Гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Маъмурий суд ишларини юритишда гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 50-моддасига асосан, ишга доир бирор-бир ҳолатдан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.
Қуйидагилар гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас:
– фуқаролик, иқтисодий, маъмурий иш бўйича вакиллар ёки жиноят иши бўйича ҳимоячилар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича адвокатлар — вакил, ҳимоячи ёки адвокат вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида;
– жисмоний нуқсонлари ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар ҳақида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахслар.
Кодекснинг 51-моддасига асосан, гувоҳ адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш, маъмурий суд иши юритилаётган тилни билмаса ёки етарли даражада билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш, кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб бериш, кўрсатувлар беришда ёзма қайдлар ва ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Гувоҳ суднинг чақирувига биноан келиши, иш юзасидан ўзи хабардор бўлган маълумотлар ва ҳолатлар ҳақида тўғри кўрсатувлар бериши, судья ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг саволларига жавоб бериши, суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.
Гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгар бўлади, суд томонидан бу ҳақда огоҳлантирилиб, тилхат олинади.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
Қонунга мувофиқ касбий бурчини бажариш жараёнида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотлар ва ҳолатлар юзасидан кўрсатув беришни рад қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан кўрсатув бериш мажбурияти татбиқ этилмайди.
Пардаев Бобуржон Мирзоевич –
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.