Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Дўстлик» ордени соҳибаси, Ўзбекистон давлат Драма театри ва кино актрисаси – Доно Бобохоновани туғилган куни муносабати билан табриклаймиз. Доно Бобохоновага энг аввало соғлик, узоқ, умр ва бахт-саодат тилаймиз! Барча орзу-умидлари рўёбга ошишига тилакдошмиз!
Маълумот: Доно Бобохонова (Данисия Даяновна Бабаханова) 1946 йилнинг 20 ноябрь куни Қозоғистонда таваллуд топган. 1970 йил А. Н. Островский номидаги Тошкент давлат Театр ва рассомлик институтининг "Мусиқали театр актёрлиги" бўлимини тамомлаган. Ижодий фаолиятини 1968 йилда "Ёш гвардия" (ҳозирги Ўзбек давлат Драма театри)да бошлаган. 1996 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган. Данисия Бабаханованинг театр саҳнасида ижро этган роллари: “Дийдор”да Оймомо, “Ўн саккиз ёшлигим”да Муҳаббат, “Биринчи бўса” Чарос, “Учинчи орзу” Вера, “У одам нима-ю, бу одам нима?” биринчи гувоҳ, “Қайтар дунё”да Хатира, “Чеча”да она, “Сўнаётган юлдузлар” Соня, “Тинмасин соз” Раҳима, “Ассалому алайкум, қизлар”да Анушахоним, “Гуноҳкор авлиё”да Лиза, “Отасининг қизи”да Ҳакима, “Ёшлик – бебошлик”да Лаззат, “Қирол Лир”да сарой хоними, “Маъмура кампир”да Салтанат, “Бухорои шариф”да Комилжон,“Алвон гул”да энага, “Малика”да Фароғат, “Саратондаги изғирин”да Мўътабар, “Нон, қон, инсон”да она, “Ҳаёт барибир гўзал”да Баҳринисо, “Заҳарли ҳаёт”да Сора, “Довюрак Ван Лао”да Дахей, “Кураш момо”да Кураш момо, “Аяжонларим”да Тўтинисо, “Аёл” она, “Бахт эшик қоққанда”да Барно, “Фаррош кампирнинг тушлари” фаррош, “Эски муҳаббат”да Раънохон, “Аёллар салтанати”да бошлиқ, “Бир севги ривояти”да Илдизмомо, “Аросат изтироби”да Моҳинисо, “Беш сўм”да Салби, “Тоға-жиянлар”да Асалхон, “Ташвишланманг, онажон”да Дадуна, "Ромео ва Жульетта"да энага ва яна бошқа ўнлаб образлари орқали эл суйган санъаткорга айланган ва халқимиз дилидан муносиб жой олган ижодкордир.
Кинода ҳам ўзига хос турфа ролларни маромига етказиб ижро этган: “Бозор кўрмаган йигит”да она, “Аразласанг, ўламан”да қайнона, “Чол ва набира”да Собира, “Тилим қурсин”да совчи ва бошқалар шулар жумласидандир.