ЙИЛЛАР ОРТИДАГИ ҚУВОНЧ


   Гўзал табассум ортида ҳам оғриқли нуқталар борлигини, бу оғриқлардан устун кела олиш учун эса инсон етарлича сабр-бардош, қатъият ва матонат, ўрни келса кенг билим ва тафаккур  зарур бўлади. Дилноза ҳар қандай ҳаёт синовлари,  дил оғриқларини гўзал табассум ортига беркита оладиган кучли Инсон! 
   Dilnoza, туғилган кунингиз муборак бўлсин! Илоҳим, ҳаёт Сизга доимо яхшиликлари билан куч-қувват берсин! 

ЙИЛЛАР ОРТИДАГИ ҚУВОНЧ

   Истеъдодли санъаткор, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, республика миқёсида ўтказиладиган кўплаб нуфузли тадбирлар бошловчиси Дилноза КУБАЕВАни ҳаммангиз яхши биласиз. Унинг нафақат театр саҳналарида, балки турли кинофильмларда ижро этган ранг-баранг ролларини кўриб таъсирлангансиз, унга қўшилиб гоҳ кулиб, гоҳ йиғлагансиз. Бугунги қаҳрамонимиз ҳар бир ролни юксак даражада, маромига етказиб ижро эта олгани учун ҳам томошабинлар меҳрини қозонган. У «Энг улуғ, энг азиз – 2010» республика танловининг «Йилнинг энг яхши киноактрисаси» йўналишида 2-ўрин соҳибаси бўлган. 2011 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, 2012 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

