди. Кейин телекўрсатувларда ҳам иштирок этадиган бўлдик. Айниқса, “Оталар сўзи” кўрсатуви жуда машҳур эди. Режиссёр Мираббос Мирзаҳмедов бизни Ҳамза (ҳозирги Миллий) театри актёрлари билан қўшиб юборар эдилар. Кундузи болаларга спектакль қўйсак, кечқурун катталар учун саҳна асари қўйсак, бу ёқда телевидениеда қатнашсам, яна менга нима керак, деб ўйладим ва қарабсизки, Ёш томошабинлар театрида ишлаётганимга ҳам мана 46 йил бўлибди.
“МАНЗУРА АЯНИНГ ҚАҲРАМОНИГА АЧИНИБ ЙИҒЛАГАНМАН!”
– “Оталар сўзи”да “Заранг коса” новелласида ёмон келин ролида чиққансиз. Шу ролингиз ўзингизга ёққанми?
– Аслида ҳам мени халққа танитган “Оталар сўзи” кўрсатуви учун тайёрланган “Заранг коса” новелласи бўлади. Шу ролга тасдиқлангач, икки кундан кейин Лутфулла Саъдуллаев бошчилигида Андижонга гастролга кетадиган бўлиб қолдик. Бормасликнинг ҳеч иложи йўқ, чунки мен театрда асосий қаҳрамонлар ролини ўйнар эдим. Кетай десам, “Оталар сўзи”дай яхши бир кўрсатувдан катта роль беришган, сафарга бормай десам, дублёрим йўқ. Шундай хафа бўлиб, йиғлаб-йиғлаб, гастролга кетдим. Лекин астойдил ният қилсангиз, Аллоҳ сизга мададкор бўлар экан. Бу ёқда биз Андижонда гастролда юрибмиз. Мираббос ака бошқа актриса билан съёмкани бошлаб юборганлар. Худди шу пайтда сайлов бошланиб қолган. Ҳозир телевидениеда техника етарли, у пайтларда камералар кам бўларди. Қурултой, сайлов кунларида ҳамма камералар улар учун ишларди. Шу сабаб, съёмка ишлари қолдирилган. Унгача биз Тошкентга қайтиб келганмиз. Қаранг, ёмон келин ролини ўйнаш барибир менга насиб қилган экан. Устозим Манзура ая Ҳамидова меҳрибон қайнона, мен эса жоҳил келин ролини ўйнаганман. Бир жойида аяга раҳмим келиб йиғлаб, бутун гримларим, тушларим оқиб тушган. Мираббос ака, “энди келиннинг саҳнасини оламиз!” деганларида, не кўз билан кўришсинки, мен йиғлаб бир аҳволда турибман. Шунда Манзура ая “Ҳа, нима бўлди? Нега йиғладинг?” деб сўраганлар. “Устоз қаҳрамонингизга ачиниб кетдим”, десам, мени роса койиб берганлар. “Менга унақа кўнгли бўш шогирд керакмас. Нега ролингни тайёрлаш ўрнига мени ролимни томоша қиласан?!” деб уришиб берганлар. Мен сабаб бир соат танаффус қилишимизга тўғри келган. Юзимни ювиб, қайтадан грим қилишган. Манзура аянинг далдалари, Мираббос аканинг ёрдамлари билан шу ролим яхши чиқди ва машҳур бўлиб кетди.
– Ўша пайтларда “Оталар сўзи” кўрсатуви қандай тайёрланар эди. Ҳозир мана бунга ўхшаш кўрсатувлар кўпайиб кетган. “Миллий”да, “Маҳалла” каналида “Оталар сўзи” кўрсатуви бор. Унинг ёнига шу йўналишдаги “Иқрор”, “Тақдирлар”, “Буни ҳаёт дейдилар”, “Тақдир исканжаси” ва ҳоказо кўрсатувлар қўшилган. Илгариги “Оталар сўзи” кўрсатуви қандай тайёрланар эди ва ҳозиргилари қандай тайёрланяпти?
– Ҳозир худди кинога ўхшатиб олишяпти. Техник имкониятлар жуда кенг. Лекин барибир мени кўчада кўриб қолишса, “сизларнинг даврингизда бу кўрсатув жуда бошқача, таъсирли чиқарди-да!” дейишади.
Биласизми, у пайтларда “Оталар сўзи”нинг битта сонини камида 25 кун, бўлмаса, бир ой тайёрлар эдик. Телевидениеда Мираббос Мирзаҳмедов билан Мавжуда Турсуноваларнинг катта хонаси бўлар, аввал шу ерда репетиция қилардик. Баъзан кечаси ҳам репетиция қилган кунларимиз бўлган. Битта сўзни ўзгартирсак, Мираббос ака бизни уришиб берардилар. Узоқ репетиция қилиб пишитар, шундан кейингина съёмкалар бошланарди. Ваҳоланки, ўша пайтларда бу кўрсатув павильонларда ёзиларди. Павильонни уйга ўхшатиб қўйишарди. Стол-стул, чойнак-пиёла қўйиларди. Дастурхонга қўйиладиган нон ҳам, олма-анорлар ҳам сунъий бўларди. Лекин шу кўрсатув бир ҳафтагача халқ оғзидан тушмасди, шов-шув бўлиб кетарди.
Бугун ҳаётимиз жуда жадаллашиб кетди. Вақт ҳам тиғиз. Ҳозир у даврдаги каби бир ойлаб репетиция қилишга вақт қаёқда, дейсиз.
Шу ўринда мухлисларимизга яна бир нарсани эслатишни хоҳлардим. Мана “Заранг коса” эфирга узатилганига ҳам 45 йил бўлибди.
Бир куни “Миллий” канали ижодкорлари, “Иқрор” кўрсатуви продюсери Нодира Муҳаммаджонова менга бир таклиф билан чиқди. “Дунёда ҳеч бир иш изсиз қолмайди. Ҳар бир қилмишнинг қайтиши бор. Келинг, шу “Заранг коса”нинг давомини ишлаймиз!” деб қолдилар. “Бир пайтлар чиройли, шаддод, ҳозиржавоб бўлган келин энди кексайди. Энди у 70 ёшга кирди...”, деган бир мазмунда “Қайтар дунё” номли мен учун бир лойиҳа тайёрланди. Энди ўша ёмон келин кексайиб, ўзи қайнона бўлган. Ёшлигида қайнонасига қилган зулмлари невара келиндан ўзига қайтади. Невара келин ҳатто уни дўппослайди...
– Йўғ-е, келин қайнонасини дўппослайдими? Наҳотки... Айрим пайтлари ижодкорлар сал ошириб юбормаяптимикин, деб ўйлаб қоламан...
– Теленовеллаларнинг бирида мен овсинининг боласига қасддан керосин ичирадиган салбий қаҳрамон ролини ижро этгандим. Учрашувга борганимизда бир аёл туриб, “шуни сал ошириб юборибсизлар-да” деди. Учрашувдан шу ўйлар билан чиқдим.
Бир чеккада машинамиз келишини кутиб турибмиз. Шу пайт бир хонадондан ёшгина келин ялангоёқ, ялангбош йиғлаганча чопиб чиқди. Ортидан давангирдай бир эркак пичоқ кўтариб қувлаб қолди. У келиннинг қайнотаси экан. “Астағфируллоҳ, нима бўляпти?” дедик. Қўрққанимдан оёқ қўлим қалтирай бошлади. Учрашувда қатнашган эркакларимизга “анави одамнинг кетидан боринглар, аёлнинг жонига жабр қилмасин! Қўлида пичоғи бор экан-ку!” дедик. Эркакларимиз бояги одамнинг орқасидан бориб, уни ушлашди. Кейин билсак, бир арзимаган баҳона билан у келинини “ўлдираман” деб пичоқ кўтариб қувибди. Жанжалга шу маҳаллада турадиган 3-4 аёл йиғилди. Улардан бояги кўнглимни ғашлаган саволни сўрадим. “Бекорларни айтишибди, ҳаётда ундан ҳам баттарлари бўляпти! Фақат биз билмаймиз, эшитмаймиз. Ўзимиз ундай эмаслигимиз учун биз улардан бехабармиз. Жуда тўғри кўрсатгансиз” дейишди.
