МАЪМУРИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиниши билан мамлакатимизда давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштирилишига алоҳида эътибор берилмоқда. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун 2018 йил 8 январда қабул қилинган. Расман эълон қилингандан сўнг 12 ойдан кейин қонуний кучга кирган.
Ушбу қонунинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.
Қонун давлат органларнинг идоравий ички муносабатларини эмас, балки фақат манфаатдор шахслар ва маъмурий органлар ўртасида маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни маъмурий тартиб-таомил қоидалари асосида тартибга солади.
Маъмурий тартиб-таомиллар ўзи нима?
Маъмурий тартиб-таомиллар маъмурий органларнинг уларга хизмат юзасидан бўйсундирилмаган манфаатдор шахслар билан қонун нормаларига мувофиқ келиб чиқадиган муносабатларда давлат бошқаруви ваколатларни амалга ошириш орқали манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни тартибга соладиган процессуал қоидалардир.
Бунда маъмурий органлар дейилганда, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар тушунилади.
Маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши керак.
Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Маъмурий органнинг мансабдор шахси ёки коллегиал орган маъмурий ишни мажлисда кўриб чиқиш натижалари бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилади.
Маъмурий ҳужжат адресат тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.
Маъмурий орган манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра маъмурий ҳужжатнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда уни тушунтириб бериши, шунингдек ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни ва янглишишларни маъмурий ҳужжатнинг моҳиятига дахл қилмаган ҳолда, ўз ташаббусига ёки манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра тузатиши шарт.
Маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш зарурияти қонунчиликдаги ўзгартишлар, жамоат манфаатларига бўлган таҳдиднинг олдини олиш, маъмурий ҳужжатнинг қонунчиликка номувофиқлиги аниқланганлиги сабабли юзага келган ҳолларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли.
Қонунчиликда маъмурий ҳужжатлар фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.
Маъмурий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши керак.
Манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.
Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим.
Манфаатдор шахснинг ишончи қуйидаги ҳолларда ҳимоя қилинмайди, агар:
– манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса;
– манфаатдор шахс ўзига маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлса;
– манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз айбига кўра бу ҳақда билмаган бўлса;
– маъмурий ҳужжат алдаш, таҳдидлар ёки маъмурий органга бошқача тарзда ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатиш оқибатида қабул қилинган бўлса;
– қонун манфаатдор шахслар ишончининг ҳимоясини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса.
Манфаатдор шахснинг ишончидан қатъи назар, қонунчиликка мувофиқ эмас деб топилган маъмурий ҳужжат, агар унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган бўлса, маъмурий орган томонидан бекор қилиниши мумкин.
Манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган мулкий зарарнинг ўрни қопланади.
Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс фойдасига бекор қилиш мажлис ўтказмасдан амалга оширилиши мумкин.
Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс манфаатларига зид равишда бекор қилиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уни мажлисда қайта кўриб чиқиш орқали амалга оширилади.
Манфаатдор шахс маъмурий шикоятни қонунчиликка мувофиқ маъмурий шикоятларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган юқори турувчи маъмурий органга ёки бошқа ваколатли маъмурий органга устидан шикоят қилинаётган маъмурий ҳужжатни, процессуал ҳужжатни қабул қилган ёхуд маъмурий ҳаракатни амалга оширган маъмурий орган орқали бериши мумкин.
Маъмурий шикоятни олган маъмурий орган у келиб тушган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида маъмурий шикоятни юқори турувчи органга ёки ушбу маъмурий шикоятни кўриб чиқишга ваколатли бўлган бошқа маъмурий органга маъмурий иш билан бирга юборади.
Манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат устидан берилган маъмурий шикоятни маъмурий тартибда кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлган ёки юқори турувчи маъмурий орган мавжуд бўлмаган тақдирда, маъмурий ҳужжат устидан судга шикоят қилишга ҳақли.
Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий шикоят маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан ёки манфаатдор шахсга маъмурий ҳаракат ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.
Маъмурий шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи маъмурий орган томонидан тикланиши мумкин.
Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган маъмурий шикоят бўйича ўттиз иш куни ичида қарор қабул қилиши шарт.
Маъмурий шикоят бўйича белгиланган муддатда қарор қабул қилинмаган тақдирда, манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.
Ушбу Қонун бевосита жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган экан, демак барча маъмурий орган унинг мазмуни ва моҳиятини тўлиқ англаб етиши лозим.
Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси –
А. С. Исакулов.