ОҒРИҚЛИ НУҚТА

   Болалигимда тортинчоқ, камгап, ҳеч кимга қўшила олмайдиган қиз бўлганман. Мактабнинг 1-синфини зўрға тамомлаганман. Уятчанлигимдан дарсларда жавоб беришгаям қийналардим... Ўқув йили охирида ўқитувчимиз дарслик китобларини рўйхат асосида йиғиб олган. Менга навбат келгунича қўнғироқ чалиниб қолган. Бошқа синфдошларим тез-тез топширишаётганини кўриб мен ҳам секингина бориб китобларимни ўқитувчимнинг столи четига қўйганман. Бир неча кун ўтиб муаллимам ойимни мактабга чақириб, «Қизингиз дарслик китобларини топширмади», деб айтган. Китобларни топширганим ҳақида қанча гапирмай рўйхатда белгиланмаган, дея туриб олишди. Мана уятчанлигимнинг оқибати. Ниҳоят, топширилган китобларнинг ҳаммаси ҳисоблаб чиқилгач сўзларим ростлиги аниқланди...
   Ўша пайтда ҳозирги Яшнобод туманидаги 255-мактабда ўқир эдим. Бошқа уйга кўч­ганлигимиз сабабли 4-синфдан бошлаб Сирғали туманидаги 3-мактабда таълим ола бошладим. Отам ўқитувчи бўлгани учун жуда сипо кийинардим. Доим мактаб формасида, сочларим йиғиштирилган, тартиб-қоидага қатъий амал қилардим. Бу эса синфдошларимнинг ғашини келтирар, мени «ўқитувчи» деб масхара қилишарди. Синфда қизлар гуруҳ-гуруҳга бўлинишганди. Энг ёмони, бу гуруҳнинг ҳеч қайсиси мени яқинлаштирмас эди. Танаффусларда бир ўзим қолардим. Бу аҳвол юқори синфдаям давом этди. Улар билан ҳар қанча дўстлашишга уринмай «янги»лигим учунми, билмайман, менсишмасди. Ҳар куни ойимга, мени уйда бир кунгина олиб қолинг, деб ялинардим. Мактабга боргим келмас, синфдошларимнинг масхара қилишларини эшитгим келмасди...
   Бир куни дарсдан сўнг синфдош қизлардан бири атайин ойимга қўнғироқ қилиб, «Қизингизни қаердалигини биласизми? Ҳалиям уйга келмадими? Ахир дарслар тугаганига анча бўлди-ку!» дебди. Онам ҳаяжондан рақс тўгарагида эканлигимни ҳам унутиб, мактабга югуриб келибди. Ранги докадек оппоқ... Ўшанда онам ҳеч кимга – мактаб директорига ҳам, синф раҳбаримизга ҳам шикоят қилмади. «Ҳали улар ўз хатосини тушуниб етади. Парво қилма», деди.
   Онам табиатан юмшоқ, оқкўнгил ва сабрли аёл. Шунинг учун ҳам биз — фарзандларига доимо беозор бўлишни, ҳеч кимнинг дилини оғритмай, сабр билан яшаш кераклигини уқтирарди. Ва ҳаммаси яхши бўлади, дея овутарди...
   Мактабда ўтаётган ҳар бир куним йилдек туюларди... Қайсидир маънода синф раҳбаримдан ҳам ранжиганман. Чунки ўқувчиларнинг бир-бирига сингишиб, аҳил бўлишида ўқитувчининг ўрни катта деб ўйлайман. 
   Атрофдагиларга эътибор бермай ўз устимда тинмай изланардим. Мактабимизда қандай тўгараклар ташкил этилган бўлса, барчасига қатнашардим. Шу мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Мавлуда Абдуллаева ўз тўгарагида ифодали ўқиш маҳоратини юрагимга чўғ қилиб солди. Шеър ва ғазалларни тинмай ифодали ўқишга, ёд олишга ҳаракат қилардим. Илк ютуғимга ҳам шу мактабда эришганман. Туманлараро ифодали ўқиш танловида Сирғали тумани бўйича биринчи ўринни олганман. Шу сабаб бўлдию, дилимни оғритган синфдошларимдан узоқлашиш мақсадида 7-синфни тугатиб Алишер Навоий номидаги Республика Нафис санъат лицейига таваккалига имтиҳон топширдим ва юқори балл билан 9-синфнинг сухандонлик бўлимига қабул қилиндим.
   Лицейда мен гўёки ўзга оламга тушиб қолгандек, бағримга шамол теккандек бўлди. У ердаги синфдошларим бир-биридан меҳрибон, ақлли, билимли... Тенгдошларим ўртасида камситиш, масхаралашни эмас, фақатгина аҳиллик, бирдамлик ва асосийси илм олиш жараёнида ўқувчилар ўртасидаги «рақобат»ни кўрардим. Улардан орқада қолмаслик учун ўз устимда тинмай ишлай бошладим. Ўзимни шунчалик бахтиёр сезардимки...
   Ҳозир болалик дамларимни эсласам, биринчи навбатда ўша дилимни оғритган йиллар ёдимга тушади. Бу йиллар болалигимнинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолди...

ОҚ ҚОҒОЗГА ГАРД ТУШМАСА...

