Солиқ низоларини маъмурий судларда ҳал этиш ўрни


     Солиқ давлат фаолиятининг барча йўналишларини маблағ билан таъминлашнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, солиқлар бозор муносабатларини ривожланиш шароитида давлатнинг иқтисодий сиёсатини амалга оширувчи асосий восита ҳам ҳисобланади.
     Ўзбекистон Республикаси Конституциясида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан жорий қилиниши белгиланган. 
     Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ва қабул қилиниши ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Солиқ кодекси солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
     Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ солишнинг мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.
     Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланади.
   Солиқ деганда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига тўланадиган мажбурий беғараз тўлов тушунилади.
     Йиғим деганда бюджет тизимига Солиқ кодексида ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбурий тўлов тушунилади, бу йиғимнинг тўланиши уни тўловчи шахсга нисбатан ваколатли орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан унга муайян ҳуқуқларни ёхуд рухсат этувчи ҳужжатларни бериш шартларидан бири бўлади.
     Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланади:

1) қўшилган қиймат солиғи;
2) акциз солиғи;
3) фойда солиғи;
4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
6) фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи;
7) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
8) мол-мулк солиғи;
9) ер солиғи;
10) ижтимоий солиқ.

     Солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир.
   Бугунги кунда маъмурий судлар иш ҳажмининг асосий қисмини ташкил этаётган ва йилдан йилга кўпайиб бораётган низо турларидан бири бу - солиққа оид низолардир.
     Чунки, 2023 йил 5 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бунга яққол далил.
     Президентнинг бундан олдинги йилларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари натижасида тадбиркорлик соҳасида кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилди, шу жумладан бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
     Юқоридаги қарорга асосан, 2024 йил 1 январдан иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказилиши белгиланди. 
     Бундан кўриш мумкинки, солиқ низолари доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш механизмини йўлга қўйиш белгиланди.
     Шунингдек, солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлаш назарда тутилди.
    Солиқ низоларини маъмурий судлар томонидан кўрилиши ҳақида таҳлил қилишдан олдин солиқ низоларининг тушунчаси, бу қандай муносабатларни тартибга солиши ҳақида батафсил тўхташ керак.
    Солиқ низоси - маъмурий йўл билан ҳал этилмаган низо ҳисобланиб, солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги солиққа тортишнинг турлари бўйича эълон қилинган даврдаги солиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳажми, солиқ қонунчилигини қўллаш, шунингдек, солиқ қонунчилигини белгилаш тўғрисидаги низо бўлиб фактик ҳолатлар ва процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилиниши керак. 
     Кенг маънода, солиқ низоси деганда солиқ тўловчининг муайян масала бўйича солиқ органининг фикрига рози бўлмаган ҳолат тушунилади. А .А. Пантелеева ва В. Н. Иванов ҳам худди шундай фикрда. Умуман олганда, муаллифлар “солиқ низолари” тушунчасига бундай таъриф бериб, унинг моҳиятини тўлиқ очиб бера олмайдилар, чунки солиқ низоларининг иштирокчилари солиқ органлари ҳамда солиқлар ва йиғимларни тўловчилар вакиллик қиладиган давлат бўлганлиги сабабли, солиқ низоларининг иштирокчилари бир тарафдан давлат ва бир тарафдан жисмоний ва юридик шахслар ҳисобланади. Амалиёт шуни кўрсатадики, солиқ низолари кўпинча камерал ва сайёр текширувлардан кейин юзага келади. Бу мантиқан тўғри, чунки айнан ана шу текширишлар давомида солиқ тўловлари ва йиғимларни ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилиги таҳлил қилинади.
     Д. А. Шинкарюканинг фикри бироз бошқача. Унинг фикрига кўра, “солиқ низоси бу солиқ тўловчи (солиқ органи) ва ваколатли давлат органи ўртасида норматив бўлмаган ҳуқуқий ҳужжатнинг қонунийлигини кўриб чиқиш бўйича аниқ юридик фактлар асосида юзага келадиган келишмовчилик; қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги)”. Бунда ҳақиқатан ҳам муаллиф “солиқ низоси” тушунчасининг моҳиятини аниқ очиб беради, чунки аслида низо солиқ органлари томонидан солиқ тўловчига тақдим этилган ҳужжатни кўриб чиқишда бўлади ва бу ҳужжат норматив ҳужжат бўла олмайди.
