Суд ҳужжатларини қайта кўриш

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 29.04.2025 йилдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сон қарорининг мазмун-моҳияти
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 29.04.2025 йилдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сон қарори қабул қилинди.
Унга кўра, қайта кўрилиши мумкин бўлган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари деганда, суднинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари тушунилади.
Янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани суд мажлисида кўриб чиқишда мазкур иш бўйича низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қиладиган ва арз қилмайдиган учинчи шахсларни жалб қилишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, қайта кўрилиши сўралган суд ҳужжатининг қабул қилинишига асос бўлган маъмурий ёки иқтисодий суднинг, фуқаролик ёки жиноят ишлари бўйича суднинг суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг ҳужжати бекор қилиниши (ҳақиқий эмас деб топилиши), ушбу суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўлиши мумкин.
Бошқа органнинг ҳужжати бекор қилиниши деганда маъмурий органнинг ҳужжати уни қабул қилган органнинг ўзи, юқори турувчи орган, мансабдор шахс ёки бошқа иш бўйича чиқарилган суднинг қарори билан бекор қилиниши ёхуд ҳақиқий эмас деб топилишини тушуниш лозим.
Матмусаев Сардорбек –
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.