   Лицей директори Сўлмас Султонов, адабиётшунос ўқитувчимиз Ҳошимжон Аҳмедов ва шу маскандаги барча муаллимларнинг юриш-туриши, муомаласи биз учун ибрат мактаби эди. Қўлни кўксимизга қўйиб салом беришдан тортиб муомала маданияти сирларигача ўргата бошлашди. Ҳар бир яхши ишимиз ёки ўқишимиз учун алоҳида эътироф, рағбат олардик. Албатта, бундай муҳитда янада кўпроқ ўқигим келарди. Ҳар куни лицейга қушдек учиб борардим... Дугоналарим билан кимўзарга ижод қилардик. Ёзганларимизни кўтариб таҳририятларга борардик. Бир нечта шеърларим газета ва журналларда чоп этилган. Ҳозир ҳам шеър қоралаб тураман...
   Лицейни тамомлаб Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтига юқори балл билан қабул қилиндим. Институтда менга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мунаввара Абдуллаева устозлик қилди. Шундай инсонга шогирд бўлиш – бу ҳам менинг бир бахтим.
   Бир куни устозим Мунаввара опа мени театрда роль ижро этишим учун синовдан ўтишим лозимлигини, белгиланган вақтда етиб боришим кераклигини айтди. Хурсандлигимдан «теримга сиғмай» айтилган вақтдан анча илгари бордим. Театр эшиги ёнида икки соатдан ортиқ кутдим, роса тақиллатдим. Аммо ҳеч ким очмади. Ахийри бир киши келиб, «Бу эшик театрда спектал қўйиладиган вақтда томошабинлар учунгина очилади. Сиз бинонинг ён тарафидан, ходимлар кирадиган эшикдан киришингиз лозим», дея тушунтирган. Ичкарига кириб борганимда устозим мени кутиб асабийлашиб ўтирган экан...
   Театр саҳнасига кириб келишим шу тарзда бошланган. Секин-аста бу гўша менинг иккинчи уйимга айланди. Омадим бор экан, талабалик давримданоқ кино ва театр саҳнасида роллар ижро эта бошладим. Менга курсдошларимнинг ҳаваси келарди. Бунинг учун устозимдан миннатдорман.
   Нимаики иш қилмай ота-онам ва устозим кўз олдимда туришади. Уларни хурсанд қилишни, доимо мен билан фахрланишларини истайман. Вақтни қадрлайман. Интернет, телеграммдан фойдаланмайман. Булар мен учун ортиқча вақт сарфлашдек туюлади. Бўш вақтим бўлиши билан китоб мутолаа қиламан. Алишер Навоий ва Бобур ғазалларини ёд олиб, ёлғизгина ўғлимга ўқиб бераман.
   Фарзандим билан сайрга чиққанимда кўчада ўйнаб юрган болаларни кузатаман. Ёшига мос бўлмаган гап-сўзлар, айёрлик, ҳасад, кибор... Билмадим, булар айнан ниманинг таъсири? Лекин, мен истардимки, бола боладек улғайса. Оқ қоғозга гард тушмаса. Болаларча самимийлик, болаларча беғуборлик умри давомида уларни тарк этмаса.

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
Манба:  "Гулхан"  журнали 2016 йил 7 сон.
***

YILLAR ORTIDAGI QUVONCH

   Iste’dodli san’atkor, O‘zbek milliy akademik drama teatri aktrisasi, respublika miqyosida o‘tkaziladigan ko‘plab nufuzli tadbirlar boshlovchisi Dilnoza KUBAYEVAni hammangiz yaxshi bilasiz. Uning nafaqat teatr sahnalarida, balki turli kinofilmlarda ijro etgan rang-barang rollarini ko‘rib ta’sirlangansiz, unga qo‘shilib goh kulib, goh yig‘lagansiz. Bugungi qahramonimiz har bir rolni yuksak darajada, maromiga yetkazib ijro eta olgani uchun ham tomoshabinlar mehrini qozongan. U “Eng ulug‘, eng aziz – 2010” respublika tanlovining “Yilning eng yaxshi kinoaktrisasi” yo‘nalishida 2-o‘rin sohibasi bo‘lgan. 2011-yilda “O‘zbekiston belgisi” ko‘krak nishoni, 2012-yilda “Shuhrat” medali bilan taqdirlangan.