“ЗАЛДАН ОТИЛГАН ОЛМА КЎЗИМГА ТЕККАН!”
– Болалар театрида қайси ролларингизни маза қилиб ижро этгансиз. Яна болалар тўполончироқ бўлишади. Саҳнага қараб нималарнидир отишади. Сизда ҳам шундай вазиятлар бўлганми?
– Бунақа воқеалар кўп бўлади. Ҳамма ролларимни яхши кўраман. Энг яхши кўрган ролларимдан бири “Зумрад ва Қиммат” эртаги асосида ишланган “Сирли сандиқ” спектаклидаги Қиммат ролидир.
Спектакль кетяпти, мен Қиммат, Фарида Умарова Зумрад ролида. Манзура Ҳамидова билан уч киши саҳнадамиз. Аслида спектаклда ундай жойи йўқ эди. Қарасам, Фарида Умарова саҳнани супуряпти, узун сочлари полга тегяпти. Шу пайт ўрнимдан туриб, унинг сочини қўлимга бойладим-да, сочидан тортдим. Фарида Умарова кутмагани учун ҳайрон бўлиб менга қаради. “Ҳе, сочинг ўлсин, ҳозир сочингни шу еридан ғирт-ғирт қилиб кесиб ташлайман!” дедим. Сочидан сал тортиб қўйдим. Шунда у “Жон, Қиммат опа, сочимни қўйиб юборинг, оғрияпти” деди. Шу пайт томошабинлар томонидан бир қаттиқ нарса келиб нақ кўзимга тегди. Ўша отилган нарса олма экан. Кучли зарбдан кўзимни очолмай қолдим. Спектакль хотимасига етиб қолган, зал тўла томошабин. Ҳаммамиз жим бўлиб қолдик. Кейин мен “ойижон, қаранг, маҳалламиздаги манавининг ўртоқлари менга тош отди. Айтинг, ким отган бўлса ҳам, мендан кечирим сўрасин!” дедим. Манзура ая залга қараб, “Қани, Қимматой қизимга ким олма отган бўлса, кечирим сўрасин!” дедилар. Зал сув қуйгандай жимиб қолди. Кутилмаганда орқада ўтирган бир бола “мен кечирим сўрамайман!” деб ўрнидан турганча залдан чиқиб кетди.
Ёш томошабинлар театрида бунақа воқеалар бўлиб туради. Чунки болалар ишонувчан бўлишади. Улар қаҳрамон билан бирга яшайди. Кулсангиз кулади, йиғласангиз йиғлайди. Ижромиз болаларга таъсир қилиб, спектакль кўришга келган 300 та боладан, бир 20 нафари ўзига тегишли хулоса чиқарса, шу бизнинг ютуғимиз бўлади.
Шу кунларда ўсмирлар учун “Жадидлар” номли спектакль тайёрланяпти. Болалар бу спектаклни кўриши керак, деб ўйлайман.
“ОИЛАДА ШУКРОНАЛИК ЕТИШМАЯПТИ!”
– Сизнинг ҳам ёшингиз улуғ. Ёшларга оила мустаҳкам бўлиши учун ўз тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда бир маслаҳат берсангиз.
– Оила муқаддас. Ватан аслида оиладан бошланади. Яна ҳам кичикроғи бешикдан бошланади. Бола кўзини очганида бешикни кўради. Шу бешик бола учун бир ватан бўлади.
