Дилноза Кубаевага табрик!
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, "Шуҳрат” медали ва "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актрисаси – Дилноза Кубаевани таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз!
Дилнозага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаймиз!
Маълумот: Дилноза Оқилбековна Кубаева 1986 йилнинг 22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган.
2011 йил "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, 2012 йилда "Шуҳрат” медали билан мукофотланган. Миллий театрда 2004 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Дилноза Кубаева театр саҳнасида намойиш этилган спектаклларда 40 га яқин турли характердаги катта-кичик образларни яратган. Жумладан, "Андишали келинчак”да Олмахон, "Омонат дунё”да қиз, "Бир канотлилар”да талаба, "Бевалар”да Дилдора, "Сизсиз ўтмас кунларим”да Ирода, "Рустам”да Қумри, "Қуёшни сен уйғотасан”да Шабнам, "Сенга бир гап айтаман”да Журналист қиз, "Ўткан кунлар”да Кумуш, "Уйқусиз кеча”да Шоира ҳамда замонавий мавзулардаги инсонларни, айниқса, ёшларни ҳушёрликка чорловчи, гиёҳвандлик, одам савдоси, диний ақидапарастлик каби ёмон иллатларга қарши спектакллардан "Бир қанотлилар”да Талаба, "Огоҳ бўлинг, одамлар”да Мавжуда каби образларни маҳорат билан ижро этди.
Дилноза Кубаева бадиий ва видеофильмларда ҳам бир қатор роллар ижро этди. «Келгинди келин»да Чарос, «Телба»да Робия, "Кечиккан ҳаёт”да Шаҳодат, "Бахт уйи”да Малика, "Сенсиз”да Малика, "Кўргим келади”да Зиёда, "Келганди келин”да Гўёхон, "Эр бермоқ, жон бермоқ”да Аёл, "Ҳижрон”да Махфуза, "Фарзандим”да Насиба, «Зумрад ва Қиммат»да Қиммат, "Жазо”да Зилола, "Кичкина одамлар”да Қиз, "Адвокатлар”да Терговчи қиз, "Ўғригина келин”да Қиз, “Барон”, “Барон 2. Соғинч”, “Меҳрибоним”, “Осмондаги болалар 3” каби кўплаб фильмлардаги ижро этган роллари орқали
томошабин меҳрини қозонган.
Актриса Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан намойиш этилаётган миллий сериаллардан "Қадаҳ”да Моҳинур, "Муҳаббатим – қисматим”да Бош қаҳрамон, "Каминанинг оиласи”да Аёл, "Табассум”да Таббасумхон каби ролларни ижро этиб, телетомошабинлар қалбидан жой олган.
Дилноза Кубаеванинг хизматлари муносиб баҳоланиб, 2022 йил «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист», 2023 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвонлари билан тақдирланган.