OG‘RIQLI NUQTA

   Bolaligimda tortinchoq, kamgap, hech kimga qo‘shila olmaydigan qiz bo‘lganman. Maktabning 1-sinfini zo‘rg‘a tamomlaganman. Uyatchanligimdan darslarda javob berishgayam qiynalardim... O‘quv yili oxirida o‘qituvchimiz darslik kitoblarini ro‘yxat asosida yig‘ib olgan. Menga navbat kelgunicha qo‘ng‘iroq chalinib qolgan. Boshqa sinfdoshlarim tez-tez topshirishayotganini ko‘rib men ham sekingina borib kitoblarimni o‘qituvchimning stoli chetiga qo‘yganman. Bir necha kun o‘tib muallimam oyimni maktabga chaqirib, “Qizingiz darslik kitoblarini topshirmadi”, deb aytgan. Kitoblarni topshirganim haqida qancha gapirmay ro‘yxatda belgilanmagan, deya turib olishdi. Mana uyatchanligimning oqibati. Nihoyat, topshirilgan kitoblarning hammasi hisoblab chiqilgach so‘zlarim rostligi aniqlandi...
   O‘sha paytda hozirgi Yashnobod tumanidagi 255-maktabda o‘qir edim. Boshqa uyga ko‘ch­ganligimiz sababli 4-sinfdan boshlab Sirg‘ali tumanidagi 3-maktabda ta’lim ola boshladim. Otam o‘qituvchi bo‘lgani uchun juda sipo kiyinardim. Doim maktab formasida, sochlarim yig‘ishtirilgan, tartib-qoidaga qat’iy amal qilardim. Bu esa sinfdoshlarimning g‘ashini keltirar, meni “o‘qituvchi” deb masxara qilishardi. Sinfda qizlar guruh-guruhga bo‘linishgandi. Eng yomoni, bu guruhning hech qaysisi meni yaqinlashtirmas edi. Tanaffuslarda bir o‘zim qolardim. Bu ahvol yuqori sinfdayam davom etdi. Ular bilan har qancha do‘stlashishga urinmay “yangi”ligim uchunmi, bilmayman, mensishmasdi. Har kuni oyimga, meni uyda bir kungina olib qoling, deb yalinardim. Maktabga borgim kelmas, sinfdoshlarimning masxara qilishlarini eshitgim kelmasdi...
   Bir kuni darsdan so‘ng sinfdosh qizlardan biri oyimga qo‘ng‘iroq qilib, “Qizingizni qayerdaligini bilasizmi? Haliyam uyga kelmadimi? Axir darslar tugaganiga ancha bo‘ldi-ku!” debdi. Onam hayajondan raqs to‘garagida ekanligimni ham unutib, maktabga yugurib kelibdi. Rangi dokadek oppoq... O‘shanda onam hech kimga – maktab direktoriga ham, sinf rahbarimizga ham shikoyat qilmadi. “Hali ular o‘z xatosini tushunib yetadi. Parvo qilma”, dedi.
   Onam tabiatan yumshoq, oqko‘ngil va sabrli ayol. Shuning uchun ham biz — farzandlariga doimo beozor bo‘lishni, hech kimning dilini og‘ritmay, sabr bilan yashash kerakligini uqtirardi. Va hammasi yaxshi bo‘ladi, deya ovutardi...
   Maktabda o‘tayotgan har bir kunim yildek tuyulardi... Qaysidir ma’noda sinf rahbarimdan ham ranjiganman. Chunki o‘quvchilarning bir-biriga singishib, ahil bo‘lishida o‘qituvchining o‘rni katta deb o‘ylayman. Atrofdagilarga e’tibor bermay o‘z ustimda tinmay izlanardim. Maktabimizda qanday to‘garaklar tashkil etilgan bo‘lsa, barchasiga qatnashardim. Shu maktabning boshlang‘ich ta’lim o‘qituvchisi Mavluda Abdullayeva o‘z to‘garagida ifodali o‘qish mahoratini yuragimga cho‘g‘ qilib soldi. She’r va g‘azallarni tinmay ifodali o‘qishga, yod olishga harakat qilardim. Ilk yutug‘imga ham shu maktabda erishganman. Tumanlararo ifodali o‘qish tanlovida Sirg‘ali tumani bo‘yicha birinchi o‘rinni olganman. Shu sabab bo‘ldi-yu, dilimni og‘ritgan sinfdoshlarimdan uzoqlashish maqsadida 7-sinfni tugatib Alisher Navoiy nomidagi Respublika Nafis san’at litseyiga tavakkaliga imtihon topshirdim va yuqori ball bilan 9-sinfning suxandonlik bo‘limiga qabul qilindim.
   Litseyda men go‘yoki o‘zga olamga tushib qolgandek, bag‘rimga shamol tekkandek bo‘ldi. U yerdagi sinfdoshlarim bir-biridan mehribon, aqlli, bilimli... Tengdoshlarim o‘rtasida kamsitish, masxaralashni emas, faqatgina ahillik, birdamlik va asosiysi ilm olish jarayonida o‘quvchilar o‘rtasidagi “raqobat”ni ko‘rardim. Ulardan orqada qolmaslik uchun o‘z ustimda tinmay ishlay boshladim. O‘zimni shunchalik baxtiyor sezardimki...
   Hozir bolalik damlarimni eslasam, birinchi navbatda o‘sha dilimni og‘ritgan yillar yodimga tushadi. Bu yillar bolaligimning og‘riqli nuqtasi bo‘lib qoldi...