    Л. Д. Гнатив эса солиқ низосини “ўз табиатига кўра, ариза берувчи судга тегишли тарзда мурожаат қилганидан кейин ўзининг моддий-ҳуқуқий ва процессуал аҳамиятига эга бўлган анча мураккаб муносабат” деб ҳисоблайди. 
     Ҳуқуқий низонинг бир тури сифатида солиқ низоси солиқ тўловчилар, солиқ агентлари, солиқ ва божхона органлари ўртасидаги солиқларни белгилаш, ҳисоблаш, ундириш ва ундириш жараёнида шахсий ва жамоат манфаатлари тўқнашуви натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий низо туридир шунингдек йиғимлар, солиқ назоратини ўтказиш ёки солиқ органлари ва уларнинг мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш. Ушбу таъриф солиқ низоларининг моҳиятини тўлиқ аниқлаб беради. Шу билан бирга солиқ низоси тушунчасини чуқурроқ кўриб чиқиш ва унинг моҳиятини очиш учун унинг асосий элементларини тақдим этиш керак. 
    Бундай элементлар, биринчи навбатда, солиқ низосининг объектини ўз ичига олади, улар қонунларида ифодаланган шахсларнинг манфаатларини тушуниш учун ишлатиши керак. Агар биз ушбу манфаатларнинг таснифини кўриб чиқсак, солиқ органлари томонидан давлат манфаатларини ҳамда солиқ ва йиғимларни тўловчилар ўртасида шахсий манфаатларни ажратиб кўрсатишимиз мумкин. 
    Юқоридаги олимларни фикридан шуни хулоса қилишимиз мумкинки солиқ низоси дегани бу субъектлар ўртасида солиқ ҳуқуқий муносабатлари предмети бўлган қарорлар ва ҳаракатларнинг қонунийлигини текшириш ҳамда солиқ тўловчи томонидан вазифаларни тўғри бажарилиши юзасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий зиддият тушунилади.
     Маъмурий судлар томонидан солиқ низоларини кўриб чиқиш мақсадида суд амалиётини ўрганиш натижалари судларда солиқ қонунчилигини қўллашда айрим хатоликларга йўл қўйилаётганлигидан келиб чиқиб, судлар томонидан солиққа оид кўрилган низолар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 4-сонли қарори қабул қилинди.
     Мазкур Пленум қарори билан, ўз ечимини кутиб ётган бир қатор масалалар ҳал этилди.
     Жумладан, 2022 йилда Солиқ кодексининг 14-моддасига асосан солиқ органлари солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиш ваколатига эга.
    Бироқ судларда мазкур нормани қўллашда турлича амалиётлар шаклланган эди. Айрим судлар томонидан Солиқ кодексининг 
   14-моддасига асосан қўшимча ҳисобланган ҚҚСни контрагент билан тузилган битим кучда эканлиги у иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилмаганлиги асоси билан солиқ органи қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, иқтисодий судлар солиқ органининг мазкур турдаги даъво аризаларини битим иштирокчиси бўлмаганлиги асоси билан рад этиш ҳолатлари мавжуд эди.
    Эндиликда, солиқ органи томонидан ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатлари аниқланганда, бунга солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда солиқ органи ҳосил бўлган солиқ қарзини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга мурожаат қилиши лозимлиги тўғрисида судларга тушунтиришлар берилди.  
     Судларда солиққа оид низоларни кўришда яна бир муаммоли ҳолат мавжуд эди.
  Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 1878-моддаси суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида тайинланган тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномага асосан солиқ органининг солиқ тўловчига нисбатан чора кўриш ҳақидаги қарорлари юзасидан низолашиш борасида ҳам турли хил ёндашувлар мавжуд эди.
    Жумладан, Солиқ кодексида корхонанинг молиявий хўжалик фаолиятини текшириш солиқ аудити шаклида, ЖПКда ҳужжатли тафтиш тартибида амалга оширилади.
    Амалиётда судлар қўзғатилган жиноят иши доирасида тайинлаган ҳужжатли тафтиш бўйича солиқ органи томонидан солиқ аудити тайинлаш ҳақида буйруқ чиқарилмаганлиги, тафтиш якуни бўйича солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор устидан низолашиш маъмурий судларга тааллуқли эмаслиги хусусида турли фикрлар мавжуд эди.
     Юқорида қайд этилган Пленум қарори билан, тафтиш-аудит эканлиги, судларга ваколатли орган томонидан қонуний чоралар кўриш юзасидан қабул қилинган қарор маъмурий ҳужжат ҳисобланиши ва унинг устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилди. 

Мўминов Сардорбек,
Андижон туманлараро 
маъмурий суди судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот