Тоҳир Саидовга табрик


    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри, устоз санъаткор - Тоҳир Саидовни таваллуд топган куни билан табриклаймиз.     
    Тоҳир Саидовга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!    

     Маълумот: Тоҳир Самандарович Сайидов 1965 йилнинг 28 Сентябрь куни Хоразм вилоятида туғилган. 
    2005 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган. 
    Миллий театрда 1991 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 
  Тоҳир Саидов кенг қамровли актёр. У илк ижро этган роллари билан томошабинлар эътиборини қозонган. Санъаткор ўз қаҳрамонларининг ички дунёсини очишга уста. Ижодининг дастлабки палласидан-оқ унинг ижрочилик йўналишида комик ҳамда ўткир драматизм руҳи билан суғорилган образлар ижросига мойиллик сезилди. У театрда саҳналаштирилган 60 дан зиёд спектаклларда ранг-баранг образлар яратган. 
   Жумладан: "Уфқ” спектаклида Турсунбой, "Кундузсиз кечалар”да Сезгир, "Бир кошона сирлари”да Сарвар, "Қаллиқ ўйин”да Чоннама, "Қирол Лир”да Масхарабоз, "Ҳамлет”да Ҳамлет, "Етти фарёд”да Адольфо, "Тартюф"да Тартюф, "Шум бола”да Ҳожибобо, "Ўткан кунлар”да Ҳомидбой, "Яраланган оққуш ноласи”да Носир, "Имкон”да Рустамали, "Омон бўлгин, азизим”да Жорж, "Уйқусиз кеча”да Баҳром, "Тортадурман жабрини”да Шотурсун, "Дарахтлар тик туриб жон беради”да Маврусио, "Олтин қиз”да Қодир, "Оқибат”да Жеймс, "Жалолиддин Мангуберди"да Чингизхон каби турли характердаги қаҳрамонлар образини маромига етказиб ижро этган. 
    Тоҳир Саидов театрдаги фаолияти билан бир қаторда фильм ва сериалларда ҳам ўзига хос ижодий фаолиятни амалга ошириб келмоқда. Булардан "Шайтанат”, "Кўнгил кўчалари”да гадой роли, "Сардор” сериалларида; "Суғдиёна”, "Чавандоз”, "18 квадрат” каби кўплаб фильмларда турфа хил образларни маҳорат билан ижро этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот