Нафиса Тошматовага табрик!
Ўзбекистон давлат Драма театри ва кино актрисаси – Нафиса Тошматовани туғилган куни билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз! Нафиса барча ролларини юракдан ҳис қилиб ижро этади. Айниқса, Зулфия Қуролбой қизи ҳикоялари асосида режиссёр Сайфиддин Мелиев томонидан саҳналаштирилган "Аёл" спектаклидаги бош ролни жуда меъёрига етказиб ўйнаган! Аёлнинг нақадар нозик қалб эгаси эканлиги, унинг жамиятда ва оилада тутган беқиёс ўрни, бир сўз билан айтганда, аёл сиймоси орқали аёллар тақдири ифодаланган мазкур асарни Нафиса қалбан ҳис эта олгани яққол сезилиб туради.
Нафисага энг аввало, соғлик, узоқ умр, бахт-саодат ва оилавий хотиржамлик тилаймиз! Дунёдаги жамики энг эзгу тилакларимиз истеъдодли актрисамизга ҳамроҳ бўлсин!
Маълумот: Нафиса Ҳамроалиевна Тошматова Ўзбекистон давлат Драма театрида 2008 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Тошматова Нафиса фаолияти давомида “Давлат болалари”да Назира, “Макр”да она, “Қийиқ қизнинг қуйилиши”да бева, “Ҳамлет”да Офелия, “Эзгулик йўлида”да Марҳабо, “Минг йиллик ҳангома”да Салтанат, “Жийдалилар”да Манана, “Мувозанат”да Гулшод, “Қайтар дунё”да Мастон, “Гуноҳ”да бўлим бошлиғи, “Зубайда”да Зубайда, “Вафодор”да Қумри, “Аёл”да аёл, “Ассалом Наврўз”да набира, “Этик кийган мушук”да канизак, “Нўхат устидаги малика”да Герцогиня, “Довюрак Ван-Лао”да Нилуфар, “Чодир хаёл эртаклари”да Тосбосхоним, “Аскар ва малика”да Хонима, “Илҳақ”да она, “Эзгулик йўлида”да Марҳабо, “Евгений Онегин”да она, “Сабъаи сайёр”да канизак, “Атиргуллар қисмати”да Орзигул, “Труффальдино – икки бойнинг малайи”да ниқобдаги актёр, “Минг бир кеча”да савдогар, "Жинлар базми"да Раҳбарнисо ва ҳоказо ролларни ўз маромига етказиб ижро этган.
Нафиса нафақат театр саҳнасида, балки кино ва телесериаллардаги турли ранг-баранг образлари орқали ҳам халқимиз эътиборига тушиб улгурган.
Жумладан: “Опа-сингиллар”да болалар шифокори, “Бемор”да бемор аёл, “Паризод”да Салима, “Сеҳрли қалпоқча”да қўшни хотин, “Бекатдаги одамлар”да бева аёл, "Бир ками тўлмаган дунё" сериалида Лола каби бир қатор бадиий фильм, сериалларда ўз характерига эга бўлган жозибадор ролларни ўйнаб келмоқда.