Кўп нарса ота-оналарга, буви-бобожонларга боғлиқ, дейман. Тарбияни тўғри беришимиз керак.
Хато қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Айниқса, ёшлар кўп хато қилишади. Аслида, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз. Энг оқил одам шуки, агар қилган хатосини тушуниб, уни қайта такрорламаса, у оқил бўлади. Мен ўзим ҳам қайнонаман. Қайнона бўлиш ҳам осон эмас. Сиз ҳақингизда, бу хонадондаги тартиб-қоида, анъаналардан мутлақо бехабар бир инсон уйингизга кириб келади. Унга фақат яхши гапириб, меҳр билан йўлга солишингиз керак. “Вой, онаси уйида нимани ўргатган экан? Тавба?” деб энсангиз қотса, уйингизда на барака бўлади, на меҳр-оқибат бўлади. Катта одам ниҳоятда сабрли бўлиши керак. Бесабр бўлсангиз ютқизасиз. Ўзимнинг қизларимга ҳам доим “Сабрли бўл, сабрли бўл!” деб тайинлардим. Ёшлар қилган хатони биз катталар табиий, деб қабул қилишимиз керак. Ахир улар энди мустақил ҳаётга қадам қўйишяпти-ку! Ёш келинлар қилган хатони кўриб кўрмасликка олсангиз, жойи келганида мулойимлик билан тушунтирсангиз, ўргатсангиз, у ҳам тушунади. Танбеҳ беришда ҳам, гапиришда ҳам гап кўп.
Биламан, келиннинг шу ишидан жаҳлингиз чиқяпти. Сиз ҳақсиз. Лекин ўртада оилани чиройли қилиб олиб бориш учун ўша жаҳлингизни ичингизга ютишингиз керак. Ўша хатолик ишларни ҳазил-ҳузул қилиб, кулги ва хушкайфият билан енгиб кетса ҳам бўлади-ку! Балки ёш келин ҳозирча сизни тушунмас, лекин вақт ўтиб, ўша пайтда сиз ҳақ эканингизни тан олади. Яхшилик қилсангиз, болам-бўтам қилсангиз, келинлар ҳам буни билади. Сизга меҳр билан жавоб қайтаради. Шунинг учун сабр таги сариқ олтин, деб бежизга айтишмаган.
Мен масалан, 45 беш йилдан бери келинлару қайноналар ролини ўйнаяпман. Қанча-қанча чигал тақдирларни кўрсатдик, қайноналарга ҳам, келинларга ҳам сабоқ бўладиган воқеаларни намойиш этдик. Шулардан ҳам ўзимга бир хулоса чиқараман, албатта.
Эскиларнинг бир гапи бор. “Ҳамманинг қарилигини берсин, кексайганда чиройли яшаш насиб қилсин!” дейишади. Ҳамма қилганларингиз, эртага ўзингизга қайтади, шуни унутманг. Жавоб бериш осон. Қарор чиқариш осон, лекин эртангизни ўйланг. Илгари 40 йилда қайтади, дер эдилар. Ҳозир 40 кунга ҳам қолмай қайтяпти.
Биз катталар сабрли бўлайлик. Ёшлар эса жавоб беришдан олдин ўйлаб олсинлар, қарор чиқаришга шошилмасинлар. Бизда оилада етишмаётган энг катта нарса - бу шукроналик!
Арзимаган нарсага ҳам, “ундай бўлса бўларди-ю, бундай бўлса бўларди-ю!” деб юборамиз. Касалхоналарда қанча беморлар, “бир тишлам нон ҳалқумимдан ўтармикан!” деган илинжда шифтга тикилиб ётибди. Қанча бедаво касаллар бор. Шунинг учун юриб-турганимизга, соғлом ишга бориб келаётганимизга, кўзларимиз кўраётганига, юрагимиз бир маромда уриб турганига шукр қилиб, яхшилик қилишга шошилайлик, дейман.
Мавлуда Иброҳимова суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.