OQ QOG‘OZGA GARD TUSHMASA...

   Litsey direktori So‘lmas Sultonov, adabiyotshunos o‘qituvchimiz Hoshimjon Ahmedov va shu maskandagi barcha muallimlarning yurish-turishi, muomalasi biz uchun ibrat maktabi edi. Qo‘lni ko‘ksimizga qo‘yib salom berishdan tortib muomala madaniyati sirlarigacha o‘rgata boshlashdi. Har bir yaxshi ishimiz yoki o‘qishimiz uchun alohida e’tirof, rag‘bat olardik. Albatta, bunday muhitda yanada ko‘proq o‘qigim kelardi. Har kuni litseyga qushdek uchib borardim... Dugonalarim bilan kimo‘zarga ijod qilardik. Yozganlarimizni ko‘tarib tahririyatlarga borardik. Bir nechta she’rlarim gazeta va jurnallarda chop etilgan. Hozir ham she’r qoralab turaman...
   Litseyni tamomlab Mannon Uyg‘ur nomidagi Toshkent davlat san’at institutiga yuqori ball bilan qabul qilindim. Institutda menga O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan yoshlar murabbiyi Munavvara Abdullayeva ustozlik qildi. Shunday insonga shogird bo‘lish – bu ham mening bir baxtim.
   Bir kuni ustozim Munavvara opa meni teatrda rol ijro etishim uchun sinovdan o‘tishim lozimligini, belgilangan vaqtda yetib borishim kerakligini aytdi. Xursandligimdan “terimga sig‘may” aytilgan vaqtdan ancha ilgari bordim. Teatr eshigi yonida ikki soatdan ortiq kutdim, rosa taqillatdim. Ammo hech kim ochmadi. Axiyri bir kishi kelib, “Bu eshik teatrda spektal qo‘yiladigan vaqtda tomoshabinlar uchungina ochiladi. Siz binoning yon tarafidan, xodimlar kiradigan eshikdan kirishingiz lozim”, deya tushuntirgan. Ichkariga kirib borganimda ustozim meni kutib asabiylashib o‘tirgan ekan...
   Teatr sahnasiga kirib kelishim shu tarzda boshlangan. Sekin-asta bu go‘sha mening ikkinchi uyimga aylandi. Omadim bor ekan, talabalik davrimdanoq kino va teatr sahnasida rollar ijro eta boshladim. Menga kursdoshlarimning havasi kelardi. Buning uchun ustozimdan minnatdorman.
   Nimaiki ish qilmay ota-onam va ustozim ko‘z oldimda turishadi. Ularni xursand qilishni, doimo men bilan faxrlanishlarini istayman. Vaqtni qadrlayman. Internet, telegrammdan foydalanmayman. Bular men uchun ortiqcha vaqt sarflashdek tuyuladi. Bo‘sh vaqtim bo‘lishi bilan kitob mutolaa qilaman. Alisher Navoiy va Bobur g‘azallarini yod olib, yolg‘izgina o‘g‘limga o‘qib beraman.
   Farzandim bilan sayrga chiqqanimda ko‘chada o‘ynab yurgan bolalarni kuzataman. Yoshiga mos bo‘lmagan gap-so‘zlar, ayyorlik, hasad, kibor... Bilmadim, bular aynan nimaning ta’siri? Lekin, men istardimki, bola boladek ulg‘aysa. Oq qog‘ozga gard tushmasa. Bolalarcha samimiylik, bolalarcha beg‘uborlik umri davomida ularni tark etmasa.

Suhbatdosh Nilufar JABBOROVA
Manba: "Gulxan" jurnali 2016-yil 7-son.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот