Гавҳар Зокировага табрик
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актрисаси, профессор, устоз санъаткор, халқимизнинг ардоқли ижодкори – Гавҳар Зокировани таваллуд топган куни билан чин юракдан табриклаймиз.
Гавҳар Зокировага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаймиз!
Маълумот: Ўзбекистон халқ артисти – Гавҳар Акмаловна Зокирова 1949 йилнинг 10 Сентябрь куни Тошкент вилоятида туғилган.
Миллий театрда 1971 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 1988 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони, 1989 йил Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Гавҳар Зокирова театрда саҳналаштирилган 100 дан ортиқ асарларда турли хил образларни ижро этган.
У "Парвоз”да Санам, "Абу Райҳон Беруний”да Гулсанам, "Қароқчилар”да Амалия, "Уйланиш”да Агафья, "Тирик мурда”да Лиза, "Бой ила хизматчи”да Гулбаҳор, Жамила, "Фата моргана”да Теодора, "Отелло”да Дездемона, "Тақдир эшиги”да Аёл, "Қутлуғ қон”да Гулнор, Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлари”да Кумуш, "Армон”да Лаура, "Нажот истаб”да Гулсара, "Алдагани хотин яхши”да Софи, "Эргинамнинг орзуси”да Гавҳар, "Свободная пара”да Актриса, "Бир қадам йўл”да Беғам,"Танҳо юлдузим”да Умида, "Кузги мактублар”да Фарҳодни онаси ҳамда Ўзбекистон академик рус драма театрида саналаштирилган "Ночь в Венеции ”да Анжела, "Узник второй Авеню”да Эдна каби бош ролларни меъёрига етказиб ижро этиб, томошабинлар ва ҳамкасбларининг олқишларига сазовор бўлган.
Гавҳар Зокирова театрдаги фаолияти билан бир қаторда видеофильм ва бадиий фильмларда хам 50 дан зиёд роллар ижро этган. Жумладан, элимиз севиб томоша қиладиган "Тўйлар муборак”да Нигора, "Тилсимой”, "Севинч”да Она, "Сарвиноз”да Она, "Келгинди қайнона”да Адолат Қудратовна, "Севги марафони”да Буви каби турли характерли образларни маромига етказиб ўйнаган.
Гавҳар Зокирова шу жумладан телесериалларда ҳам "Домла”да Гулираъно, "Бурч”, "Шайтанат”да Насиба, "Қайтмас”да Динара, "Бир кам дунё”, "Бедор туйғулар”да Шоиста, "Олмос камар”, "Меҳмонхона”да Мавжуда, "Сабр”да Норбуви каби бир-бирига ўхшамас ролларини мухлисларига тақдим қилиб келмоқда.